Дунё янгиликлари

Ўзбекистон кўмагида Туркистонда масжид барпо этилиши бошланди

Туркистон шаҳрида яқин кунларда яна бир диққатга сазовор бўлган, эски шаҳар қисмининг безаги бўлиши кутилаётган бино қад ростлаши айтилмоқда. Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Асқар Маминнинг Туркистон вилоятига амалга оширган ташрифи доирасида вилоят раҳбари Умирзоқ Шукеев ҳамда Ўзбекистон Республикаси вакиллари иштирокида янги масжиднинг қурилиш ишларини бошлашга бағишланган бинонинг рамзий биринчи ғиштини қўйиш маросими ташкил этилди.

zakon.kz порталининг маълум қилишича, ушбу лойиҳа Қозоғистон Республикасининг мустақиллик куни муносабати билан ташкил этилган. Қурилишда замонавий технологиялардан фойдаланилаётгани таъкидланган.

Масжид фундаментини қуйишда махсус технология жорий қилинган. 5 минг кишилик масжиднинг ташқи ва ички безак ишлари шарқона услубда бўлиши, масжиднинг умумий майдони 20 минг квадрат метрга тенг бўлиши айтилган.

Ушбу эзгу лойиҳа икки оға-ини мамлакат – Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бу жой мусулмонлар учун қулай масканлардан бирига айланишига ишонамиз дейилади хабарда.

Мажмуа ҳудудида ибодат учун масжид, анжуманлар саройи, 400 ўринли мадраса, кутубхона ва ошхона қурилади. Қурилиш ишлари 2020 йилда якунланиши қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2390 марта ўқилди

Янгиликлар

Top