muslim.uz

muslim.uz

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Дастур лойиҳаси 237 та банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 22-декабр куни Олий Мажлисга тадқим этган мурожаатномасида кўрсатилган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. 

Жамоатчилик муҳокамаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги фармойишига кўра 2018 йилнинг 15 январига қадар ўтказилиши режалаштирилган. 

Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасининг бешинчи йўналиши “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар” деб номланиб унда диний-маърифий соҳага оид бўлган қуйидаги бандлар киритилган. 

211-банд. Экстремизм таҳдидларини олдини олиш, унга қарши курашиш ва бартараф этишга қаратилган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш. Муддат 2018 йил 30 август этиб белгиланган. 

Лойиҳада экстремизм тушунчасининг таърифи, унга қарши курашиш, олдини олиш ва бартараф этиш механизмлари, тамойиллари, усуллари, масъул органларнинг ваколатлари ҳамда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш масалалари белгиланади. 

213-банд. Экстремизм ғоялари таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш тизимини янада такомиллаштириш.

Муддат 2018 йил 30 июнь этиб белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси тайёрланиши ва унда: 

- терроризм ва диний экстремизмга алоқадор фуқароларни, айниқса, ёшларни кечириш ва соғлом ҳаётга қайтариш, аҳоли ўртасида зарарли диний ғоялар таъсирига тушиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ишларни жадаллаштириш; 

- мазкур ишларда маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа идоралар томонидан кафилликка олиш институтининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва амалиётда қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш; 

- ушбу тоифадаги шахсларнинг бандлиги, таълим олиши, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалари назарда тутилади. 

218-банд. Диний таълимот соҳасида тадқиқотлар ўтказиш тизимини ривожлантириш. Муддати 2018 йил 20 июнь этиб белгиланган. 

Лойиҳада диний соҳада фундаментал тадқиқотлар ўтказиш, буюк аждодларимизнинг маънавий-интеллектуал меросини оммалаштириш ҳамда халқаро ва хорижий диний ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари назарда тутилади. 

219-банд. Қуръон тиловати бўйича I халқаро фестивални ташкил этиш. Муддати 2018 йил 10 июль этиб белгиланган бўлиб, фестивални Бухоро вилоятида ўтказиш кўзда тутилган. 

Ташкилий чора-тадбирлар: 

- ислом динининг асл моҳиятини жаҳон ҳамжамиятида тарғибот қилиш; 

- иқтидорли Қуръон тиловат қилувчиларни турли номинациялар бўйича рағбатлантириш; 

- жамоатчилик ҳамда ёшларнинг маънавий-маърифий етукликка эришишига кўмаклашиш; 

- Ўзбекистоннинг бой тарихий, диний мероси ва обидаларини хорижий сайёҳларга тарғиб этиш назарда тутилади 

230-банд. Ислом оламининг жаҳон фани ва цивилизациясига қўшган беқиёс меросини тарғиб қилиш борасида мусулмон давлатлари билан ўзаро мулоқотни янада фаоллаштириш. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш кўзда тутилган.

ЎМИ матбуот хизмати

Аввалроқ, Тошкент халқаро аэропортида намозхона очилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси томонидан аэропортдаги намозхонанинг ички қисми сурати эълон қилинди. Сурат муаллифи изоҳларда намозхонада эркак ва аёллар учун алоҳида жой ажратилгани, жойнамозда ибодат қилишни истовчилар учун жойнамозлар мавжудлигини айтиб ўтган. 

Фойдаланувчи сурат остига “Ўзгаришларга сабаб бўлаётган барчага, хусусан Тошкент аэропортидагиларга раҳмат. Барча жараёнлар ҳар галгидан тез ва қулайдек туюлди. Барчаларига бунданда хайрли ишларни Ўзи насиб қилсин”, дея изоҳ қолдирган. 

Бундан ташқари, намозхонада рейслар вақтини кўрсатиб турувчи мониторлар ҳам ўрнатилган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Зиёрат туризми ассоциацияси”ни ташкил этиш бўйича ҳаракатлар бошланиб, туризм йўналишидаги стандартлар ишлаб чиқилган эди.

ЎМИ матбуот хизмати

Среда, 10 Январь 2018 00:00

Азоннинг фазилати

Азон чақириш ҳижратнинг биринчи йили, Мадинада воқе бўлган. Динимизда азон чақириш суннат бўлиб, ислом аломатларидандир. Азон барчага билдириш, муайян арабча калималарни навбати билан ўқиш демак. Маъноси тушунилса-да, бошқа тилдаги таржимаси ўқилмайди.

Азон масжид ташқарисида ёки минорада чақирилади. Эшитган кимса жунуб бўлса, Қуръон ўқиётган эса-да, азон калималарини такрорлаши суннатдир. Азон калималари ва уларнинг маъноси қуйидагича:

Аллоҳу акбар Аллоҳ таоло буюкдир. У Зот ҳеч нарсага муҳтож эмас. Бандаларининг ибодатлари ўзлари учун, Аллоҳ таолога фойдаси йўқдир.

Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ Кибриёси, буюклиги ва ҳеч кимнинг ибодатига муҳтож бўлмагани ҳолда ибодат қилишга лойиқ Зот Унинг Ўзи эканига гувоҳлик бераман. У Зотнинг ўхшаши, тенги йўқдир.

Ашҳаду анна Муҳаммадур Расулуллоҳ Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло юборган пайғамбар, Аллоҳ таоло истаган ибодатлар йўлининг билдирувчиси ва Аллоҳ таолога фақат у зот ўргатган ибодатларнинг ярашиқли эканига гувоҳлик бераман.

Ҳаййа алассолаҳ, Ҳаййа алал фалаҳ – Мўминларни намозга, нажотга чорлайдиган бу икки калимага бомдод намозида “Ас солату хойрун минан-навм” (Намоз уйқудан хайрлидир) сўзи илова қилинади.

Аллоҳу акбарАллоҳ буюкдир, У Зотга лойиқ ибодатни ҳеч ким қилолмайди.

Лаа илаҳа иллаллоҳ Ибодатга, сўралишга ҳақли Зот фақат Аллоҳ таолодир. Ундан бошқа кимсанинг ибодат қилинишга ҳаққи йўқ.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинади: “Азон овозини эшитганингизда муаззиннинг айтаётганларини такрорланг” “Ҳар ким янги туғилган чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат ўқиса, Умму Сибён деган жин унга зиён етказолмайди”.

ЎМИ Матбуот хизмати

Абу Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Алфарғоний Алмарғиноний. Бу зот Халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг зурриётларидан. Имом 511 ҳижрий санада 8 ражаб ойининг душанба куни аср намозидан кейин туғилган. Имом раҳматуллоҳи алайҳ илмли оилада туғилиб вояга етган, отаси ва бобоси (она тарафдан), Умар ибн Ҳабибдан ёшлигидан фиқҳ, ихтилофли масалаларни ўргана бошлайди. Ҳадис илмини Саид ибн Асъад Марғинонийдан таълим олиб сўнгра илм талабида Марв, Бухоро, Насаф каби шаҳарларга сафарга чиққанлар. Имом кўп ибодат қилувчи, аллома, фақиҳ, усулий (усулул фиқҳ фанини мукаммал билувчи), сиқа (аҳли ҳадис наздида ишончли олим), эди.

Уламонинг имом ҳақида айтган сўзлари

Зар қадрини заргар билади деганидек, ўз даврининг етук, кўзга кўринган уламолари “Фақиҳ”, “Қозихон” номи билан машҳур Ҳасан ибн Мансур, “Итобий” деб танилган Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар “Муҳийт”, “Заҳира” китобларининг муаллифи Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазизлар имом ҳақида жуда илиқ фикрларни билдиришган. Улардан аллома Анваршоҳ Кашмирий “Имомнинг фиқҳдаги мартабасига мингта фақиҳ етолмайди”, деган.

Ислом оламига “Сияр аълам ан нубалаъ” асари билан танилган машҳур тарихчи имом Заҳабий айтади: “Аллома, Мовароуннаҳр олими, Бурҳониддин Абулҳасан Али ибн Абу Бакр илмнинг ўчоғи эди, Аллоҳ уни раҳмат қилсин. Имом ҳанафий мазҳабида масалаларни истинбот қилишда, далиллар келтиришда устозларидан ўзиб кетганди, айниқса, ҳидоя асарини ёзганидан кейин”.

Устозлари
Имом илм олишга жуда ташна эди, ўзлари ҳақида шундай дейди: “Мен илмни тўхтатмасдан, узлуксиз талаб қилганим учун шерикларимдан ўзиб кетдим”. Устозлари ҳақида “Машойихатул фуқаҳо” асарини ёзган, ҳанафий мазҳабидаги ўттизга яқин олимларни санаб ўтган эди. Улардан баъзиларини зикр қиламиз:

Отаси Абу Бакр ибн Абдужалил:

Бобоси Умар ибн Ҳабиб Абу Ҳафс қози имом (бу киши Имом Сарахсийнинг шогирди);
Аҳмад ибн Абдуррашид ибн Ҳусайн Қавомиддин Бухорий;

Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Моза ас-Садр ас-Саййид (ундан фиқҳни ўрганган);
Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Лайс Насафий ас-Самарқандий;
Ҳасан ибн Али ибн Абдулазиз Марғиноний (Сунани Термизийни таълим олган);
Зиёд ибн Илёс Абумаъалии Зоҳириддин (бу киши Фарғонадаги энг катта шайхлардан бўлган).

Шогирдлари
Имом жуда ҳам кўп шогирдлар қолдирган, шогирдлари ҳам ўз даврида ҳанафий мазҳабининг катта уламолари бўлиб етишган, улардан баъзиларини зикр қиламиз:

Ўғли Имодиддин Али ибн Аби Бакр ал Марғиноний, бу киши “ал Фусул ал Имадийя” деган китобни таълиф қилган;

ўғли Умар Абу Ҳафс Низомиддин. “Жавоҳир ал фиқҳ” китоби муаллифи;
ўғли Муҳаммад Жалолиддин Абул Фатҳ.

Учалови ҳам отасидек олим бўлган.

Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад ал Иъмодий;

Бурҳонул ислом Зарнужий. “Таълим мутаъллим” китоби  муаллифи;

Ҳасан ибн Али ибн ал Ҳажжож. Булардан ҳам бошқа кўп шогирдлари бўлган.

Китоблари

  • Имом ислом оламига жуда ҳам кўп фойдали асарларни қолдирган. Улардан:
  • Бидоятул Мубтадиъ;
  •  Кифоятул Мунтаҳи. Бу биринчи китобнинг шарҳи ҳисобланади, 80 жилддан иборат бўлган, аммо бизгача етиб келмаган;
  •  Ҳидоя;
  • Уъддатун Насики фи Иъддатил манасик;
  •  Китаб аз Зиядаат;
  • Ат танжис вал Мазийд;
  • Мунтақо;
  • Мухтороттун Навазил;
  • Мазид фил фуруъ ал ҳанафийя;
  • Машойихатул фуқаҳо. Бу китобда устозлари ҳақида ёзган.


Имом Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳига “Шайхул ислом” деган унвон берилган. У зот 544 йили ҳаж зиёратига борган ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрларни зиёрат қилишга муваффақ бўлган. 593 йил Самарқандда вафот этган.

 

Тоир РЎЗИЕВ,

Навоий вилояти бош имом-хатиби.

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бозор-ўчар қилгани чиққан эди, пулини ўғирлатиб қўйди. Буни эшитган одамлар ўғрини қарғай бошлашди. Шунда ибн Масъуд уларни бу ишдан қайтарди ва дуо қилди:

– Эй Аллоҳ! Агар пулимни ўғирлаган одам муҳтожликдан олган бўлса, олганига барака бергин. Агар муҳтож бўлмай туриб олган бўлса, шу ўғирликни ҳаётидаги энг охиргиси қилгин!

“Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан

 Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

 таржимаси

Янгиликлар

Top