muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

***** 

Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ золимийн.

Шу Қуръоний дуони доим айтиб юришга одатланайлик. Чунки, унинг аввали тавҳид, ўртаси тасбеҳ, охири истиғфордир.

Оят маъносининг таржимаси: Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим(Анбиё сураси, 87-оят). 

***** 

Одамлар сенинг шикоятларингни биринчи бор эшитиб, далда бўладилар. Кейинги сафар эса малоллана бошлайдилар. 

***** 

Шундай кишилар борки, сен уларга ҳеч нарса бермасанг ҳам улар сенга муҳаббатни тортиқ қиладилар.

Шундай кишилар борки, сен уларга ҳамма нарсани берганингдан кейин улар сенга алам ва оғриқни тортиқ қиладилар.

«Сукутдаги садолар» 

***** 

Энг шижоатли одам биринчи УЗР АЙТАДИ.

Энг кучли одам биринчи КЕЧИРАДИ.

Энг бахтли одам биринчи УНУТАДИ. 

***** 

Ҳамма нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади. Ҳар бир махлуқ ўзига юклатилган вазифани сусткашликка йўл қўймай бажаради. Фақат инсон гоҳида зикрни кам қилиб, вазифасида сусткашлик қилади. 

***** 

Ҳаким Термизий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Беш тоифа кишининг салоҳи бешта жойдадир:

  1. Ёш боланинг салоҳи мактабда.
  2. Йигитнинг салоҳи илм ўрганишда.
  3. Ўрта ёшнинг салоҳи масжидда.
  4. Аёлнинг салоҳи уйда.
  5. Бузғунчининг салоҳи қамоқда». 

***** 

Жим туришнинг фойдалари:

- машаққатсиз ибодат;

- тақинчоқсиз зийнат;

- салтанатсиз ҳайбат;

- тўсиқсиз, деворсиз қўрғон.

Ховатир роқия журнали 

***** 

Эй Роббим! Олдимда ростгўй бўлиб, ортимда мунофиқ бўладиган қалблар (кишилар)дан мени узоқ қил!

Ховатир роқия журнали

 *****

 Ортга бир қадам қайтган бўлсанг, умидсизликка тушма! Камондаги ўқ олдинга шиддат билан отилиши учун орқага тортилишини унутма!

Араб ҳикмати

 *****

 Агар инсонлар бир-бирлари ҳақида гапиришнинг ўрнига бир-бирлари билан гаплашишни кўпроқ ўрганганларида эди кўплаб муаммолар бартараф бўларди.

Ховатир роқия журнали

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш,ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда соҳага оид олий маълумотли етук мутахассисларни  тайёрлаш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабулқилинди.

Қарорга кўра, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади. Мактаб битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланади.

Ҳадис илми мактабининг асосий вазифаси Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳисобланади. Шунингдек, ҳадисшунослик мактаби шаклланиши ва ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва унинг натижалари асосида ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш ҳам Мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган. 

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олинади.

Қорорда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни Мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга оширади. Шунингдек, Мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўради.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

Суббота, 03 Ноябрь 2018 00:00

Жумадан жумагача

Ассалому алайкум! Бугун ноябр ойининг 2 куни ҳафтанинг эса муборак жума куни.

Ҳафта давомидаги янгиликлар ва сара мақолалар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг 

Умра мавсуми бошланди

28 октябрь куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий самолётларида Умра ибодатоларини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Аввал хабар қилганимиздек энди фуқароларимиз Умра сафарига йил давомида боришлари мумкин.

Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсири лотин алифбосида чоп этилди

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари томонидан имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржиманинг лотин алифбосидаги шакли ҳам нашрдан чиқди. Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

“Вақф” фондига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари лавозимига Искандар Халилов тайинланди. Фонднинг аввалги раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов ўз ихтиёрига кўра, ушбу вазифадан озод этилди. Маълумот ўрнида, Искандар Халилов 1995 йилда Тошкент ислом институтини тамомлаган ва узоқ йиллар давомида мударрислик ҳамда имом-хатиб лавозимида фаолият юритган.

Янги масжидга тамал тоши қўйилди

2018 йил 29 октябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманидаги “Ҳазрати Ғоиб ота” масжидининг эски иморати ўрнига янги биноси учун ЎМИ вилоят вакиллиги ва  Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда тамал тоши қўйилди.

Ўзбекистонда «Мурувват куни» белгиланди

Пойтахтимиздаги Шайх Зайниддин жоме масжидида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита билан жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Мурувват куни” сифатида белгиланиб, бу кунда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз билан доимий учрашувлар ташкил этилиши йўлга қўйиладиган бўлди.

Ўзбекистонлик имомлар Чимкентга борди

29-30 октябр кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган имомлар делегацияси Тинчлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, шукроналик, ватанга муҳаббат, мусулмонларнинг бўлинмасликлари, мазҳабсизлик мавзуларида суҳбатлар ўтказиш учун Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига ташриф буюрдилар.

"Энг маърифатли имом" мусобақасининг пойтахт ва Тошкент вилояти босқичи ғолиби маълум бўлди

Октябр ойининг 30-санасида "Энг маърифатли имом" мусобақасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Кўтаринки кайфиятда ўтказилган тадбир сўнгида муносиблар аниқланиб кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритишди.

Тошкент ислом институтида сиртқи бўлим талабалари учун ўқув машғулотлари бошланди

Тошкент ислом институтида Жорий йилнинг 29 октябридан 2018-2019 ўқув йили Махсус сиртқи бўлим талабаларининг 1-семестр ўқув жараёнлари бошланди. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш муддати 3 йил бўлиб, унга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар ўрта махсус ислом таълим муассасасини тугатган, Ўзбекистон мусулмон идораси тизимида 5 йилдан кўп муддат давомида фаолият олиб бораётган бўлиши талаб этилади.

“Вақф” хайрия жамоат фонди кўнгилларга шодлик улашишда давом этади

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонасига 2 та ногиронлар аравачаси ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 125-сонли ихтисослаштирилган имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига қишки иссиқ спорт костюмлари ва анжомлари етказиб берилди. Фонд мурувват соҳибларини ҳамкорлик қилишга таклиф этади.

Ислом фиқҳи академияси анжумани бошланди

28-31 октябр кунлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23 сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳам мазкур анжуманда иштирок этди. Анжуманда бугунги кунда Ислом олами дуч келаётган иқтисодий ва ижтимоий масалалар муҳокама этилган.

Доҳа Ислом ёшлари маркази пойтахти сифатида танланди

Қатар давлатининг исломий ёшлар ривожида қўшган ҳиссаси учун 2019 йилда Доҳа шаҳри Ислом ёшлари пойтахти номига сазовор бўлди. Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Мулоқот ва Ҳамкорлик учун Ислом ёшлари форуми ушбу мукофотга Доҳа шаҳрини лойиқ деб топган. 

Энди эса хафта давомида тақдим этилган танланган мақолаларнинг қисқача анонси билан танишинг: 

“Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. Ушбу ҳадис шархи билан Бахтнинг сири нимада? Номли мақола орқали танишасиз.

“Қачон ётоғингдан жой олмоқчи бўлсанг, намозга қиладиганингдек таҳорат қил. Сўнг ўнг томонинг билан ёнбошла...” ҳадиси шарҳи орқали уйқу одоблари ҳақида батафсил маълумотга эга бўласиз.

“Тик турганда таом еб, сув ичиш ошқозон ички деворлари бўйлаб тарқалган асабларнинг кучли рефлексига олиб келади”. Бу ҳақда батафсил Таомни тик туриб емайлик! Мақоласида танишасиз.

Аллоҳ таоло: “Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади”, деди”. Ушбу ҳадис ва холис дўстлик савоби ҳақида Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг мукофоти мақоласида танишасиз.

 

 

Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.

 Биз сиз учун ижод қиламиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 28 октябрида Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистонга ташрифи доирасида турли тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлар Чимкент шаҳридаги масжидларда ўтказилди.

2 ноябрь куни Тошкент шаҳар имоми ноиби Ж.Раупов Сайрам туманидаги Манкент қишлоғи "Жалол бобо" масжидида намозхонларга маъруза қилди. 

И.Бегматов Сайрам туманидаги марказий "Интик Имоналиев" жоме масжиди намозхонларга маъруза қилди. 

М.Даминов "Айнабулоқ" жоме масжидида, З.Тожибаев "Тошбулоқ" масжидида  тинчлик олий неъмат, бағрикенглик, тафрикага бўлинмаслик, яқин қўшнилик ва турли мавзуларда суҳбатлар қилдилар.

Ўзбекистонлик имомларнинг ташрифи давом этмоқда.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top