Саудия Арабистонида нашр этиладиган «Аш-Шарқ ал-Авсат» газетаси сиҳифасида “Ўзбекистонга йўл... Афсонавий миноралар ва бозорлар” сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда “Жаҳон” АА.
Унда таъкидланишича, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат республиканинг бой тарихи билан танишиш учун ажойиб имконият яратади. Саёҳат чоғида Самарқанд, Бухоро ва Хоразмнинг мўъживазий гўзаллиги, интеллектуал бойлиги ва кўп маданиятлиликни ўзида жо этган қадриятларидан баҳраманд бўлиш мумкин.
Нашр сайёҳлар учун визуал, интеллектуал ва маданий таассуротлар эшигини очадиган энг муҳим бешта сабабга асосий эътибор қаратган.
Биринчиси – бир неча юз йиллар давомида нафақат савдогарлар, балки рассомлар, шоирлар, диний алломалару мутафаккирлар Шарқдан Ғарбга ва аксинча йўналишда саёҳат қилган, маданиятлар бойишининг чорраҳаси бўлиб хизмат қилган кўҳна Буюк Ипак йўли билан танишиш учун ажойиб имкониятлиги.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган тарихий шаҳарлари ва ёдгорликлари билан танишиш. Масалан, Регистон майдони Ипак йўлининг йирик савдо ва маданий маркази ҳисобланадиган афсонавий Самарқанднинг юраги ва мўъжизасидир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон табиий гўзалликда ҳам ноёб ва хилмма-хиллиги билан ажралиб туради. Бу, айниқса, экосайёҳлик ишқибозларини ўзига жалб қилади. Саудия Арабистони газетасининг тасдиқлашича, бу учинчи сабаб ҳисобланади.
Тўртинчиси, деб ёзади нашр, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, бетакрор таъми ва мазалилиги билан ажралиб турадиган миллий ошхонаси ҳамда серқуёш ўлканинг мева-чеваларга мўл-кўллиги.
Ўзбекистон миллий санъат ихлосмандлари учун ҳам ажойиб мамлакат эканлиги бешинчи сабаб ҳисобланади. Чунки ўзбеклар замини гавжум бозорлари, ажойиб хиёбонлари, қўлда тайёрланадиган ноёб ҳунармандчилик маҳсулотлари, қоғоз, тери ва ёғочдан тайёрланадиган ранг-баранг буюмлари билан ҳам машҳур.
Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизнинг сайёҳлик нуқтаи назаридан нақадар жозибадор эканлиги ушбу мақолада атрофлича очиб берилган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати