Дунё янгиликлари

Афғонистонда ўзбек тили расмий мақом олганининг 18 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди

Мозори-Шариф шаҳрида жойлашган “Туркистон” хусусий университетида Афғонистонда ўзбек тили расмий тил мақомини олганининг 18 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА. Унда Балх давлат универститети ва “Туркистон” университетининг ўқитувчи ва талабалари, маҳаллий ўзбек диаспораси зиёлилари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққан “Туркистон” университети ректори Абдул Ҳодий Қодирий 2004 йилда бўлиб ўтган Лойи-Жирғада мамлакатда пушту ва дарий тиллари қаторида ўзбек тилига ҳам расмий мақом берилганини таъкидлади. Мамлакат муваққат ҳукумати бугунги кунда янги Конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида ўзбек тилининг Афғонистонда тутган мавқеини эътиборга олишга ишонч билдираётгани қайд этилди.

“Туркистон” универститетининг илмий ишлар бўйича проректори Абдул Қаюм Туробий Ўзбекистон томонидан Афғонистонга кўрсатилаётган иқтисодий ва гуманитар кўмак, Ўзбекистон буюк муҳаддис алломалар Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг юрти экани, ўзбек халқининг жаҳон илм-фани ва тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси тўғрисида сўз юритди. У ўз маърузасида бугунги Афғонистон ёшлари қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ёшлари билан маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириши муҳим аҳамият касб этишини урғулади. Шу билан бирга проректор Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган афғон ёшлари ўз ватанига қайтишгач, халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият олиб боришига ишонч билдирди.

Балх давлат университети тиббиёт факультети катта ўқитувчиси ва Афғонистон туркий халқлар зиёлилари уюшмаси аъзоси Абдулсаттор Самадий Афғонистонда яшаётган барча миллат ва элатлар вакилларини ўзаро бирдамликка чақирар экан, ўзбек халқининг жаҳон тамаддуни ва ислом маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳамда унинг миллий анъаналари ҳақида атрофлича фикр юритди.

Анжуман чоғида Афғонистон олий ўқув юртларининг вакиллари ўзбек тили ва адабиёти асосчиси Алишер Навоийнинг бой ижодий ва маънавий мероси, буюк мутафаккир қаламига мансуб асарлар, шунингдек, Афғонистонда ўзбек тили ва адабиётининг ривожига катта ҳисса қўшган олим ва мутахассислар ижоди ҳақидаги фикрларини баён қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1124 марта ўқилди

Янгиликлар

Top