muslim.uz
“Йўқотган китобларимга ачинаётган эдим, мана, бугун улар ҳам қайтиб келди!”
Аввал хабар берганимиздек, муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласидаги уйлари ёниб кетган саккизта хонадонга ташриф буюриб, талофатдан азият чеккан хонадон аҳлларига ҳамдардлик билдирган эдилар.
Ўзаро суҳбат давомида хонадон аҳлларидан бирлари: “Энг ачинарлиси, мен учун бебаҳо бойлик бўлган кўплаб китобларим ҳам ёнғинда ёниб кетди. Уларнинг аксарияти диний китоблар эди”, дея нафсус билан сўзлаб берган эди. Муфтий ҳазратлари йўқотилган китоблар ўрнини тўлдирилишини ўз зиммаларига олиб, албатта етказиб берилишини таъкидлаган эдилар.
Бугун ана шу хонадонларга муфтий ҳазратларининг ваъдалари етказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов саккизта хонадоннинг ҳар бирига Қуръони карим ва ўндан ортиқ, жами юзга яқин диний-маърифий китобларни муфтий ҳазратлари номларидан топширдилар. Бундан ташқари, тез орада диний идора тарафидан моддий ёрдам ҳам кўрсатилишини билдирдилар.
“Аллоҳга шукурки, маҳалла аҳли бугун ҳаммалари бизга ёрдам кўрсатмоқда. Бу борада алҳамдулиллаҳ, кўнглимиз таскин топяти. Фақат мен йўқотган китобларимга ачинаётган эдим, мана бугун улар ҳам қайтиб келди! Муфтий ҳазратлари бизга Қуръони карим ва бошқа кўплаб мўтабар китобларни юборибдилар. Аллоҳ таоло ҳазратимизни Ўз паноҳида асрасин. Бошига синов тушган барча инсонлар номидан у кишига катта миннатдорчиликларимизни билдирамиз”, дейди Фатҳуллоҳ ҳожи ота.
Мўминларнинг бир-бирларини мусибат онларида ёлғизлатиб қўймаслик, дардларига малҳам бўла олишлик бу динимиз ва олийжаноб халқимизнинг гўзал анъаналаридандир. Аллоҳ атолодан мусибат етган хонадон аҳилларига нажот ва баракотлар беришини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Фотомақола: Бу масканда буюк ўтмиш акс этган келажак қурилади
«Ислом цивилизацияси маркази» барпо этилиши нафақат Ўзбекистонда, балки бу муқаддас динга эътиқод қилувчи миллиардлаб инсонлар сочилиб кетган бутун дунёда катта янгилик бўлди. Бевосита давлат раҳбари ташаббуси билан бунёд қилинаётган улкан мажмуага ташриф буюриш ҳамма учун қизиқ албатта. Ҳозирда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган бу марказ тез орада ўз эшикларини очади.
Халқаро Пресс-клубнинг бугун, 10 апрель куни ўтказилган навбатдаги сессияси анъанавий услублардан чекиниб, очиқ осмон остида, бевосита қизғин жараён устида ўтказилди – ОАВ вакиллари, ижодкорлар, домлалар ва талабалардан иборат катта гуруҳ «Ислом цивилизацияси маркази»нинг қурилиш жараёни кетаётган ҳудудга ташриф буюришди.
Қурилишлар жадал давом этаётган 1,9 гектар майдонга кириб келишингиз билан бинонинг маҳобатидан ҳайратга тушасиз. Бу бежизга эмас, албатта.
Марказни барпо этаётган дирекциянинг алоҳида муҳим ишлар бўлими бош мутахассиси Ҳусан ака Шукуровнинг маълум қилишича, гумбазнинг юқори нуқтаси 60 метрни ташкил қилади, яна унинг устида 7 метрли найза (шпиль) ҳам жойлаштирилади ва бу марказий нуқтанинг жозибасини янада оширади. Ҳозир бир сменанинг ўзида 300 нафардан ортиқ ишчи ишламоқда.
Пештоқлардаги ёзувлар, бинолардаги нақшларнинг ҳаммаси маълум маъно касб этади, муқаддас Ислом дини, маърифат, илмга оид ўгитлар жо қилинади.
Марказ:
* 40 мингдан ортиқ ноёб экспонатларга эга музей;
* 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмалар фондига эга кутубхона;
* Қадимий тошбосма ва қўлёзмаларни реставрация қилиш, кўпайтириш бўлими;
* Ислом динининг мазмунини чуқур таҳлил қилишга қаратилган тадқиқотлар маркази;
* Доимий нашр ишларини олиб борувчи замонавий ускуналар билан жиҳозланган нашриёт;
* Қорилар мусобақаси сингари мусобақалар, йирик анжуманлар ўтказишга мўлжалланган 300 кишилик конференция залига эга бўлади.
Манба: https://kun.uz
Халқаро пресс-клуб Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказида
Муфтий ҳазрат Қозоғистондаги анжуманда иштирок этади
Бугун, 10 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида шу йил 11-12 апрель кунлари ўтказиладиган “Маънавий ипак йўли: Ислом ва ёшлар” мавзусидаги анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Мазкур анжуман 2016 йилдан буён ўтказилиб келинади. 2016 йил Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида, 2017 йил Татаристон Республикасининг Булғор шаҳрида ва 2018 йил Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган.
Сайтимизни кузатиб боринг, анжуман тафсилотларини ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати