Дунё янгиликлари

Саудия Арабистонининг етакчи онлайн нашрида Имом Бухорий ҳаёт йўли ва илмий фаолиятига бағишланган мақола эълон қилинди

Саудия Арабистонининг етакчи «Swift News» онлайн нашрида «Саудиялик мухбирлар Самарқанддаги янги Имом Бухорий масжидини зиёрат қилди» сарлавҳали мақола  жойлаштирилди, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Нашрнинг ижодий  жамоаси Ўзбекистонга  сафари давомида Самарқандда  бўлиб, тарихий қадамжолар, хусусан янги бунёд этилаётган Имом ал-Бухорий мажмуаси ва масжиди  ҳақида  ўқувчилар учун туркум материлларни  эълон қилмоқда, - дейилади  нашрда. –Имом Бухорий дафн этилган мақбара ёнидаги масжид қурилишини якунлаш учун ўзбек қурувчилари кечаю кундуз меҳнат қилаяптилар.  Таъкидлаш керакки, Имом Бухорий ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган олимлардан  бири ҳисобланади. Ушбу  буюк  зот номига қурилаётган масжид эллик минг кишини сиғдира олади ва мажмуа келгуси йилда фойдаланишга топширилади».

Мақолада Имом Бухорийнинг  ҳаёти ва  фаолияти  ҳақида  батафсил маълумотлар ўқувчилар эътиборига  ҳавола  қилинган. Бухорий ҳазратлари ҳижрий 194 йил шаввол ойининг 13-кунида Бухоро шаҳрида туғилган. «Ал-Бухорий ёшлигидан Қуръони каримни ёд олади ва кўплаб ҳадисларни ўрганади. Ўн олти ёшида онаси ва укаси билан ҳажга боради. Улар билан қайтишдан бош тортиб, ҳадис илмини ўрганиш учун Маккада қолади. Кейинчалик Маккадан Мадинага кўчиб ўтади», қайд этади онлайн нашр.

 Нашрда олим узоқ йиллик сафардан кейин она  ватанига  қайтишга  жазм этгани ва Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғидан  қўним топгани таъкидланган. Ҳижрий 256 йил Шаввол ойининг биринчи кунида  ҳадис илмининг  буюк намоёндаси оламдан ўтди. Ал- Бухорий ушбу  қишлоқда дафн этилган, - дейилади  манбада.

Мақола хулосасида, «Имом Бухорий бир қанча машҳур асарлар ёзган ва ушбу китоблар ҳозирги кунга  қадар қайта-қайта  нашр қилиб келинмоқда. Унинг энг машҳур асари «Саҳиҳи ал-Бухорий» ҳадис илмини  ўрганиш  бўйича  муҳим манба  ҳисобланади. Унда олти юз мингга яқин саҳиҳ ҳадислар келтирилган», - деб ёзади  «Swift News».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

922 марта ўқилди

Янгиликлар

Top