muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг таклифига биноан Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтадиган анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Ушбу анжуман Кавказ мусулмонлари идораси, Испания Адлия вазирлиги ва Халқаро “Эвсен” фонди ҳамкорлигида ташкил этилган. Унда Ислом бирдамлиги ва динлараро мулоқот мавзулари муҳокама қилинади. Кўплаб давлат ва дин арбоблари, таниқли уламолар қатнашади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил қилингандан буён саховат ва меҳр-мурувват уйлари, касалхоналар, мактаб-интернатлар, ёрдамга муҳтож оилалар, боқувчисини йўқотган хонадонлар ва ногиронларга хайрия ёрдамларини қилиб келмоқда.
Фонднинг “Меҳр-мурувват карвони” бугун Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрига етиб келди ва ушбу шаҳардаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида кам таминланган 100 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 нафар шахсга ногиронлик аравачаси, “Муҳаммад ал-Беруний” мадрасасида таълим олаётган барча талабаларга иссиқ кийим-кечаклар улашди ва мадрасадаги икки нафар талабанинг шартнома пўлини тўлаб берди.
Шунингдек, Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи 4 та хонадонни таъмирлаб бериши режалаштирилди ва масжид имом-хатибларига диний-маърифий китоблар берилди.

Исламатдин Алланов,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти мутахассиси

Дунёда иқтидорсиз одам бўлмагани каби иқтидорсиз миллат ҳам йўқ. Фақат ўзида мавжуд иқтидорни юзага чиқариш учун кўп меҳнат қиладиган ва камроқ ҳаракат қиладиган одамлар ҳамда ўша одамлардан ташкил топган миллатлар бор. Кимнинг ёинки қайси миллатнинг нимага иқтидори борлигини билмоқчи бўлганлар кўҳна тарих зарварақларини саҳифалаб кўрса, ҳаммасини очиқ-ойдин кўради. 

Бизнинг миллатимиз тарих саҳифаларига ватанпарвар, жанговар, мард ва шижоатли миллат сифатида киргани ҳатто тарих фанининг “ота”си Геродотнинг “Тарих”, Страбоннинг “География” каби энг қадимий асарларда; аждодларимизнинг янада қадимийроқ бўлган “Ўғузнома”, Ўрхун-Энасой битиктошлари каби меросларида ўз ифодасини топган.

Ҳазрат Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркийларнинг ниҳоятда тезхотир ва илмга ташна халқ эканини таъкидлаб ўтган. Бу борада бобо-ю момоларимиз қўлга киритган ютуқларни санаб чиқишга уриниб ўтирмадик. Зеро, яна бир мутафаккир бобомиз Бобур Мирзо айтганидек, аён гапнинг байнига не ҳожат. Аммо мавзуга дахлдор бўлгани боис Имом Бухорий, Имом Термизийларнинг номини тилга олиб ўтсак, фикримиз тушунарлироқ бўлади, деган умиддамиз.

Юртимизга Ислом дини кириб келган паллаларда миллатимизнинг табиатида ана шу муборак динга мойиллик бўлгани ҳамда миллатимиз фарзандларининг Ислом динини ўрганишга, хусусан, ҳадис илмига катта иқтидори борлиги юқорида номи тилга олиниб ўтган зотлар сиймосида яққол кўзга ташланди.

Хабарингиз бор: ўлкан ўзгаришларга бой бўлаётган жорий йилимизнинг  16 апрелида муҳтарам Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш, динимиз ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини пухта ўрганиш, улар асос солган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, шунинг баробарида, соҳага оид олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Қарорда Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланиши кўрсатилган. Мактаб битирувчиларига диний таълим соҳасидаги бакалавр даражаси  берилади.

Ҳадис илми мактабида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг асл моҳияти ўргатилиб, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассислар тайёрланади. Шунингдек, ҳадислардаги эзгуликка бошловчи умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш ҳам мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. 2018-19 ўқув йили учун қабул квотаси 10 та ўрин этиб белгиланган ва унга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олинади.

Бу хабарни эшитиб, Ватанимиздаги ушбу мўътабар илмга қизиққан ёшларимизнинг севинчи ичига сиғмасдан тезроқ қабул кунлари бошланишини кута бошладилар.

Қарорда кўрсатилган муҳим вазифалардан бири – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш; мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўриши белгилангани янада қувончли иш бўлди. Зотан, илм тажриба алмашиш орқали камол топади.

Ҳадис илми мактаби очилиши билан она Ватанимиздаги диний таълим соҳасидаги олий ўқув юртларининг сони яна биттага кўпайди. Илло, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз эртага малакали мутахассислар сифатида халқимизнинг диний илми янада бойишига, ёшларимиз онгини ёт мафкуралардан ҳимоя қилишга, уларда чинакам мафкуравий иммунитет шаклланишига, динимиз софлигини одамлар онгига сингдиришга хизмат қилади.

            ЎМИ Матбуот хизмати

 

 . 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков шу йил 4-5 ноябрь кунлари Макка шаҳрида бўлиб ўтадиган SMIIC ташкилоти директорлар кенгашининг 17-йиғилиши ва Бош ассамблеянинг 13-йиғилишида иштирок этиш учун Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди (SMIIC – standards and metrology institute for islamic countries – Ислом мамлакатларидаги стандартлаштириш ва метрология институти).
Йиғилиш тафсилотларини сайтимиз орқали кузатинг.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Қарши Муҳандислик Иқтисодиёт институтида институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирокида “Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини кенг тарғиб қилиш” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Қарши шаҳар бош имом-хатиби А.Бойқобилов иштирок этиб, “Ислом – тинчлик, тотувлик ва бағрикенглик дини”, “Ёшларни турли ёт ғоялардан асрайлик!” мавзуларида маъруза қилди.

Манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ўртасида “Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини кенг тарғиб қилиш” мавзусида тизимли равишда тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Жумладан,
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Қарши Давлат университетининг фаоллар залида университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирокида мазкур масала юзасидан учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги масъул ходими, “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби М.Қораев иштирок этиб, “Ислом – тинчлик, тотувлик, эзгулик ва бағрикенглик дини” мавзуда маъруза қилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top