muslim.uz
Саҳобалар ҳаёти – Асмо Бинти Язид (розияллоҳу анҳо)
Масжидларни кўрсатувчи белгилар магистраллар ёқасига ўрнатилмоқда
Сиз маълум бир юмуш билан шаҳар ичи ёки шаҳар четида автомобилда катта йўл бўйлаб кетиб боряпсиз. Намоз вақти кириб қолди. Намозни ана шу жойга яқин масжидда жамоат билан адо этиш имконияти энди янада осон бўлади. Сабаби Республика бўйлаб катта йўл бўйларига ўша жойга яқин масофада жойлашган масжидларнинг номини ва масофасини кўрсатувчи махсус белгилар ўрнатилмоқда.
Бу юртдошларимиз ҳамда бугунги кунда кенг ривожалантирилаётган зиёрат туризми асносида мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий меҳмонларга ўзига хос қулайлик яратади.
Республика бўйлаб жами 210 та масжидлар учун катта йўл бўйида белгилар ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 117 та махсус белгилар ўрнатилиб бўлинди. Март ойининг охирига қадар қолган масжидлар учун ҳам ўрнатилиши белгиланган.
Махсус белгиларнинг аксарияти ўзбек, инглиз ва араб тилларида, фосфор ёзувда тайёрланганлиги эътиборга моликдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Имомнинг чақириғи сабаб уч йилдан буён бир-бири билан гаплашмаётган қўшнилар ярашишди
Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Элобод” маҳалласида яшовчи иккита қўшни хонадаон аҳллари бундан уч йил муқаддам бир метргина ер масаласида юзага келган тортишув сабаб аразлашиб, юзкўрмас бўлиб кетган эдилар.
Куни кеча бошқа бир сабаб билан қўшнилардан бириннинг хонадонига келган тумандаги “Пойгатепа” жоме масжиди имом-хатиби Ашраф домла Тошмуродов бу ҳолатдан хабар топиб, дарров иккита қўшниларни чорлаб насиҳат қилди. Динимизда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида келган Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлардан таъсирчан мисолларни айтиб берди. Қолаверса, мусулмон киши, бунинг устига қўшни бўлиб яшаб, бир-бирлари билан гаплашмай, аразлашиб юришлари гуноҳкор бўлишларига кифоя эканлигини, қиёматда банданинг бандадаги ҳаққини ҳатто Аллоҳ таоло ҳам кечмаслигини тушунтирди. Насиҳатдан ибрат олган қўшнилар шунча вақтдан бери жоҳиллик қилиб келганликларини тушуниб етдилар ва дарҳол Аллоҳ учун бир-бирларидан узр сўраб, қиёматлик қўшниларга айландилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга рўза, намоз ва садақадан ҳам афзал даража ҳақида хабар берайми?» - дедилар.
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», - дейишди.
«Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Одамлар орасини бузиш эса қирувчидир», - дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
ЎМИ Масжидлар бўлими
Абдуҳаким қори Матқулов Ўзбекистон мусулмонлари идорасида маслаҳатчи лавозимига тайинланди
2019 йил 25 март куни Абдуҳаким қори Матқулов Ўзбекистон мусулмонлари идорасида маслаҳатчи лавозимига тайинланди.
Абдуҳаким қори Матқулов 1964 йилда зиёлилар оиласида таваллуд топган. 1986-1990 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган. У Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида турли йилларда масъул вазифаларда ишлаган. Жумладан, Халқаро алоқалар бўлими мудири муовини, Таълим бўлими мудири, “Кўкалдош” ислом билим юрти мудири, Тошкент шаҳридаги “Ислом ота” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилган. Шунингдек, кўп йиллар давомида Кувайт халқаро хайрия жамғармасининг Ўзбекистон ваколатхонаси бош вакили лавозимида ҳам хизмат қилган.
Ҳозирда Абдуҳаким қори Матқулов азим Тошкент шаҳрида қад ростлаётган “Оқ уй” жоме масжидининг имом-хатиби ҳисобланади.
Абдуҳаким қори Матқулов мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий эҳтиёжларини қондириш йўлида нашр эттирган бир неча китоблари халқимизга манзур бўлмоқда.
Аллоҳ таоло янги шарафли мартабани Абдуҳаким қори Матқуловга муборак айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати