Дунё янгиликлари

Киевда Қуръони Карим билимдонларининг мусобақаси бўлиб ўтди

Киевда 14 ва 15 ноябрь кунлари икки кун давом этган XXI Қуръони Карим билимдонларининг умумукраина мусобақасида 103 киши иштирок этди. Islam.ru хабарига кўра, танлов эпидемияга қарши чора-тадбирларга қатъий риоя қилинган ҳолда бўлиб ўтди: ташриф буюрувчилар ўртасидаги масофа назорат қилиб турилди, бир вақтнинг ўзида хонада бўладиган одамлар сонини камайтириш учун, мухлислардан бу йил уйда қолиш илтимос қилинди — фақат қатнашувчиларнинг устозлари ва ёш иштирокчиларнинг ота-оналари ҳозир бўлишди.
Танлов иштирокчилари бир неча гуруҳга бўлинди. Биринчи куни ҳакамлар ҳайъати бутун Қуръонни ўрганган ва уни қироат, тажвид қоидаларига мувофиқ ёддан ўқий оладиган ва оятларнинг маъносини тушунтира оладиган иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаб борди. Шунингдек "15 жуз" (Қуръоннинг ярми) ва "10 жуз" тоифаларидаги иштирокчилар ҳам қатнашишди.
Танловнинг иккинчи куни турли даражадаги мураккабликда чиқиш қилган хотин-қизларга ажратилди; шундан сўнг эркаклар ва ўғил болалар "5 жуз" ва "2 жуз" номинациялари бўйича ўз чиқишларини тугатдилар ва кечқурун ҳакамлар ҳайъати ғолибларнинг номларини эълон қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2123 марта ўқилди

Янгиликлар

Top