Дунё янгиликлари

Мадинада биринчи ўзбек ресторани очилди

Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида «Ал-Урз ва ал-Кабаб» номли биринчи ўзбек тамаддихонаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Ресторан Саудия Арабистони аҳолиси ва дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар учун ўзбек миллий таомлари, халқимиз анъаналари ва маданияти билан яқиндан танишиш нуқтасига айланади.

Эътиборлиси, бу ерда мижозларга таклиф этилаётган таомлар миллий услубда ишлаган идишларга тақдим этиляпти. Рестораннинг барча бурчаклари махсус мониторлар билан жиҳозланган бўлиб, уларда хорижлик меҳмонларга мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳарлари, урф-одатлари, сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш қилинмоқда.

Мазкур мажмуа Саудия Арабистонидаги ватандошларимиз Аброр Акмалов ва таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий томонидан ташкил этилди.

Уларнинг айтишича, ушбу ресторан ўз мижозлари сонин кенгайтирганидан кейин, Жидда ва Маккада филиал очиш режалаштирилган.

Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари тадбиркорларга ресторанни тарғибот материаллари билан таъминлашга ёрдам бермоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

712 марта ўқилди

Янгиликлар

Top