Дунё янгиликлари

Ҳаж вазирлиги баёноти

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж вазирлиги 2020 йил 22 июнь душанба куни “Ҳаж – 2020” мавсуми юзасидан ўз баёнотини эълон қилди. Ушбу Баёнотда:

  • Ҳаж ибодатини соғлиқ жиҳатидан хавфсиз ва эҳтиёткорлик талабларига мувофиқ, ижтимоий масофага риоя қилиб, инсонлар саломатлигини сақлаш ва коронавирус пандемияси хатаридан ҳимоялаган ҳолда ўтказишга қарор қилдик.

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж вазирлиги кеча 22 июнь душанба куни 1441 йил ҳаж ибодатини Саудия Арабистони ичкарисида мавжуд бўлган турли миллат вакилларидан иборат жуда чекланган сонли гуруҳ учун ўтказилишини маълум қилди.

Шунингдек, вазирлик ўз баёнотида ҳаж ибодатини соғлиқ жиҳатидан хавфсиз ва эҳтиёткорлик талабларига мувофиқ, ижтимоий масофага риоя қилиб, инсонлар саломатлигини сақлаш ва коронавирус пандемияси хатаридан ҳимоялаган ҳолда, шариатнинг инсон жонини сақлаш мақсадини амалга оширган ҳолда ўтказишга қарор қилинганини маълум қилади.

Дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатида коронавирус пандемияси юз бераётгани, ярим миллиондан ортиқ инсон вафот этгани, 7 миллиондан зиёд одам ушбу касалликка чалингани, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бу касалликка чалиниш хавфи давом этаётгани, бу хасталикка қарши вакцинанинг йўқлиги, касалга чалинганларни даволаш учун дори воситалари етарли бўлмаганини эътиборга олиб, соғлиқ хавфсизлигини сақлаш мақсадида шундай қарорга келинган.

Саудия Арабистони Ҳарами шариф ва Масжиди Набавий зиёратчиларини ҳаж ва умра ибодатларини эмин-эркин ва хавфсиз адо этишларига имкон туғдиришга бўлган доимий истагидан келиб чиққан ҳолда, коронавирус пандемияси бошланиб, дунёнинг бир қанча давлатларида тарқала бошлаганидан бери Аллоҳнинг меҳмонлари ва муқаддас диёрда яшаб турган умра зиёратчилари соғлиғини ҳимоя қилишга бўлган катта эътиборини намойиш қилиб келмоқда, деб қайд этилган.

«Ҳаж – 2020» мавсумига оид мазкур якуний қарор юзасидан Саудия Арабистони Уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутун жаҳон ислом уюшмаси, Форс кўрфази давлатлари (БАА, Бахрайн, Қувайт ва Уммон Султонлиги), Саудияга қўшни давлатлар (Миср, Судан, Яман, Ироқ ва Иордания) муносабат билдириб, унда зиёратчиларнинг саломатлигини эътиборга олинган ҳолда ҳаж бўйича энг тўғри хулоса қилинганини қўллаб-қувватланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2440 марта ўқилди

Янгиликлар

Top