Дунё янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Қозоғистоннинг янги  бош муфтийсини қутладилар

7 февраль куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг навбатдан ташқари ІХ қурултойида Қозоғистоннинг Бош муфтийси сайланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг янги бош муфтийси Наврўзбай ҳожи Таған ўғлини шарафли вазифа билан қутлаб, қуйидаги табрикни йўлладилар:
Ҳурматли, Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси раиси, Бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ҳазратлари!
Сизни Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий этиб тайинланганингиз билан чин қалбдан, самимий муборакбод этаман. Ушбу шарафли вазифани адо этишингизда, Аллоҳ таолодан Сизга куч-қувват ва улкан зафарлар тилайман.
Маълумки, халқларимиз азалдан бир заминда яшаб, бир дарёдан сув ичган. Оғир дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ўзбек ва қозоқ бир-бирига елкадош бўлиб, аҳл-иноқ яшаб келган илдизи бир халқдир”. Бунинг ёрқин мисоли, Сиз ҳурматли Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ҳазратларининг бизнинг заминда ўқиб, таҳсил олганингиздир.
Яратганга шукрки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиб, жадал ривожланиб бормоқда. Икки давлат президентларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани бизни янада қувонтирмоқда.
Биз дин пешволари халқларимиз орасидаги яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга ҳамда Ислом дини маърифатини кенг ёйишга бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим, - дейилади табрик матнида.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2288 марта ўқилди

Янгиликлар

Top