muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ шукрки, бугун Жиззах вилояти Зомин тумани “Маърифатли” жоме масжидида Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичи жуда ҳам кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Айни пайтларда аёл-қизлар ўртасидаги тиловат йўналиши бўйича мусобақа ғолиблари аниқланди. Марҳамат ғолиблар билан танишинг:
Биринчи ҳудуд бўйича
18-25 ёшли аёл-қиз иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Атабаева Нафиса;
2-ўринга Рашидова Нисо;
3-ўринга Убайдуллаева Солиҳа муносиб деб топилди.
26-40 ёшли аёл-қиз иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Мирзақулова Маҳсуда;
2-ўринга Исматуллаева Меҳринисо;
3-ўринга Исаева Марҳабо муносиб деб топилди.
Иккинчи ҳудуд бўйича
26-40 ёшли аёл-қиз иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Бозорова Ёрқиной;
2-ўринга Қиржигитова Бибиойша;
3-ўринга Ҳакимова Дилноза муносиб деб топилди.

Ҳудудий босқичнинг аёл-қизлар ўртасидаги ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан ташкил этилган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Бизни жонли тарзда кузатишда давом этинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуръони карим бутун инсониятнинг нусрат маёғи бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига ўзидан кейин маҳкам тутишга буюрган Аллоҳ таолонинг китобидир.
Қуръони Каримни тутиб, унга амал қилган кишида Аллоҳга яқинлик ортади, Қуръоний сифатлар сайқалланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бир неча жойларида турли сифатлар билан уни васф қилган. Жумладан, Қуръонни «Руҳ» деб номланади. Аллоҳ таоло «(Эй, Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик. Сиз (бундан) олдин на Китобни (Қуръонни) ва на имонни (моҳиятини) билувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни шундай) нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Биз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта, Сиз (ваҳий ёрдамида) тўғри йўлга бошлайсиз» (Шўро, 52).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръонни «Руҳ» деб атамоқда. Маълумки, руҳ ҳаёт негизи ҳисобаланади. Уламоларимиз кишининг жисмоний тириклиги моддий озуқа билан бўлса, руҳ ва қалб оламининг тириклиги маънавий озуқалар билан бўлади, маънавий озуқаларнинг энг олийси олий Зотнинг каломидир, дея Қуръон ила руҳларимизни озиқлантиришга чорланган.
Айни пайтларда Зомин тумани “Маърифатли” жоме масжидида давом этаётган Аллоҳнинг каломининг нури барчамизга руҳий озуқа бўлмоқда.
Бизни жонли тарзда кузатишда давом этинг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор нарса чўчитса: “Ҳуваллоҳ, Аллоҳу Роббий ла шарийка лаҳу”, деб айтардилар.

(Маъноси: У Аллоҳдир. Аллоҳ менинг Раббимдир. Унинг шериги йўқдир)

Имом Ибн Сунний ривояти.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуъонни ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодат. Киши Қуръонга соме бўлгани учун савоб олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни эшитса, унга икки ҳисса (кўп) савоб ёзилади. Кимда-ким Қуръонни тиловат қилса, қиёмат куни унинг учун (ёритувчи) нур порлайди” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривоят қилган).
Ким Қуръоннинг бир оятини эшитса, унга ажр-савоблар кўпайтириб ёзилади. Агар Қуръон ўқиса, қуёш зиёси сўниб, ҳамма ёқни зулмат қоплаган Қиёмат кунида йўлини ёритувчи нур порлайди. Йўлим ёруғ, толейим баланд бўлсин, деган одам Қуръон ўқийди.
Барчани Зомин тумани “Маърифатли” жоме масжидида давом этаётган Аллоҳнинг каломининг қироатини тинглаб, илоҳий файз олишга чақирамиз.
Бизни жонли тарзда кузатишда давом этинг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله الذي انزل القرآن هدى للناس و البينات من الهدى والفرقان والصلاة والسلام على اشرف الانبياء والمرسلين وعلى آله و أصحابه أجمعين

أمّا بعد:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

Ҳурматли ҳайъат аъзолари, қадрли мусобақа иштирокчилари ва муҳтарам меҳмонлар!

Бугун барчамиз учун ниҳоятда улуғ кун, катта хурсандчилик айёми. Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақасининг илк босқичи бошланган кундир.

Бугун барчамиз Аллоҳнинг буюк неъмати – Ўз Каломини ёд олиш шарафига эга бўлган ўғил-қизларимизнинг чиройли савтлари ва Қуръон ўқишдаги маҳоратларидан баҳраманд бўлиб, иншааллоҳ, завқланамиз. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун Раббисининг каломини ўқиш ёки уни тинглашданда роҳатбахш нарса бўлмайди.

Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб ўқилса, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткир бўлиб бораверади.

Аллоҳ таоло Қуръон ўқувчиларни мақтаб, бундай марҳамат қилади:

 «Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуръони каримни ўқиган, ёд олган кишиларни инсонларнинг энг яхшиси деб таърифлайдилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга ҳам) ўргатувчилардир” (Имом Бухорий).

Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори улуғ фаришталар билан бир мақомдадир, тили қийналиб тиловат қилувчи эса икки баробар кўп ажр олади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Юқорида келтирилган ҳадисда Муҳаммад Мустафо  соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган одамларни улуғ фаришталар билан тенглаштирганлар. Машаққат билан ҳижжалаб ўқийдиганларнинг савоби эса икки баробар кўп бўлишини ҳам таъкидлаб ўтганлар.

Қуръон муайян услуб ва қоидалар асосида ўқилади. Аллоҳ таоло:

«Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг», деб марҳамат қилган (Муззаммил, 4).

Қуръон мусулмонлар учун муқаддас китоб, ўхшаши йўқ, тенгсиз бир илоҳий мўъжиза ҳамдир. Бу буюк китобнинг калималари остидаги ўта теран маъно-мазмун борлиги, шунингдек, ҳар қандай инсон Қуръон каримнинг ўта таъсирли оятларини эшитган пайтда, беихтиёр унга қулоқ тутиб қолиши, бутун вужуди билан берилиб тинглаши – буларнинг барчаси ушбу улуғ китоб бутун оламларнинг яратувчиси бўлмиш буюк Аллоҳнинг илоҳий сўзи эканига яна бир бор амин бўлади.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига қилган ташрифи чоғида Қуръон мусобақасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Шунга мувофиқ бу йилги мусобақа ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда, оммавий тарзда ўтказилмоқда. Бу бежизга эмас, албатта, Қуръони каримни ёдлаш, тинглаш ва англашда ҳикмат жуда кўп. Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”.

Мана шундай файзу баракотли кунлардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз қўлларини дуога кўтариб, унинг шукронаси учун яратган Парвардигоримизга ҳамду санолар айтишмоқда, бу ишга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, ташкилий ишларга бош бўлиб барча мутасаддилар ва муҳтарам олиму уламоларимиз ҳаққига дуолар қилишмоқда. Кўпнинг дуоси кўл бўлади, деганларидек, иншоаллоҳ, ана шундай хайрли ва фазилатли танловлар ўтаётган юртимизга яхшиликлар уруғи ёғилиб, кунларимиз бундан-да нурафшон бўлажак.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий Усмонхон Алимов,

2018 йил 15 январь,

Жиззах вилояти Зомин тумани

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top