Дунё янгиликлари

Диний идора вакиллари Малайзияда тажриба алмашмоқда

Сўнгги йилларда Малайзия ва Ўзбекистон муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, ўзаро алоқалар кўлами кенгайиб бормоқда. Яқинда Самарқанда вилояти делегациясининг ушбу мамлакатга бўлган ташрифи ҳам ана шу ҳамкорликни янада яхшилашга хизмат қилди.

Шу кунларда Самарқанд вилояти делегацияси Малайзия давлатида хизмат сафарида бўлиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, "Самарқанд" брендини кенг тарғиб қилиш, зиёрат туризми масалаларини муҳокама этиш мақсадида Малайзиянинг бир қатор штат маъмурияти раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказмоқда. Шунингдек, диний соҳа ва олий таълим муассасалари масъуллари билан тажриба алмашиб, ўзаро алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилмоқда.

Хусусан, ташриф давомида Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Ҳадис илми олий мактаби ректори Олимхон домла Юсуповлар Малайзиянинг Перлис штатига ташриф буюриб, ушбу вилоят диний идораси ходимлари ва имом-хатиблари билан учрашдилар.

Ўзаро мулоқотда таълим муассасалари фаолияти ва диний соҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Жумладан, Малайзия томони Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлаётган янгиланишларни ижобий баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш манфаатли бўлишини қайд этишди. Шунингдек, зиёрат туризми масалалари ҳам алоҳида муҳокама этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
1029 марта ўқилди

Янгиликлар

Top