Дунё янгиликлари

Халқаро мусобақада ўзбекистонлик қори қатнашмоқда

Шу йил 8-10 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “XXI Москва Халқаро Қуръони карим тиловати” мусобақаси ўтказилади.

Мазкур мусобақада қатнашиш учун Россия пойтахтига Яқин Шарқ, Aфрика, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг 30 та давлатидан энг кучли қорилар етиб келган. Улар Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва тажвид қоидаси асосида чиройли тиловат қилиш йўналишларида ўзаро беллашади.

Танловнинг асосий қисми 8-9 ноябрь кунлари Россия Федерациясидаги Москва жоме масжидида (Выползов кўчаси, 7) бўлиб ўтади.

Энг яхши ҳофиз 10 ноябрь куни соат 18:00 да “Космос” меҳмонхонасида XXI Москва халқаро қироат танловининг ёпилиш маросимида чиқиш қилади. Унда Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий, Шайх Равил Гайнутдин ва Ислом олами давлатларидан келган фахрий меҳмонлар қатнашади.

Мазкур мусобақада Тошкент ислом институти битирувчиси Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этади.

Аллоҳ таоло Ватанимиз шаънини ҳимоя қилаётган Ҳабибуллоҳ қорига улкан зафар ва муваффақиятлар ато этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1697 марта ўқилди

Янгиликлар

Top