Дунё янгиликлари

Фатво: Телефон чақирувига Қуръон қироатини қўйса бўладими?

Ҳиндистон Ислом академияси – “Дор ул-улум Девбанд” телефонларга рингтон ва чақирув мусиқаси ўрнига Қуръон оятлари қўйиш мумкин эмас деган фатво чиқарди ва бу билан Саудия Арабистони уламоларнинг айни масаладаги фикрини қўллаб-қувватлади. 

“India.com” сайтида муфтий Ориф Козимийнинг интервьюси келтирилиб, унга кўра уламо фатвони шарҳлаган

“Телефон ҳожатхонада жиринглаб қолиши мумкин. Бундай вазиятда Қуръон оятлари ёки азонни эшитиш Ислом қонунларига зиддир. Арабистонми, Ҳиндистонми ёки ер юзининг бошқа нуқтасими – Ислом ҳамма жойда бир. Шу сабабли Саудия Арабистонида чиқарилган фатво бу ерда ҳам муҳим”, деди шайх Козимий. 

“Бундан ташқари, одамлар кўпинча телефонга жавоб бериш учун оятни ёки азонни ярмидан узиб қўядилар. Бу мумкин эмас, бу худди биров Қуръон тиловат қилаётган ёки азон айтаётганда, уни тўхтатиб қолиш билан тенг. Шунингдек, муқаддас Каломнинг нопок жойларда янграшига йўл қўйиб бўлмайди”. 

Ушбу масалада дунёнинг кўплаб уламолари бир хил фикр билдирганлар. Бунга қўшимча равишда эшик қўнғироқларига ҳам Қуръон оятларидан фойдаланиш ҳам ножоиз эканлиги айтилган. 

ЎМИ Матбуот хизмати

3337 марта ўқилди

Янгиликлар

Top