Дунё янгиликлари

Масжидул Ҳаромда 40 йил хизмат қилган мусулмон қиссаси

Покистонлик Aҳмад Хон Кандал умрининг 40 йилини Макка шаҳридаги муборак “Масжидул Ҳаром” масжидида санитария ишчиси сифатида ўтказмоқда. У 1983 йили 23 ёшида буни тасаввур ҳам қилмаган эди. Аҳмад Хон Кандал дастлаб ота-онасига уйга тезроқ қайтишини айтди, аммо Маккадаги хизмат уни шу қадар илҳомлантирдики, у юртига кета олмади.

Шу кунгача 61 ёшли Аҳмад Хон Кандал Буюк Масжидда санитария ишларини олиб боради. “Мен қарийб 40 йил олдин Саудия Aрабистонига келганимдан бери ўзимни оиламдагидек ҳис қилардим ва ҳеч қачон ўзимни бу жойда бегона ҳис қилмаганман", – деди покистонлик мусулмон.

– Мен Буюк Масжидда хизмат қилиш билан бирга, у ерда намоз ўқийман. Ҳар доим Муқаддас Каъбанинг ёнида бўлганман ва бу фақат Аллоҳ билан алоҳида муносабатда бўлган кишининг шарафидир. Мен қирқ йил давомида бу ишни уддалай олганимдан ниҳоятда бахтиёрман”, – дейди Кандал.

Аҳмад Хон Кандал Саудия Aрабистонига марҳум қирол Фаҳд бин Aбдулазиз ҳазрати олийлари даврида келганини таъкидлади. У хизмат қилгани даврида Каъбаи муаззаманинг қайта тикланишига гувоҳ бўлган ва бу унинг ҳаётидаги энг муҳим ва гўзал паллаларидан бири эканини айтган.

Кандалнинг икки ўғли ва бир қизи бор. Ўғилларидан бири “Масжидул Ҳаром”да чилангар бўлиб ишлайди, иккинчиси Покистонда синглиси билан ишлайди.

Аҳмад Хон Кандалнинг таъкидлашича, орзуси умрининг энг яхши йилларини ўтказган Маккада дафн қилинишидир.

“Бахт, севги, уйғунлик, бағрикенглик, раҳм-шафқат ва тинчликни Буюк масжиднинг ҳамма бурчакларидан топиш мумкин”, – дейди у.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

1106 марта ўқилди

Янгиликлар

Top