Дунё янгиликлари

Диний идора вакили Россиянинг Новосибирск, Томск вилоятлари ҳамда Олтой ўлкаси бўйлаб амалий сафарда бўлди

Жорий йилнинг 28 июнь – 8 июль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, Фатво маркази масъул ходими Ҳабибулло Жўрабоевнинг Россиянинг Новосибирск, Томск вилоятлари ҳамда Олтой ўлкасига сафари ташкил этилди, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консуллиги маълумотига кўра, сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилининг мамлакатимиз фуқаролари кўпчиликни ташкил этадиган корхона ва ташкилотларда ишлаётган меҳнат мигрантлари, олий таълим муассаларида таҳсил олаётган ўзбек талабалари, диаспора ташкилоти раҳбарлари ҳамда фаол ватандошлар билан учрашуви, давра суҳбати ва очиқ мулоқотлари  бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, дунёвий ва диний қадриятларнинг ўзаро боғлиқлиги, оила муқаддаслиги, оила тарбиясида миллий ва умуминсоний аҳлоқий маданиятнинг ўрни, шунингдек, хорижда юрган ёшларни турли бузғунчи ёт ғоялар, экстремизм, терроризм каби салбий оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш билан боғлиқ масалалар учрашувларнинг асосий мавзуси бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Новосибирск вилояти муфтийси Салим Шакирзиянов билан ҳам учрашди. Суҳбат чоғида диний масалаларда ҳудудлараро ҳамкорлик қилиш, диний уламолар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

741 марта ўқилди

Янгиликлар

Top