Дунё янгиликлари

Мавлид уламоларни бирлаштирди

Хушхабар

Айни кунларда коинот султони, оламлар сарвари, кўзимиз нури, қалбимиз сурури, бошимиз тожи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак таваллуд саналари – Рабиул аввал ойи бутун дунё бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Ўзини мусулмон билган киши борки, Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси, 56-оят) оятига мувофиқ, мавлуд ойининг ҳар сониясини ғанимат билиб, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот, салом ва дурудлар айтмоқда.

Бу ой бутун Ислом умматини бир сўз – “Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала аалиҳи ва асҳабиҳи ажмаъин” – атрофида жипслаштирди. Чунки қалбида имони бор киши Набий алайҳиссаломнинг: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўн марта салавот айтади» (Имом Муслим ривояти), деган сўзларини чуқур идрок этиб, унга оғишмай амал қилади ва бунинг натижасида улкан савобларни қўлга киритади.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ уламоларнинг “Сийрат оқшоми”даги маърузалари қалбларимизни сел қилган бўлса, бугун, муборак жума куни Ҳиндистоннинг Керала штатидаги “Сунний маданият маркази” ташаббуси билан ташкил этилган халқаро мавлуд анжумани онлайн тарзда эфирга узатилгани барчамизни хушнуд этди.

Энг қувонарлиси, бугунги халқаро мавлуд анжуманида бутун дунёдан қатнашган машҳур шайхлар, уламолар қаторида юртимизнинг таниқли уламоси, Саййид Раҳматуллоҳ Термизий домла таъсирчан маърузаси билан барча мусулмонларни лол қолдирди.

Шу билан бирга, устоз Раҳматуллоҳ домла Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийдек забардаст уламоларнинг муносиб вориси эканини амалда исботлади.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби, “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Саййид Раҳматуллоҳ домланинг “Одамлар орасида унсу улфат ҳосил қилиш йўли ва бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълимотлари” мавзусидаги араб тилида қилган маърузасини дунёнинг турли бурчакларидаги мусулмонлар катта иштиёқ билан тинглашди.

Бутун дунё бўйлаб кенг нишонланаётган муборак мавлуд ойи барчамизга муборак бўлсин. Аллоҳ таоло бу ой шарофатидан, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматларидан юртимизни тинч қилсин, жаҳондан, хусусан, юртимиздан коронавирус балосини даф этсин, омин!

 

Толибжон НИЗОМ

 

2286 марта ўқилди

Янгиликлар

Top