Дунё янгиликлари

Индонезия жаҳондаги энг йирик исломий университетни қурмоқчи

The Jakarta Post нашрининг маълум қилишича муқаддас Рамазон ойида Индонезия президенти Жоко Видодо жаҳонда ислом тамаддуни маркази бўлиши кўзда тутилган янги давлат университетининг қурилишини бошлаб берди.

Университетни ташкил этишдан мақсад сифатида Индонезияда ислом динини янада ривожлантириш, кўпқиррали, бағрикенг ва мулоқотга очиқ бўлган динни кенг ёйиш экани айтилган.

Ушбу университетни қуриш бўйича қарор мамлакат президенти томонидан 2016 йилда имзоланган эди. Индонезия халқаро ислом университети (UIII)нинг қурилиши президент томонидан биринчи ғишт қўйилиши билан расман бошланган.

Индонезия дин ишлари бўйича вазири Луқмон Ҳаким Сайфиддиннинг айтишича, мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи Индонезия ислом оламида етакчиликни қўлга киритишни мақсад қилган.

Маълумотларга кўра, университет қурилиши учун 142 гектар ер майдони ажратилган. Давлат томонидан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул сарфланиши кўзда тутилган. Қурилиш ишлари 2022 йилда тугалланиши айтилмоқда.

Университетда таълим фақат магистратура ва докторантура босқичларидан иборат бўлиши, бакалавр босқичидаги талабалар таълим олиши бошқа масканларда бўлиши айтилган.

Таълим етти йўналишда бўлиши айтилган. Улар ислом фанлари, гуманитар фанлар, педагогика, ислом иқтисодиёти, табиий фанлар, технология, архитектура ва санъат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан мамлакатимизда йирик Ислом академияси ва Халқаро ислом академияси ташкил этилган. Бу эса ислом оламида Ўзбекистон ўрнини мустаҳкамлаш учун муҳим омил ҳисобланади.



ЎМИ Матбуот хизмати

2442 марта ўқилди

Янгиликлар

Top