muslim.uz

muslim.uz

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатидан чиқарди. Комиссия 28 апрель куни эълон қилган ҳисоботида АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни «махсус кузатувдаги давлатлар» рўйхатига ўтказишни тавсия этган.

Комиссия ҳисоботида Ўзбекистон 2019 йил давомида диний соҳада амалга оширган ўзгаришлар эътироф этилиб, айниқса «Жаслиқ» қамоқхонасининг ёпилгани алоҳида таъкидлаб ўтилган.

«Ўзбекистон ҳукумати диний соҳага оид муаммоли қонунларни қайта кўриб чиқиши (ҳукумат шундай қилишни ваъда қилган) ва ҳибсда ушлаб турилганлар масаласини ҳал этиши зарурлигича қолаётганига қарамай, USCIRF сўнгги бир йилда кузатилган умидбахш ўзгаришларга асосланган ҳолда Давлат департаментига Ўзбекистонни «махсус кузатувдаги давлатлар» рўйхатига ўтказишни тавсия қилмоқда», – дейилади Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси ҳисоботида.

Қайд этиш керак, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатидан 2018 йил декабрда чиқариб бўлган.

Бироқ USCIRF 2019 йил апрелида Давлат департаментининг бу қарорини маъқулламаган, Ўзбекистонни «қора рўйхат»га қайтаришни маслаҳат берганди.

Шунга қарамай, Комиссия тавсияси Давлат департаменти томонидан инобатга олинмаган, АҚШ ташқи сиёсат идораси 2019 йил декабрида Ўзбекистонни «алоҳида кузатувдаги давлатлар» тоифасида қолдирган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссиясининг йиллик ҳисоботларида 2005 йилдан буён «алоҳида хавотирга молик давлат» сифатида қайд этиб келинган.

 

2020 йилги ҳисоботда 15та давлат "махсус кузатув остида" бўлиши кераклиги, 14та давлатдаги диний вазият эса "алоҳида хавотирга молик" экани айтилган.
Фото: USCIRF

 

2020 йилги ҳисоботда Ўзбекистон билан бирга Қозоғистон, Афғонистон ва Озарбойжон дохил жами 15та мамлакат «махсус кузатувдаги давлатлар» (суратда сариқ рангда), деб таснифланиши лозим, дея кўрсатилган. Туркия, Миср, Индонезия, Малайзия, Ироқ, Баҳрайн ҳамда бир нечта Африка давлатлари шулар жумласидан.

USCIRF 14та мамлакатни «Алоҳида хавотирга молик давлатлар» (суратда қизил рангда) деб ҳисоблайди. Хусусан: Тожикистон, Туркманистон, Россия, Хитой ва Эрон диний эркинликлар айниқса чекланган мамлакатлар деб малакаланган.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси – Қўшма Штатлар федерал ҳукуматининг мустақил органи бўлиб, ҳайъат аъзоларидан иборат. Комиссия вакиллари дунё бўйича диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, АҚШ президенти, Давлат департаменти ва Конгрессга сиёсий қарорлар қабул қилишда инобатга олишни кўзлаб тавсиялар киритади.

Манба: https://kun.uz

Среда, 29 Апрель 2020 00:00

Буюк миллат буюклигича қолади

Хотира – муқаддас, қадр – абадий

Барчамиз тинч-тотув умргузаронлик қилишни, қўни-қўшнилар билан аҳил-иноқ яшашни, фарзандларимизни осуда ҳаёт қучоғида тарбиялаб вояга етказишни, уларнинг роҳат-фароғатини кўришни орзу қиламиз. Аммо бу орзуга биргина ният билан эришиб бўлмаслигини сўнгги икки-уч ойда бутун дунёни коронавирус офати қамраб олганда яна бир бор теран ҳис қилдик.

Мамлакатимизда 1999 йилдан буён ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланаётгани ғалабага муносиб ҳисса қўшган ота-боболаримизни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, урушда тинчлик учун жон фидо этган ҳамюртларимиз хотирасини муқаддас билишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу кун ўтганлар хотирланадиган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёдга олинадиган, дориламон кунларга етиб, қарилик гаштини сураётган қариялар қадрланадиган кунга айланди.

Жорий йилнинг 30 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, шу йил фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаймиз.

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғинбарот урушда 1,5 миллион нафар ўзбекистонлик фуқаро фронт­га кетиб, жангларда бевосита иштирок этгани, уларнинг ярим миллиони жанггоҳлардан қайтмагани, яна қанчалаб инсонлар майиб-мажруҳ, ногирон бўлиб келгани, минглаб аёллар бева, болалар етимга айланганини эсласак ҳали ҳам даҳшатга тушамиз.

Фронт ортида қолган юрт­дошларимиз эса, тунларни кунларга улаб, оч-наҳор бўлса-да, ўта оғир, заҳматли меҳнати билан ғалабага, тинчликка салмоқли улуш қўшди. Халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат, саховат, эзгулик сингари юксак инсоний хислатлар уруш йилларида яна бир бор яққол намоён бўлди.

Бугун ҳар биримиз тинчлигимизни сақлаш, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда жонини тиккан азиз инсонлар олдида қарздормиз. Ҳар доим уларга эҳтиром кўрсатиш динимиз амридир. Аслида, кексаларни эъзозлашни ўзини мусулмон санаган киши борки, шафар билан адо этади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”, (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Луқмони Ҳакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?” деб сўрашди. У: “Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбон ниҳолни парвариш қилгани кабидир”, деб жавоб берди.

Дарҳақиқат, шундай. Бугун хонадонларимиз тўрини кексаларимизсиз тасаввур қилиш қийин. Уларсиз уйларимиздан файз-барака кўтарилади, гўё. Шу боис фақат 9 май арафасида эмас, йил бўйиа кексаларимизнинг дуоларини олишга шоишилишимиз керак. Чунончи, уларнинг дуолари билан Ватанимиз тинч, халқимиз турмуши фаровон.

Ота-боболаримизни эъзозлаш, Ватан учун жонини фидо қилган азиз инсонларнинг руҳи покларини шод этиш эзгу амаллардан. Зеро, улар орзу қилган ҳур замонлар биз авлодларга насиб этди.

Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва фаровонлик, эркинлик халқимизнинг ўз орзу-интилишларини рўёбга чиқаришларида муҳим омил бўлмоқда. Буни мамлакатимизнинг ҳар бир соҳада эришаётган юксак натижалари, аҳоли турмуш тарзининг юксалиб бораётгани, фарзандларимизнинг турли йўналишларда қўлга киритаётган ютуқ ва марралари мисолида яққол кўриш мумкин.

Тинчлик, то­тувлик, аҳил-иноқлик бор экан, бу улуғ неъмат йил­лар ўтгани сари яна­да навқирон­ликка, етук ва баркамолликка юз тути­ши, юртимизда жа­ҳон­нинг ривожланган мамлакат­ла­ри­даги юк­сак турмуш тарзидан асло кам бўл­маган ҳаёт тарзи, завқли умргуза­ронлик қарор топиши шубҳасиз.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Қалбларимизни қувончга тўлдираётган моҳи рамазоннинг ҳам бир неча куни ортда қолди.

Биз эса ватандошлармизнинг ушбу муборак ойни қандай ўтказаётганликлари билан қизиқиб навбатдаги суҳбатдошимиз билан боғландик.

Улуғбек Рустамов, шифокор. Тошкент шаҳри.

“Айни кунларда карантин сабаб, биз шифокорларнинг масъулиятимиз янада кучайган. Аммо, рўза бунга мутлақо ҳалақит қилаётгани йўқ. Саҳарликдан сўнг бироз китобга ошно бўламан. Адабиётга қизиқишим азбаройи кучлилигидан уйимда шахсий кутубхона қилганман. Рамазон бошлангандан бери китоб жавоним олдидан кетмай қолдим. “Руҳий тарбия”, “Кифоя”, “Одоблар хазинаси” ва бошқа китоблардан мунтазам ўқиб боряпман.

Бир зумда ишга кетиш вақтим бўлиб қолади. Шифоҳонага отланаман. Тушгача беморлар кўпроқ бўлади. Тушдан сўнг интернет орқали тиббиётга оид янгиликлар ва тадқиқотлар билан танишиб, касбимга оидларини ўрганиб чиқаман. Ишдан сўнг маҳалламиздаги баъзи кекса, қаровчиси йўқ, ижтимоий кўмакка мухтожлар ҳонадонлардан ҳабар оламан (айниқса рамазон бошланганидан бери ҳар куни хабар оляпман. Чунки бу суннат!).

Уйга қайтгач фарзандларим билан динимиз буюрган, ҳар бир мусулмон билиши ва қилиши лозим бўлган фарз, вожиб, суннат ва бошқа амалларни яхшилаб ўрганишга вақт ажратамиз. Шунингдек, Қуръондан суралар, зарур дуолар ва зикрларни ёдлаймиз.

Ифторликдан сўнг Таровеҳ намозига қадар телевизорда тақдим этилаётган рамазонга оид дастурларларни томоша қиламиз. Айниқса ITV орқали диний, маърифий, исломий мавзудаги МУСЛИМ ТВ канали кўрсатув ва намойишларини бутун оиламиз билан берилиб кўрамиз.

Шу ўринда шифокор сифатида рўзадор юртдошларимизга саҳарлик ва ифторликда вақтида, ортиқча таомланишдан тийилишларини илтимос қилиб қолардим. Кун давомида чанқаб, кучсиз бўлиб қолишдан қўрқиб саҳарликда ортиқча овқатланиш меда-ичак ва ошқозон хасталикларини келтириб чиқаради. Яна бир жиҳати, ортиқча овқат инсонни ҳолсиз, кучсиз қилиб қўяди.

Ҳурматли ватандошлар, азиз биродарлар рамазон ойидан унумли фойдаланайлик. Рўза дастурхонини оддий кунлардагидек қилиш мақсадга мувофиқдир. Шифокор сифатида рўзанинг саломатликка фойдаси ниҳоятда катта эканлигини эътироф этаман. Фақат саҳарлик ва ифторликда ортиқча таом ейиш ва сув ичишдан тийилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Саидаброр Умаров ёзиб олди

 

Среда, 29 Апрель 2020 00:00

Рамазон ойи учун беш маслаҳат

Рамазон – мусулмонлар учун чинакам шодиёна. Бу ойда савоб амалларни кўпайтириб улуғ ажрларга эга бўлайлик. Сиз азизларга рамазон ойи учун бешта маслаҳатни тавсия қиламиз.

Биринчи

Жуда кўп таом еманг, сувни ҳам камроқ ичинг. Саҳарлик қилаётганда киши кун бўйи оч юришини ўйлаб кўп еб қўяди. Натижада ошқозон фаолияти қийинлашиб, киши дангаса ва беҳафсала бўлиб қолади. Ёдда тутинг, рамазон очлик ойи эмас, балки иймон-эътиқод синаладиган ойдир. Келинг, рамазон ойини пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам   тавсия қилганларидек нафсимизни жиловлаб, ошқозонимизнинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга қолган учдан бирини ҳавога тўлдирайлик.

Иккинчи

Сахийликни  кўпайтиринг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам  доимо сахий бўлганлар. Айниқса, рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетган. Бу муқаддас ойда ким саховатпешалик қилса унга улуғ савоблар ёзилади. Иложи борича рамазоннинг ҳар кунида сахийлик қилинг. Биргина Қадр кечасида қилинган хайр-саховатга Аллох жуда кўп савобларни ваъда қилган. Саховатли бўлайлик, иншоаллоҳ  улуғ  ажрлар  эгасига айланайлик.

Учинчи

Беш маҳал намозга қоим бўлинг. Рамазон ойида кечалари таровеҳ намозига одамлар  ёғилиб келади. Аммо кундузлари  намоз ўқувчилар бир оз сийраклашгандек бўлиб қолади. Албатта таровеҳ намозининг ажри улуғ, Бироқ ёдда тутинг, Аллоҳ таоло бизга кунда беш маҳал намоз ўқишни фарз қилган. Фарз амални мукаммал адо этишда сусткашлик қилманг.

Тўртинчи

Рамазон ­ – Қуръон ойи! Бу муқаддас ойда кўпчилик  Қуръонни бир неча бор хатм қилиш пайида бўлади. Баъзиларимиз Қуръонни уч маротаба, баъзиларимиз беш маротаба хатм қиламиз. Бу ажойиб мусобақага ўхшайди. Айниқса, оятлар маъноси тушуниб ўқилганда савоби янада улуғ бўлади. Шу муқаддас ойда  Қуръон ўқиб қалбимизни нурга тўлдирайлик.

Бешинчи

Тақводор бўлайлик. Аллоҳ таоло бандаларига тақво қилишни буюриб, Бақара сурасининг 183-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.

Оятда айтилганидек  рўзадорлик  ортидан тақводор бўлишга чақирилмоқда. Тақводор одам ўз  нафсини  жиловлайди. Шубҳали нарсалардан узоқ бўлади. Тақво сўзи кўп тилларда мавжуд эмас. Унинг асл маъноси “Аллохдан қўрқиш, У белгилаган ҳадлардан ошмаслик ва охиратни ўйлаб яшашдир”. Тақво фақат Аллоҳдан қўрққанимиз баробарида унга бўлган чексиз муҳаббатимиз сабаб бўлса янада яхши.

 

   

Рўза – муқаддас динимизнинг асосий улуғ рукнларидан бири бўлган ибодатдир. Бу ойда очлик, ташналик, нафсни тийиш билан Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинади. Соддароқ қилиб айтганда, бу муборак ойда Аллоҳ таоло бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, бу ибодатни исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган. Чунки бу ой ўзининг яхшиликларга бойлиги, қалбларда меҳр-мурувват туйғуларининг жўш уриши билан ҳам аҳамиятли ва эъзозлидир.
 
Рамазон хайр-барака ойидир. Чунки, бу ойда қилинган ҳар бир нафл ибодат учун фарз амалининг савоби, битта фарз амали учун эса, бошқа ойда қилинган етмишта фарз амалининг савоби берилади. Шунинг учун Мусулмонлар бу ойда Аллоҳ таолога ёқадиган ва уни рози қиладиган амалларга шошиладилар.
 
Бу ойда қуйидаги хайрли амаллар бажарилиши мақсадга мувофиқ бўлади:
 
- Рўза тутишлик. Рўза тутишлик фақатгина еб-ичишдан тийилиш эмас, балки ҳар қандай маъсиятлар ва ёлғон, туҳмат ва ғийбат каби Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳам узоқ бўлиш лозим.
 
- Қуръон тиловат қилиш. Бу ойда Қуръон тиловат қилиш Аллоҳ таолога энг маҳбуб ишлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан рамазон ойида Жаброил алайҳис-саломга Қуръон ўқиб берар эдилар. Бугунги кунларда ҳам юзлаб қориларимиз Қуръони карим хатмини онлайн шаклда олиб боришмоқдаки, бу ҳолат элимизнинг хушнудлигига сабаб бўлмоқда.
 
- Намозларни кўпайтириш. Фарз бўлган 5 маҳал намоздан ташқари, суннат ва нафл ибодатларини ҳам кўпайтириш лозим. Хусусан, хонадонларда аҳли оила билан ўқилиши белгиланган Таровеҳ намозларини ғанимат билиш керак.
 
- Зикрларни кўпайтириш. Бу ойда қилинадиган зикр, тасбеҳ ва истиғфор учун кўп савоб берилади. Бундан ташқари, бундай амаллар ёмонлик эшикларини ёпиб, мағфират эшикларини очади ва қалбни хотиржам қилади. Ҳамда нафсни ҳаром ишлардан узоқ қилади.
 
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда савоб умидида кечалари ибодату дуо билан қоим турган мўминнинг гуноҳлари кечирилади, деб марҳамат қилганлар. Бу жиҳатга ҳам амал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
 
- Силаи-раҳм қилиш. Яқинлар ва қариндошларни зиёрат қилиш. Чунки бундай амаллар кишилар ўртасида ўзаро муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди.
 
Рамазон ойида муҳтож ва кам таъминланган фақир мискинларга садақа улашмоқ бошқа ойлардагига нисбатан савоби кўп ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли Зот эдилар. Ул зотнинг олдига ёрдам сўраб келган бирор муҳтож ноумид қайтмаган. Шундай бўлсада, расулимиз алайҳиссалом айнан Рамазон ойида жуда ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.
 
‏Ибн Аббос бундай деб ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча инсонлар ичида энг саховатлиси эдилар. Рамазонда Ҳазрат Жаброил а.с. билан учрашганларида саҳоватлари янада ортар эди. Ҳазрат Жаброил а.с. Жаноб Расулуллоҳ с.а.в. билан ҳар кеча учрашиб, Қуръонни музокара қилар эдилар. Ҳазрат Расулуллоҳ хайрли ишда кучли шамолдан ҳам тез эдилар” .
 
Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр — савоблар бўлиши хабарини берган.
 
Ҳозирги пандемия пайтида бутун дунёда кузатилаётгани каби юртимизда ҳам ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши қайд этилган. Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу ҳақда у киши 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.
 
“Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, — деган давлатимиз раҳбари.
 
Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлиши, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилиши лозимлиги таъкидланди.
 
Саховат бу – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Ахир, карам билан сахони ҳам Аллоҳинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да.
 
Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”.
 
Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).
 
Ҳазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради”.
 
Албатта, Рамазон хайру эҳ­сон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”, деганлар. Шун­га кўра закот ва нафл сада­қаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир.
 
Али ибн Абу Толиб р.а. таъкидлаганларидек: “Энг эзгу эҳсон ҳожатмандга берилганидир”. Ҳаётда ҳар хил вазиятларга дуч келамиз. Одам турли сабабларга кўра ночор аҳволга тушиб қолиши мумкин. Бугунги синовли кунлар баъзи бир юртдошларимизнинг ноқулай вазиятга тушиб қолишларига сабаб бўлаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Ана шундай пайтда биров ночор аҳволга тушиб қолган инсонга сахийлик кўрсатиб, ҳожатманднинг жонига оро кирса, нур устига нур бўлади.
 
Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
 
Аллоҳ таоло барчаларимизни бу муборак, қутлуғ ойда ожизлик билан тутган рўзаларимиз, амалга ошираётган барча хайрли амалларимизни қабул айласин. Бу ойни ғанимат билиб, комил инсон фазилати билан моҳи Рамазони шарифни охирига етказмоқликни насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ризқимиз бут бўлиб, келаси йилги Рамазонга барчамизни соғ саломат етиб боришимизни насиб айласин!
 
Раҳматуллохон УСМОНОВ,
Қашқадарё вилоят бош имом хатиби
 
Манба: http://uza.uz

Янгиликлар

Top