Дунё янгиликлари

Самарқанддаги имом ноиблар билан муҳим учрашув ўтказилди

Шу йил 27 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъуллари иштирокида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-ноиблар мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Диний идора бўлим мудирлари Исломиддин домла Зуҳриддинов, Салоҳиддин домла Шерхонов, Идоранинг Масжидлар билан ишлаш бўлими масъул ходими Дилмурод домла Раҳимов ҳамда вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва вакиллик масъулари иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов имомлик масъулиятли ва шарафли вазифа эканини таъкидлаш баробарида улар дин ва миллат ривожи учун хизмат қилишлари ҳамда кейинги йилларда диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида охирги йилларда диний соҳада кўплаб натижаларга эришилгани, ҳали тизимда кўплаб қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини алоҳида таъкидлаб, мазкур жараёнда баъзи имом-ноиблар фаолиятида камчиликлар кузатилаётганини мисоллар билан келтириб ўтдилар.

Учрашувда Самарқанд вилоятида фаолият юритиб келаётган имом ноибларнинг билим ва малакаларини ошириш, халқимиз ўртасида маънавий-маърифий соҳадаги ҳиссасини юқори савияга етказиш, соҳа вакиллари фаолияти давомида дуч келаётган муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш масалалари кўрилди.

Сўзга чиққан соҳа мутахассислари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз маърифатини юксалатириш, диний расм-русумларини эмин-эркин адо этишлари учун муносиб шароит яратиш, келгусида диний соҳа ходимлари олдида турган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Йиғилиш якунида яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойига пухта тайёргарлик кўриш, масжидлардаги ободончилик ишларига эътибор қаратиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

852 марта ўқилди

Янгиликлар

Top