Дунё янгиликлари

Муфтий ҳазрат халқаро конференцияда нутқ сўзладилар

Бугун, 24 июнь куни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч тумани Сариоғоч мадрасасида марҳум Абдусаттор ва Абдуғаффор Самановлар хотирасига бағишланган “Дин руҳониятининг атоқли устозлари” номли халқаро илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз чиқишларида, марҳум ва мағфур Абдусаттор ва Абдуғаффор Шокир ўғилларининг баракали умри ва уларнинг мустақил Қозоғистонда Ислом динининг қанот ёйишига қўшган салмоқли улуши, бугунги мусулмон умматининг масъулияти ва ўзаро тушунишини шакллантиришда жуда катта ҳисса қўшганлари, раҳматли Абдусаттор Шокир ўғли Тошкент ислом институтини имтиёзли диплом билан тамомлагани, кўп йиллар давомида Қозоғистондаги илм даргоҳларида меҳнат қилгани, айниқса, Қуръони каримнинг қозоқ тилига тўлиқ таржимасини ёзиб чиққанини алоҳида қайт этдилар.
Марҳум Абдуғаффор Саманов ҳам Ўзбекистондаги мадрасаларда диний таълим олгани, кўп йиллар давомида масжид ва мадрасаларда хизмат қилиб, диний арбоб даражасига етишганини баён этиб, ушбу икки диний уламо минтақада Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашдаги беқиёс хизматларини Ҳақ таборака ва таоло улуғ ажру савоблар билан мукофотлашини сўраб, муфтий ҳазртлари дуолар қилдилар.

 

Эслатиб ўтамиз, ушбу анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, раис ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов, бўлим мудири Муҳаммад Акмалхон домла Шокиров, Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов ва Иш бошқарувчи Рустам Жамилов иштирок этмоқда.
Конференция тафсилотларини сайтимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1340 марта ўқилди

Янгиликлар

Top