Дунё янгиликлари

Бурҳониддин Чарлақ: Маърифатли исломни имкон қадар фаол тарғиб қилиш керак

Голландиянинг We Love Uzbekistan сайёҳлик компаниясининг Facebook саҳифасида Европанинг машҳур маданият арбоби Бурҳониддин Чарлақ Ўзбекистонга сафари якунлари бўйича фикр-мулоҳазасини қолдирди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.

Б.Чарлақ 17-24 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган Нидерландия фан, маданият ва санъат вакилларидан иборат гуруҳга раҳбарлик қилди. Сафар давомида тур гуруҳ аъзолари Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивага ташриф буюришди. Меҳмонларнинг мамлакат пойтахтида бўлиш чоғида Б.Чарлақнинг голланд тилида ёзган "Ўзбекистон – Ипак йўлининг дурдонаси" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бадиий академияси кўргазмалар залида таниқли рассом, гуруҳ аъзоси Юсуф Аккаянинг "эбру" (сув устида расм чизиш) санъати ёрдамида яратган асарларини тақдим этган расмлари кўргазмаси ташкил этилди.

Айтиш керакки, голландиялик сайёҳлар Ўзбекистондан ёрқин таассуротлар билан қайтишди.

"Мен бир неча йил олдин Голландия давлат телевидениеси учун ҳужжатли филм суратга олишда иштирок этганимда Ўзбекистонда бўлганман", деб ёзади Б. Чарлақ. – "Бироқ, мамлакат қисқа вақт ичида, айниқса, хавфсизлик, тозалик ва инфратузилма нуқтаи назаридан тубдан ўзгариши мумкинлигини кутмаган эдим".

Ўзбекистонлик шерикларига, шунингдек, Республика туризм ва спорт вазирлиги вакилларига миннатдорлик билдирган Б.Чарлақ Юсуф Аккаянинг Ўзбекистонда "эбру" расмлари кўргазмасини ўтказганидан ниҳоятда хурсанд эканлигини мамнуният билан қайд этади, чунки бу ажойиб санъат шу ерда пайдо бўлган.

"Биз санъат, маданият, туризм, савдо ва оммавий ахборот воситалари соҳаларидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш учун анча фаол ҳаракат қиламиз", - деб ёзади голландиялик маданият арбоби. - Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрган гуруҳимиз аъзолари сафардан жуда мамнун бўлиб, албатта, қайта-қайта келишларини айтишди".

Б. Чарлақ, шунингдек, Бенилюкс мамлакатларида Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини тарғиб қилиш бўйича бир қатор лойиҳаларни бошлаш ниятида.

"Ўзбекистоннинг муҳташам гўзалликларини Голландия ва бельгияликларга, хусусан, фотокўргазмалар ташкил этиш орқали тақдим этмоқчимиз. Бундан ташқари, гуруҳимизнинг бир қатор аъзолари икки томонлама ҳамкорликнинг турли жиҳатлари бўйича китоблар яратишга киришган. Хусусан, динлараро бағрикенглик ва маърифатли ислом тушунчаси ва мамлакатнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасини имкон қадар фаол тарғиб қилиш лозим, деб ҳисоблаймиз", - деб таъкидлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

986 марта ўқилди

Янгиликлар

Top