Дунё янгиликлари

Нарендра Моди: Террорга қарши кураш Исломга қарши уруш эмас

1-2 март кунлари Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг таклифига асосан Иордания Қироли Абдуллоҳ II Ҳиндистонда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда “Times of India” нашри хабар берди. 

Ташриф доирасида кўплаб учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилгани хабар қилинмоқда. 1 март, пайшанба куни ўтказилган тадбирлар доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ислом дини ҳақидаги фикрларини билдириб, “Террорга қарши кураш Ислом ёки мусулмонларга қарши уруш эмас”лигини айтиб ўтди. 

Бош вазир “Ислом мероси: ўзаро тушуниш ва бошқарувни рағбатлантириш” мавзусидаги конференцияда “Бизнинг кўп фикрли демократиямиз экстремизмга қарши курашда бизга куч-қудрат беради”, деб айтди. 

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ҳиндистон ёшлари Ислом динининг инсонийлик жиҳатлари билан танишиши кераклигини, ва айни пайтда, замонавий технологиялардан ҳам фойдалана олиши кераклигини айтиб ўтган. 

“Мусулмон ёшларининг бир қўлида Қуръон, иккинчисида компютер бўлиши керак”, - дея сўзига қўшимча қилди Ҳиндистон Бош вазири. 

Анжуманда иштирок этаётган Иордания Қироли Абдуллоҳ II “Дин номидан уюштирилган ҳужум – динга қарши уюштирилган ҳужумдир. Дин номидан нафрат тарқатаётган шахсларнинг кимлиги аниқланиши ва рад этилмоғи лозим”, - дея баёнот берди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

3288 марта ўқилди

Янгиликлар

Top