muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 19 Октябрь 2018 00:00

Китоб сайли давом этади!

Навбатдаги китоб сайллари 19 октябрь куни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг қуйидаги масжидларида ташкил этилади.
1. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани "Хонобод" жоме масжидида бўлиб ўтади (масъул шахс А.Акмалов. тел.: 94 933-96-27)
2. Тошкент шаҳри “Алибек” жоме масжиди (масъул шахс: М.Ҳазратқулов. тел: 90 912-58-08) ҳамда “Ҳазрати имом” масжидида ташкил этилади (масъул шахс:Х.Абдураззоқов. тел: 90 935-00-65).

ЎМИ Матбуот хизмати

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Саъд келаётган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз тоғасини кўрсата олади!», дедилар”.
Термизий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини тоғам дейишларига сабаб, маълумки, У зотнинг оналари Омина бинти Ваҳб Бани Заҳра қабиласидан бўлганлар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳам Бану Зуҳра қабиласидан бўлганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тоғам деганлар.
Саъд ибн Абу Ваққос розилаллоҳу анҳунинг тўлиқ қисмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманноф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Мурра бўлиб, насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Килоб ибн Муррада бирлашади.
Саъд ибн Абу Ваққос розилаллоҳу анҳу биринчи бўлиб исломга кирган кишилардан ҳисобланадилар. У киши бу ҳақда шундай деганлар:

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Исломга кирган кунимдан аввал биров исломга кирмаган эди. Таъкидки, етти кунгача Исломнинг учдан бири бўлиб тердим»
Бухорий ривот қилган

Саъд ибн Абу Ваққос розилаллоҳу анҳу Исломга қандай кирганлари қуйидагиларни айтадилар: “Исломга киришимдан уч кун илгари тушимда ўзимни қатма-қат зулматларнинг ичида қолганимни кўрдим, унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Ўз олдимда ул ойга мендан олдин борганларни кўрдим. Зайд ибн Хориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр сиддиқни кўрдим. Уларга:
«Бу ёққа қачон келдингиз?», дедим.
«Бу соатда», дедилар.
Эрта билан менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яширин равишда Исломга даъват қилаётганликларини хабари етди. Шунда Аллоҳ менга яхшиликни ирода қилганини, мени зулматлардан нурга чиқаришини ирода қилганини билдим. Бас, У зот томон шошилиб бордим. Жиёд дарасида учратдим. Намоз ўқиб турган эканлар. Мусулмон бўлдим. Тушимда кўрганлардан бошқа менинг олдимга туша олмаган…”.
Саъд ибн Абу Ваққос розилаллоҳуанҳу Исломга кирганларида у киши ўн етти ёшда эдилар. У киши ёшликларидан бақувват, шижоатли бўлиб ўсиб улғайдилар ва кўплаб фазилат ва бахтларга эга бўлдилар. Жумладан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўриқчи бўлишлик бахтига эришганлар:

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида бир кеча уйқулари қочди ва:
«Саҳобаларимдан бир солиҳ киши мени кечаси қўриқлаганида эди», дедилар.
Биз шундоқ ҳолда турганимизда силоҳнинг шитирлагани эшитилиб қолди. Бас, У зот,
«Ким бу?», дедилар.
«Саъд ибн Абу Ваққос», деди
«Нимага келдинг», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Кўнглимга Набий соллаллоҳу алайҳи васалам ҳақида ҳавф тушиб, У зотни қўриқлагани келдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуо қилиб, сўнгра уйқуга кетдилар”. 
Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳу васалламнинг истакларига биноан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни кўнгилларига У зотни қўриқлашликни солиб қўйди. Бу эса Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан берилган фазилатлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўнгилларини топиб, истакларини бажариб, дуоларини олиш юксак даражадир. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ана шундай кишилардан эдилар.

 Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти 3 курс талабаси Тошматов Каримуллоҳ

 

Пятница, 19 Октябрь 2018 00:00

Она масъулдир

Оқшом. Дастурхон атрофида оиланинг ҳамма аъзолари жамулжам. Ҳамма иштаҳа билан дастурхон устидаги таомни тановул қилади. Уйнинг тўрида телевизор. Унда чет элнинг бизнинг қадриятларимизга тўғри келмайдиган аллақандай сериали намойиш қилиняпти. Сериалнинг баъзи саҳналарини кўриб баъзиларнинг юзи қизаради.

Баъзиларга эса бунинг аҳамияти йўқ. Қизиғи сериал тугаши билан бошқаси бошланади. Айниқса хонадон ҳонимлари сериалларсиз ҳаётларидан маъно қочадигандай орзиқиб кутишади. Ўзларининг ташвишлари оздай сериал қаҳрамонлари ҳаёти билан яшашади, бирга кулиб, бирга йиғлашади. Эсиз ҳавога совурилган вақт…

Ана шу пайт баъзан аёлларнинг “Фарзандим биринчи синфга чиқди. Дарс тайёрлатишга вақт етишмаяпти. Укаси ҳали кичкина, қўлимни оляпти”, деб нолиб қолишлари эсга тушади. Лекин сериалга вақт топилади. Фарзандчи, у нима қилсин? Она учун энг муҳими фарзанд ва унинг тарбияси эмасми?!

Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Барчангиз масъулдирсиз ва раиятингиздан сўралурсиз. Имом масъулдир. У ўз раиятидан сўралур. Эркак киши ўз аҳлида масъулдир. Аёл киши ўз эрининг уйида масъулдир. Ходим ўз ҳожаси молида масъулдир”, дедилар.

Ушбу ҳадиснинг шарҳида аёлнинг эри уйидаги энг катта маъсулиятларидан бири фарзанд дунёга келтириб чиройли тарбия бериши эканлиги таъкидланади. Аёл киши бу маъсулиятни шараф деб билиши ва сидқидилдан адо этиши муҳим ҳисобланади. Ота ҳам фарзандларига солиҳа она танлаши отанинг фарзанд олдидаги бурчларидан биридир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, дедилар.

Одоби, хулқи гўзал фарзанд ҳамманинг кўз қувончи бўлган. Арабларда “Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор” деган мақол бор. Дарҳақиқат машҳур инсонлардан оналари ҳақида сўралса улар шу даражага етишларига оналарини сабабчи деб кўрсатадилар. Агар Анас ибн Моликнинг оналари Умму Сулайм ўғилларини Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам хизматларига бермаганларида у зот илм денгизига айланмас эдилар. Ҳазрати Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг оналари ҳазрат гўдаклик чоғларида фақат таҳорат билан кўкрак тутган эканлар.

Балки шу боисдан шундай улуғ шайх даражасига эришгандирлар. Ёзувчи, шоирларнинг болаликлари ҳақида сўралса ёшликларида оналари кўп эртаклар айтиб берганлари ҳақида гапирадилар.

Аёл зоти нозик ҳилқат қилиб яратилган бўлсада унинг сабри, иродасининг мустаҳкамлиги ҳатто баъзи эркакларни ҳам ортда қолдириши мумкин. Тарихга назар ташласак олима, фақиҳа, шоира ёзувчи аёлларнинг матонат билан эришган илмий даражаларига гувоҳ бўламиз.

Уларнинг ҳаётларини ўрганиб ижодлари билан танишсак қанчадан қанча сабоқ оламиз. Пайғамбаримиз (с.а.в) аёлларининг ҳар бири бир мактаб. Хадича онамиз оқилаликда, сабрда, фидоийликда бутун дунё аёлларига намуна бўладилар. Ойиша онамиз баъзи саҳобалар топа олмаган диний масалаларнинг жавобини топганлар. Ҳақиқий илм денгизи бўлганлар.

Абу Мусо (р.а) дан: Набий (с.а.в):“Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.

Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир дедилар. Бу Оиша онамизнинг фазллари юксаклигидан далолат беради. Оқила, солиҳаликда ўрнак бўладиган минглаб аёлларни мисол келтириш мумкин. Узоққа эмас ўзимизнинг ўтмишга қарасак Вақтимизни маъно, мазмунсиз сериаллар кўриб зое қилмайлик. Имом Бухорийдек, Навоий дек, Имом Мотуридийдек буюк зотларни тарбиялаган оналарнинг авлодларимиз. Ҳар бир она фарзанди яхши инсон бўлишини хоҳлайди. Шунга яраша ҳаракат қилайлик. Маъносиз сериаллар кўриб ўзимизни ерга урмайлик.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим
юртининг 2-курс талабаси

Тожибоева Гулнора

ЎМИ матбуот хизмати

 

Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “Ислом: психологик барқарорлик – шахсий ва ижтимоий фаровонликнинг асоси” халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ушбу конференция Россияда иккинчи бор ўтказилаётгани маълум қилинган.

Конференциянинг асосий мавзуси “Ислом: онгли танловми ёки анъаналарга амал қилишми?” бўлиб, унда илм-фанга янги бўлган Ислом психологияси хусусида фикр алмашилган.

Қрим мусулмонлар идорасига қарашли “Фойдали илм” маърифий дастури раҳбари Зайнаб Баированинг сўзларига кўра, конференциянинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда чуқур илмий тадқиқотларни талаб қиладиган масалалар кўтарилган.

Конференция дастурига иштирокчилар учун мастер-класслар ўтказиш ва маслаҳат бериш шаклларини муҳокама қилиш ҳам киритилган.

Фалсафа фанлари доктори, Ислом маданияти, илм-фан ва таълимини қўллаб-қувватлаш фонди директор ўринбосари Али Вячеслав Полосин ҳам конференция ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди: “Ислом психологияси (“Илм ан-нафс”) – янги фан эмас. Бир қанча асрлар мобайнида йирик Ислом олимлари инсон руҳияти, қалбини ўрганиш билан шуғулланган. Бир қанча мусулмон диёрларининг мустамлакага олингани сабаб Ислом илм-фанининг ривожи тўхтаб қолган. Ана шу вақтда Ғарбда психология диндан ажратилди ва улар бир-бирига қарама-қарши қўйила бошланди. Лекин бугунги кунга келиб фикрлар ўзгарди”.

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top