Рамазон-2018

Рамазон – тақво омили

“Сизларга муборак ой – Рамазон ташриф буюрди...” биз умматларга бу хабардан ҳам яхшироқ хушхабар бўлмаса керак. Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон борасида хабар бериб “муборак ой” дедилар. Дарҳақиқат, бу ой бутун инсониятга ҳар жиҳатдан мубораклик – барокатлар улашади. Рамазоннинг баракаси бутун оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариш, сабр-қаноат, эҳсону саховат, инсонларнинг ҳолидан хабар, яқинлар қалбига сурур улашиш каби ишларда намоён бўлади.

Лекин биз Рамазоннинг бу барокатлари ҳақида эмас, балки ундан ҳам муҳимроқ барокати – унинг тақвога бўлган таъсири ҳақида сўз юритамиз. Нега айнан тақво дейсизми? Чунки Аллоҳ таоло биз бандаларга юборган диннинг асосини тақво ҳосил қилади. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

وَلَقَدْ وَصَّيْنَا الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَإِيَّاكُمْ أَنِ اتَّقُوا اللَّهَ

 

“Сизлардан олдинги Китоб берилганларга ва сизларга ҳам, Аллоҳга тақво қилингиз, деб амр қилганмиз”. (Нисо сураси, 131-оят)

Қолаверса, тақво инсонни бошқалардан фазилатли қиладиган, уни Ўз Роббисига яна ҳам яқинлаштирадиган хислатдир.

Тақво аслида сақламоқ, сақланмоқ, қўрқмоқ деганидир. Шундан келиб чиқиб “Тақво – инсоннинг Аллоҳ таоло буюрганларини бажариб, қайтарган нарсалардан ўзини сақлаши” десак тўғри бўлади.

Тақво – кишининг ўзи ва ундан қўрқадиган нарсаси ўртасида бир қалқон қилмоғидир. Банданинг Роббига бўлган тақвоси эса – банда ўзи билан Парвардигори ўртасида Унинг ғазаби, нафрати ва азобидан сақлайдиган ҳимоя ҳосил қилмоғидир. Бу ҳимояга эса Ўша Парвардигорнинг буйруқларини бажариб, қайтарганларидан қайтиш, Унга маҳбуб бўлган амалларни кўпайтирмоқ ила эришилади. 

Энди эса Рамазоннинг тақвога боғлиқ жиҳатларини ўрганиб чиқсак:

Рўза фақатгина шаклий ибодат бўлмай, балки, рўзадан асл мақсад руҳиятни поклаш, тақвони кучайтиришдир.Аллоҳ таоло бандаларига рўзани фарз қилишининг асл мақсадларидан бири ҳам кишиларнинг тақво ҳосил қилишидир. Бунинг айни ҳақиқат эканини мўминларга  Рўзани фарз қилиб тушган қуйидаги оятда кўришимиз мумкин:   

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. (Бақара сураси, 183-оят)

Демак, Аллоҳ таоло рамазон рўзасини Ўзига яқинлаштирадиган ибодат бўлиши билан биргаликда инсонлар гуноҳларидан сақланиши, нафсларини тарбиялаб, руҳий оламини поклаши бунинг натижасида эса тақво ҳосил қиладиган сабаб ҳам қилган.

 Рўза тутиш натижасида инсон ўз шаҳватларини кесади. Чунки шаҳватлар асоси кўп таом ейиш, рўзадор эса ўз-ўзидан таомларни камайтириш билан шаҳватлар эшигини ҳам ёпади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшлар жамоасига қараб шундай хитоб қилган:

“Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин! Албатта у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким унга қодир бўлмаса ўзига рўзани лозим тутсин. Чунки рўза у учун (сақловчи) пардадир”. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)

Муфассир уламоларимиз “шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” оятининг тафсирида қуйидагиларни айтишган:

“Рўза тақво ҳосил қиладиган сабабларнинг энг каттасидир. Чунки рўза тутишда Аллоҳ таолонинг амрини бажариш ва ман қилган нарсаларидан сақланиш рўёбга чиқади. Рўза тутиш кишининг тақвосига қуйидагича таъсир кўрсатади:

  • Рўза тутвчи киши кун давомида ейиш, ичиш, аҳли аёли билан яқинлик қилиш ва шу каби нафсини роҳатлантирадиган, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишлардан ўзини сақлайди. Бу билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиб, қилаётган амаллари учун савоб умидида бўлади;
  • Рўзадор маълум шартларга биноан Аллоҳ таоло билан аҳдлашиб, унга вафо қилаётганини, Аллоҳ таоло эса бандам аҳдига содиқми, ёки йўқми, деб, уни кузатиб турганини ҳис қилади;
  • Рўза шайтонларнинг инсонга бўлган таъсирини кесади. Негаки, ҳадиси шарифга биноан шайтонлар инсонларнинг қонлари оқадиган жойда ҳаракатланади. Қон эса таомлар орқали тўпланади
  • Рўзадор тоат-ибодатларни кўпайтиради. Ибодатлар эса тақвони ҳосил қилади
  • Бой киши рўза тутиш орқали очлик ва йўқсиллик аламини тотиб кўради. Бу эса уни камбағал, йўқсил оилаларга кенгчилик қилишга ундайди. Бу ҳам тақвони оширадиган унсурлардан ҳисобланади.

Энг асосийси, Рўза Аллоҳ таоло буюрган фарз ибодат бўлгани учун ҳам уни қилишнинг ўзи тақво ҳисобланади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу  “Аллоҳ таолога ҳақиқий тақво қилинглар”(Оли Имрон сураси, 102-оят) оятини тафсирида шундай дейдилар: “Ҳақиқий тақво – Аллоҳга исён қилмасдан итоат қилиш, эсдан чиқармасдан ёд этиш, неъматларига куфр қилмасдан шукр этишдир”.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тақво соҳиблари – ҳаром қилинган ишлардан тийилган ва ўзларига фарз қилинган амалларни адо қилган кишилардир”.

Хулоса ўрнида, бугунги муборак Рамазон ойларида Аллоҳ таоло фарз қилган Рамазон рўзасини тутаётган, бошқа ибодатларни адо этаётган мусулмонларнинг барчасини тақво соҳиблари десак хато қилмаган бўламиз.

 

Элёржон АҲМАТҚУЛОВ,

ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси

кабинет мудири.

52241 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Рамазон – тақво ойи Рамазон-Қуръон ойи »

Янгиликлар

Top