Дунё янгиликлари

“Чорминор” жоме масжиди

Масжиднинг номи урду тилида “Тўрт минора” маъносини англатади. Ушбу жоме масжиди Ҳиндистоннинг Хайдаробод шаҳри, Андхра Прадеш штатининг пойтахтида жойлашган. У шаҳарнинг бош ҳамда энг қадимий масжидларидан бири ҳисобланади.

“Чорминор” жомеи 1591 йил Қутб Шоҳи сулоласининг бешинчи ҳукмдори Султон Муҳаммад Қутб Шоҳнинг буйруғи билан мамлакат пойтахти Голкондан Ҳайдарободга кўчирилганда барпо этилган. Ривоятларга кўра, Шоҳ мамлакатда тарқалган вабони кетказишини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилади ва шу жойда масжид қуришга ваъда беради.

Масжид биноси тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар бир томоннинг узунлиги 20 метрдан иборат ва тўрт томон 48,7 метр баландликдаги минора билан ўралган. Ушбу ҳашаматли ҳар бир миноранинг 149 та зинапояси орқали масжиднинг энг юқори қисмига кўтарилиш мумкин. Сайёҳларга махсус рухсат билан чиқишга йўл қўйилади. Масжид миноралари Тож Маҳалдан фарқли ўлароқ асосий бино таркибига қўшиб қурилган.

Жоме меҳроби ҳамда ичкари қисми турли безаклардан ҳоли, жуда содда кўринишда. Масжид ташқарисидаги девор содда нақшлар билан безатилган ҳамда ҳар бир нақш ичига “Аллоҳ”, “Муҳаммад” лафзлари битилган.

Масжиднинг тўрт томони кенглиги 11, узунлиги 20 метр бўлган аркадан иборат. Қадимда ушбу аркалар подшоҳлар ўтадиган тўрт бош йўл вазифасини ўтаган. 1889 йил олди томонидаги аркага йирик соат ўрнатилган. Масжид икки қават бўлиб, биринчи қавати узоқ йиллар давомида ўқув даргоҳи сифатида фойдаланилган. Иккинчи қавати намоз ўқиш учун мўлжалланган.

Масжид яқинида “Лаад” ва “Чоди” номли машҳур бозорлар жойлашган. Ушбу бозорнинг ўзига хос жиҳати фақатгина Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган нарсаларгина сотилишидир.

    

 

6716 марта ўқилди

Янгиликлар

Top