Дунё янгиликлари

Ибн Синонинг кўп тармоқли ижоди, бой мероси ва  жаҳон маданияти тараққиётидаги фаолияти ўрганилмоқда
Сўнгги икки йил ичида икки ҳамкор мамлакат — Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси муносабатлари ривожланиб бормоқда. Бу борада икки давлат ўртасидаги илм-фан, маданият, гуманитар соҳадаги алоқаларни таъкидлаш ўринли. Ўзбекистондаги Ибн Сино жамоат фонди томонидан Эрон Ислом Республикасига ташкил этилаётган ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси ушбу йўналишдаги тадбирларнинг дебочасидир.

Таъкидлаш керак, жорий йилнинг 18 июнь санасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Теҳрон шаҳрига келган эди. Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари юзасидан ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди. 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ибн Сино жамоат фонди ва маҳаллий олимлардан иборат илмий делегация аъзолари Абу Али ибн Сино меросининг намуналарини ўрганиш учун Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрига етиб келди. 

Делегация раҳбари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров илмий экспедициянинг мақсадлари тўғрисида ўз фикрларини билдирди.

— Маълумки, Эрон Ислом Республикасига ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси биринчи бора ташкил этилмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад нима? 

— Ҳаммамизга маълумки, кейинги йилларда илмий маърифий меросимизга жуда катта эътибор берилмоқда. Ибн Сино шахси ҳамда шахсияти ўзгача. Уни маърифат осмонидаги энг ёрқин юлдуз десак, муболаға бўлмайди. Биринчидан, аждодларимиз орасида тиббиёт илми билан шуғулланганлар саноқли. Дарҳақиқат, бу йўналишда дунёни забт этгани деярли йўқ. Шу сабабли, Ибн Синога муносабат алоҳида. Албатта, барча замонларда тиббиёт бўлган. Барчамизга маълум, Ибн Сино ҳазратлари Бухородан кейин Туркияда, сўнг Эронда умргузаронлик қилган ва у инсондан қолган илмий мерос ҳам қўлёзмалар шаклида асосан Туркия ва Эрон кутубхоналарида сақланмоқда. Бу эса табиий ҳолат. Шунингдек, уларнинг жуда катта қисми Европа ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларига тарқалиб кетган. Лекин энг катта мерос бугунги кунда Эронда сақланмоқда. Шунингдек, Ибн Синонинг мангу қўним топган манзили ҳам Эрон Ислом Республикасининг Ҳамадон шаҳрида жойлашган. 

Буюк алломалар мероси — умумбашарий мерос. Шу боис яқин ҳамкор ва дўстимиз Эрон Ислом Республикасидаги кутубхоналар, Ибн Сино халқаро жамғармаси фаолияти билан танишиш, Ибн Сино юрган йўллар, асарлари тарқалган манзиллардан юриш ва кўриш, асарларидан нусхалар олиш, йиллар мобайнида Эронда олиб борилган Ибн Сино илмий мероси бўйича илмий тадқиқотларни, чоп этилган китобларни ўрганиш мақсад қилинмоқда.

Экспедициялар доимо махсус мезонлар ва вазифаларни кўзда тутади. Бу сафарги экспедициянинг мақсади Ибн Сино мероси ва фаолиятига қаратилган. Эслатиб ўтиш жоизки, Халқаро Бобур фонди раҳбари Зокиржон Машрабов бошчилигида биринчи бор “Бобур изидан..." деб номланган экспедиция уюштирилганди. Бу фаолият туфайли Бобур тўғрисида жуда катта маълумотлар тўпланди. Умид қиламизки, Ибн Сино тўғрисида ҳам янги ва қизиқарли маълумотлар олиб келинади. 

— Биламизки, Ибн Сино меросини ўрганиш Эрон Ислом Республикаси илмий давраларида долзарб масалалардан ҳисобланади. Экспедиция давомида ўзбек илм аҳли учун қандай янги маълумотлар тўплаш режалаштирилган?

— Биз Ибн Синога ватандош экангилимиздан фахрланишга ҳақлимиз. Аллома тўғрисидаги ҳар қандай янги маълумот нафақат олимлар учун, балки юртдошларимиз учун ҳам фойдали бўлади. Таъкидлаганидек, Ибн Сино тиббиёт соҳасида юлдуз мисол. Айниқса, биринчи Ренессанс алломалари ким бўлишидан қатъи назар, аввало энциклопедист ёки қомусий олим бўлишган. Фақатгина бир йўналиш билан чекланиб қолишмаган. Ибн Сино ўз хотираларида "16 ёшимда инсоният яратган барча билимларни ўзлаштириб бўлдим”, деб ёзади. Таъкидлаш керакки, дин, бу – фалсафа. Ислом дини ҳам таълимот. 

Исломни фалсафани ўзлаштирмасдан яхши ўрганиб, моҳиятига етиб бўлмайди. Руҳ, жон, тан деган тушунчалар динда ҳам бор. Ана шу нуқтаи назардан Ибн Сино фалсафани ўрганган ва Ал-Форобийнинг Аристотел “Метафизика”сига ёзилган шарҳларига мурожаат қилган. Инглиз тилида ёзилган бир китобни мутолаа қилиш вақтида бир жумлага диққатимни қаратдим. Яъни Ибн Сино айтяпти: “Инсон мушоҳада қилмасдан яшай олмайди. Чунки, мушоҳада қилиш хулоса чиқаришга олиб келади. Мушоҳадасиз хулоса бўлмайди".

Бунга ўз ўрнида фалсафий мезон сифатида қараш мумкин. Лекин бундай тўхтамга келиш учун даҳо бўлиш керак. Демак, фалсафа ва инсон руҳиятининг ўрганилиши шунчалик чуқурки, унинг моҳиятини англаш комилликка олиб келади. Бундай ташқари аллома мусиқа, астрономия, тилшунослик каби кўплаб фан йўналишларида ижод қилган. Демак, олдимизда жуда кўплаб ўрганишимиз керак бўлган вазифалар турибди. 

— Эрон Ислом Республикасининг фондларида аллома меросига оид ноёб китоблар қўлёзмаси мавжуд. Уларнинг факсимил ва электрон нусхаларини юртимизга олиб келиш борасида амалий ишлар режалаштирилганми? 

— Эрон миллий кутубхонаси дунёнинг жуда бой кутубхоналардан бири. Мен у ерда бўлганман. Таъкидлаб ўтишим жоизки, эронлик ҳамкорларимиз 40 жилдлик Жаҳон қўлёзмалари каталогини марказ кутубхонасига ҳадя қилганлар. Бу Эрон умумбашарий меросга катта эътибор қаратишининг далолатидир. Шу боис ушбу экспедиция ҳам маънавий-маърифий, ҳам дунёвий илмлар сифатида жуда ҳам фойдали бўлади деб ўйлайман. Шунингдек, биз Эронга ўзимизда нашр этилган китоблар, қўлёзмаларнинг каталоглари билан келдик. Учрашувлар давомида илмий нуқтаи назардан ўз маънавий билимларимиз билан фикр алмашишга ҳаракат қиламиз. 

Ибн Сино кўп тармоқли ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида Ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўтаринкилик, маданий “уйғониш”нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди. Бу билан эса бутун Шарқ ва Европадаги маърифат, маданият силсиласига катта таъсир кўрсатди. У ўз даврида Шарқ ва Европада “Шайх ур-раис”, “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби энг буюк номларга сазовор бўлди. Бугунги кунда Абу Али Ибн Сино жаҳонда Авиценна номи билан ҳам машҳур. Сафар ҳақидаги айрим фикрлар билан Ибн Сино жамоат фонди бошқарув раиси Нозимхон Маҳмудовга юзландик. 

— Ибн Сино илмий меросини ўрганишда эронлик олимларнинг ўрни ниҳоятда аҳамиятли. Бу борада қайси ташкилот ва олимларни ушбу экспедицияга жалб этиш режалаштирилган?

— Бир неча йиллардан буён Ибн Сино жамоат фонди қатор хорижий ташкилотлар ва олимлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Хусусан, эронлик олимлар билан ҳам. Айниқса, Ибн Синонинг фалсафий қарашлари Эронда жуда катта иштиёқ билан ўрганилади. Улар Ибн Сино жамоат фонди томонидан ташкил этиладиган конференция ва тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Сафар давомида Эрон Ислом Республикасида жойлашган кутубхона, архив, шунингдек, Ҳамадон шаҳрида жойлашган Халқаро Ибн Сино фондининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва ўзаро илмий платформа яратишни мақсад қилганмиз. Бундан ташқари,  жорий йилда Бухоро шаҳрида “Ибн Сино ўқишлари” доирасида ўзбек-эрон илмий форумини ўтказишни режалаштирганмиз. Экспедиция олдимизга қўйган мақсадларнинг асосийлари ана шулардир.

— Ҳамадон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган даври суҳбати қандай мавзуларни қамраб олади?

— Таъкидлаб ўтишим зарур, Ўзбекистон делегацияси таркибидаги барча олимлар ўз йўналишлари бўйича етук изланувчилардир. Улар Теҳрон ва Ҳамадон шаҳрида ўтиши режалаштирилган давра суҳбатларига биздаги мавжуд билимлар асосида маъруза матнларини тайёрлашган. Шунингдек, эронлик олимлар ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этади. Қувонарлиси шундаки, ҳозирга қадар 30 дан зиёд маъруза матнлари мавзуларини кўриб чиқишга муваффақ бўлдик. Албатта, бу Ибн Сино шахсиятига бўлган катта қизиқиш ва иштиёқдан далолат беради. Зеро, мақсадимиз ҳам шу.

Таъкидлаш керакки, Эрон Ислом Республикасига ташкил этилаётган ўзбек-эрон I халқаро илмий-амалий экспедицияси доирасида Теҳрон, Қум, Исфаҳон ва Ҳамадон шаҳарларидаги кутубхона ҳамда фондларда тадқиқот ишларини амалга ошириш,  Янги Ўзбекистонда буюк аждодлар меросига берилаётган алоҳида эътибор, амалга оширилаётган илмий-маърифий ислоҳотлар мавзусида давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилган. 

Шунингдек, сафар давомида “Oʼzbekiston tarixi” телеканали ижодкорлари томонидан ҳужжатли фильмлар, туркум илмий-оммабоп кўрсатувлар ва видеороликлар тасвирга олиниши кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, экспедиция бир ҳафта давом этади. 

Хуршида Носирова,
“Oʼzbekiston tarixi” телеканали мухбири

711 марта ўқилди

Янгиликлар

Top