Дунё янгиликлари

Бугундан эътиборан Париждаги нуфузли музейларда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган кўргазма иш бошлайди

Франциянинг «Musulmans en France» («Франциядаги мусулмонлар») онлайн-газетасида «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» ва «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Ўзбекистон сайёҳларни тобора ўзига жалб этаётган давлатлардан бири, деб ёзади онлайн-нашр. Тошкент, Бухоро, Самарқанд каби шаҳарлар сизда қизиқиш катта уйғотиш баробарида ҳайратингизни оширади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммитида европалик ҳамкорларни Марказий Осиё минтақаси халқларининг ноёб тарихий мероси, бой маданияти ва анъаналари билан кенг таништириш мақсадида ноябрь ойида Парижда йирик кўргазма ўтказилишини таъкидлади».
Мақолада хабар қилинганидек, 23 ноябрда Париждаги нуфузли иккита музейда Ўзбекистон ҳақидаги кўргазмаларнинг очилиш маросими бўлиб ўтади. «Бу нафақат Луврда Ўзбекистон воҳаларининг бойлиги ва улуғворлигини кашф қилиш, балки бу дунё тарихини шакллантирган ипак ва олтин мўъжизалари билан танишиш мақсадида Самарқандга “ўзига хос сафар” сафар қилиш учун ҳам имкониятдир, деб ёзади «Musulmans en France». Жорий йилнинг 23 ноябрдан 2023 йилнинг 6 мартигача дунёнинг энг гўзал музейларидан бири – Луврда цивилизациялар чорраҳаси хазиналари, машҳур Ипак йўли ўтган воҳалар тақдим этилади. Бу ерда Самарқанд ва Бухоронинг қадимий мероси билан бевосита танишишингиз мумкин».
Мақолада таъкидланганидек, тақдим этилган барча асарлар хорижда илк бор намойиш этилаётгани билан аҳамиятлидир. Кўргазмада17 асрлик тарих, Яқин Шарқ, эллинистик дунёни ва Осиё чорраҳасини ифодаловчи 130 та асар намойиш этилади.
«Бугунги Ўзбекистоннинг ўзи каби кўргазма ҳам Ғарб ва Шарқ ўртасида мавжуд бўлган маданиятлар чорраҳаси меросини тақдим этади, деб ёзади «Musulmans en France». Араб дунёси институтида ҳам ўзбек халқининг ўзига хос анъаналарини ўзида мужассам этган ноёб асарлар тўплами намойиш этилади».
Таъкидланганидек, Ўзбекистон санъат ва маданият жамғармаси кўмагида ўтказилаётган ушбу кўргазмада ўзбек ҳунармандларининг асарлари намойиш этилади. Кўргазмада XIX – XX аср ўрталарига оид миллий тўқимачилик маҳсулотлари, либослар, безаклар, Бухоро амирлиги даврининг зардўзли чопонлари билан танишиш мумкин. «Бундан ташқари, намойишда Ўзбекистон давлат музейлари коллекциясидан тўпланган Туркистон авангардига оид рангтасвир асарлар ҳам ўрин олган. Чунки Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин тутган ушбу давр кўплаб Шарқ рассомларини илҳомлантирган», деб ёзади онлайн-газета.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1614 марта ўқилди

Янгиликлар

Top