Қозоғистон бош муфтийси ва қозоқ халқига ҳамдардлик

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман!

2019 йил 27 декабрь куни Олмаота – Нур-Султон йўналишида парвоз қилаётган йўловчи самолёт ҳалокатга учраши оқибатида кўплаб қардошларимиз вафот этганини чуқур қайғу билан қабул қилдим. Ҳазрати олийларининг ҳамда дўст ва қардош қозоқ халқининг ушбу мусибатига Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ва шахсан ўзим чин қалбдан шерикмиз.
Жаноби Ҳақ ҳеч бир ўлка ва халқнинг бошига бундай оғир фалокатни солмасин ва чуқур қайғу-аламли ҳодисаларни кўрсатмасин. Қодир Эгамдан юртларимизни самовий ва арозий бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида асрашини сўраб қоламан.
Ушбу муносабат билан Ўзбекистон мўмин-мусулмонлари номидан Сиз ҳазрати олийлари орқали дўст ва қардош қозоқ халқига чуқур қайғуларим билан биргаликда таъзияларимни билдириб қоламан.
Мазкур бахтсиз воқеа оқибатида вафот этиб, раҳмати Раҳмонга эришганларга, Жаноби Ҳақдан раҳматлар, мусибатли хонадон аҳлларига ва барча яқинларига сабру жамийл тилаб қоламан, жароҳатланганларга шифои комил сўрайман.

Энг самимий қалб саломлари ва камоли эҳтиром ила,

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий

2191 марта ўқилди

Янгиликлар

Top