Дунё янгиликлари

H&M “Аллоҳ” сўзига ўхшаш нақш туширилган пайпоқларни сотувдан олди

Швециянинг энг йирик компанияларидан бири ҳисобланган H&M мусулмонлардан келиб тушган кўп сонли шикоятлар асосида болалар пайпоқларини дўкон расталаридан қайтариб олмоқда. 

Эътиборли харидорлар бу пайпоқлардаги нақшлар араб тилидаги “Аллоҳ” сўзига ўхшашани айтиб, шикоят қилишган. Бу ҳақда Британиянинг “Daily Mirror” газетасига асосланиб  “kun.uz” хабар берди. 

Манбада келтирилишича, пайпоқларда Lego конструкторидан ясалган, қўлида қурилиш асбобини ушлаб турган қурувчи тасвирланган. Унинг учидан эса “шубҳали” нақш кўриниб турибди. 

H&M компанияси расмий вакили Петр Бушингернинг таъкидланишича, бу мутлақо тасодиф. “Пайпоқлардаги сурат араб тилидаги “Аллоҳ” сўзига ўхшаши мутлақо тасодиф, - дейди у. - Бироқ мижозларимизнинг шикоятлари сабаб бу товарни сотувдан олишга қарор қилдик”. 

Таъкидлаш жоизки, бу швед компаниясининг сўнгги вақтларда дуч келаётган биринчи можароси эмас. Шу ойнинг бошида “Жунглидаги энг зўр маймун” ("Coolest Monkey In The Jungle") ёзуви туширилган свитер кийган қора танли боланинг реклама сурати жуда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Африкалик келиб чиқишга эга аксарият кишилар мазкур контекстда маймуннинг тилга олинишини ирқчилик кўриниши дея баҳолашди. Охир-оқибат компания ушбу реклама плакатидан воз кечди ва жамоатчиликдан узр сўради.

ЎМИ Матбуот хизмати

4250 марта ўқилди

Янгиликлар

Top