Маънавий юксалиш йўлидан дадил қадамлар билан одимлаб бораётган жонажон юртимизда муқаддас динимизга алоҳида эътибор берила бошланди. Жумладан, ислом билим юртлари фаолияти тубдан яхшиланди. Бунинг замирида ислом динини асл ҳолатида ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш, диёримиз алломаларининг динимизга доир бўлган бой маънавий меъросини тадқиқ этиб, уларни халқимизга содда ва равон услубда етказиш, замон талаблари даражасидаги малакали диний мутахассисларни тайёрлаш мақсад қилиб қўйилган.
Яратган парвардигорга беадад шукрлар бўлсинки, жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишларга сабаб бўлмоқда. Республикамиз халқаро майдонда ўз ўрнини топишга интилмоқда. Ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган Халқаро Қуръони карим мусобақаларида диёримиздан етишиб чиқаётган иқтидорли қориларимиз ҳам қатнашиб, юртимиз шаънини юксак даражаларга кўтариб келмоқда.
Мисол учун, улар Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Иордания Ҳошимийлар давлати, Миср Араб Республикаси, Қувайт, Малайзия, Эрон Ислом Республикаси, Туркия, Россия сингари бир неча давлатларда қатнашиб, юртимиз шаънини юксакларга кўтариб қайтмоқдалар.
Шу йилнинг 20-30 май кунлари Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган VI Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа қуйидаги икки йўналишда ўтказилди:
1. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
2. Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиб бериш.
Юртимиздан “Имом ал-Бухорий” номли Тошкент ислом институти ходими Хидирбоев Хусан мусобақанинг мужаввид йўналишида ва “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Абдужалилов Сирожиддин ҳифз йўналишида иштирок этдилар.
Мазкур мусобақада дунёдаги 72 давлатдан 126 та етук Қуръон ҳофизлари ва хушовоз соҳиблари қатнашди. Ҳифз йўналишида Сурия, Туркия ва Фаластин, мужаввид йўналишида эса Туркия, Марокаш ва Ироқлик қорилар юқори ўринларни эгаллаб, мусобақа совриндорлари бўлишди.
Вакилларимизга иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.
Иштирокчи қорилар учун мусобақа ташкилий ҳайъати томонидан Туркиянинг Истанбул шаҳридаги диққатга сазовор бўлган жойларга зиёрат уюштирилди.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов