muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи доирасида халқаро анжуманда иштирок этиш билан бирга вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг бориши, Самарқандга амалга оширилган аввалги ташрифлар доирасида берилган топшириқларнинг бажарилишини кузатиш ҳам кун тартибига киритилгани маълум бўлди.

Кеча, 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши билан танишиш мақсадида Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Президентининг расмий веб-сайтида берилган хабарга кўра, ташриф чоғида ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинган.

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуаси, халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳудудда жойлашадиган бошқа инфратузилма иншоотлари концепцияси билан танишгани айтилди.

Маълумот учун, Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида чойхона, савдо шохобчалари, фаввора ва бошқа зарур объектлар қуриш режалаштирилган. Икки ён томонда ландшафт дизайни асосида маҳаллий шароитга мос бутазор ва гулзорлар ташкил этиш мўлжалланган.

Давлат раҳбари марказ концепциясида зиёратчиларга қулайликлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Ушбу марказ ҳажга отланган зиёратчилар келиб, буюк алломалар меросидан баҳраманд бўладиган илмий-маърифий маскан бўлиши зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун зиёратчиларга ҳамма қулайликларни яратиш, хусусий меҳмонхоналар барпо этиш лозим. Бу ерга зиёратга келган одамларнинг ибодат қилиши билан бирга, ҳадис илмини ўрганиши учун ҳам барча шароит яратилади. Лойиҳани амалга оширишда буни алоҳида ҳисобга олиш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бугунги кунда мазкур марказ қурилиши жадал давом этмоқда. 6 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда ҳадисшунослик олий мактаби ҳам барпо этилмоқда. Марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилади.

ЎМИ матбуот хизмати

Аввалроқ, Самарқанд вилоятидаги “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактабларининг очилиш маросими ўтказилиб, унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этишгани ҳақида хабар берган эдик.

2017 йил 10 ноябрь куни эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Самарқанд вилоятида ташкил этилган Калом ва Ҳадис мактабларининг устоз ва талабалари билан учрашди. Устозга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлик қилди.

Шайх ҳазратлари ушбу мактаблар фаолияти ва дарслик адабиётлари билан танишар экан, ушбу ишдан ниҳоятда мамнун экани ва келажакда бу мактаблардан калом ва ҳадис фанлари бўйича етук олимлар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

Абдулазиз Мансур дастлаб калом мактаби ўқитувчи ва талабаларининг дарс жараёнини кузатиб, ўзининг қимматли маслаҳат ва таклифларини айтиб ўтди. Жумладан, Шайх ҳазратлари: “Калом мактабида аввало, буюк мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул Акбар” китобини асл манбадан ўқиётганларингиз ва уни ёдлашни бошлаганларингиз мени жуда ҳам хурсанд қилди. Бизнинг мазҳабимиз ва ақидамизга энг мос ва мўътабар китоб манашу китобдир. Дарсларингиз давомида ушбу китобнинг улуғ алломалар Алийюл Қорий ва Тафтазонийлар томонидан ёзилган шарҳларини ҳам ўқиб боришларингизни маслаҳат бераман. Чунки китобнинг шарҳида жуда кўп масалалар баён этилган. Шунингдек, ушбу китоблар соф араб тилида ёзилган бўлиб, бу сизларга араб тилини энг чиройли услубда ўқиш ва талаффуз қилишингизда катта ёрдам беради” дедилар.

Шайх Абдулазиз Мансуров Ҳадис мактаби ўқитувчи ва талабалари билан ҳам учрашиб, ҳадис китобларини ўқишда ва ҳадис турларини яхши ўзлаштириб боришларини таъкидлади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан талабалар учун тайёрлаб нашр қилинган буюк бобомиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “ал-Адаб ал-Муфрад” китобини ёд олишларини тавсия қилди. Ҳадислар маъносига жиддий эътибор қаратиб, унга амал қилишда ҳушёр бўлишга чақирди. Чунки, ҳадислардан фиқҳий, эътиқодий масалаларда ҳукм олишда мазҳаблар ўртасида турли қарашлар мавжудлигини эслатиб ўтди.

Бугунги кунда айрим ақидапарст оқимлар, оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилганликлари сабабли ҳам нотўғри йўлларга тушиб қолганлигини айтиб ўтди.

Шайх Абдулазиз Мансуров азалий аждодларимизнинг устоз-шогирд анъанасига мувофиқ, дарс ўтиб, яратгандан ушбу мактаб ривожи учун, уни ташкил қилишда хизмат қилган раҳбарларимиз ва барча устоз ва талабар ҳақларига дуойи хайр қилди.

Тоҳир Эвадуллаев

Пятница, 10 Ноябрь 2017 00:00

Алдагани бола яхшими?..

Болалигимиздан сеҳргарлар, ялмоғиз кампирлар, жодугарлар ҳақидаги кинофильм ва мультфильмларни кўриб улғайганмиз. Улар “абадайни- шабадайни” каби мазмуни қоронғу бўлган сўзларни айтиб “куф-суф” дейишса, кўз олдимизда ғаройиб ҳодиса юз берарди. Биз ана шу пойинтар-сойинтар сўзларни ҳақиқатан сеҳрли деб ишониб “абадайни- шабадайни куф-суф”, деб ҳам юрардик...

Бугунги болаларни бизга ўхшатиб сеҳргарлик билан алдаш камлик қилганидек, уларга жангарилик, урушқоқлик, меҳрсизлик, зўравонликни тарғиб этувчи мультфильмлар тақдим этилмоқда-ку, уларни болажонлар ота-оналари билан биргаликда роса мириқиб томоша қилмоқда. “Маша ва Маймоқвой” мультфильми бунга ёрқин мисолдир. Фарзандининг Маша каби жангари, ўзгаларни камситишдан лаззатланадиган, неъматларни исроф қилувчи инсон бўлиб тарбияланишини ҳеч ким истамайди. У ҳолда нега боласига унинг дискини олиб беради! Шунинг ўрнига боласига китоб олиб бериб, унга мутолаанинг фазилатларини тушунтириб, китобга бўлган муҳаббатини оширмайдими. Китобга ошно бўлган боладан ёмонлик чиқмаслиги эса ҳаммага аён. Боланинг қалбида эртак китоблардаги Олмос ботир, Кенжа ботирларга ўхшаб жасоратли, элсевар, юртпарвар бўлишга юракларида иштиёқ уйғонса қандай ажойиб!..

Шиддатли давр шуни тақозо этяптики, бола тарбиясида исломий қарашларни шакллантиришга кучли эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Зотан, дилбандларимиз учун яратилаётган кино ва мультфильмлардаги тушуниксиз сўзлар ўрнига “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб ўргатиб, уларнинг кўз ўнгида янгилик яратайлик. Токи, улар ана шу муқаддас калом замирида қанчалар яхшилик, эзгулик, олижаноблик мужассам эканини теран англаган ҳолда улғайсинлар.

Зебо ОМОНОВА

Бир қанча масжидларда Жума мавъизаси бошлангунга қадар «Каҳф» сураси тиловат қилинади. Айримлар, нега, айнан, жума куни ушбу сура ўқилишига қизиқишади, баъзан сабаби ҳақида ҳам бир бирларидан сўрашаётгани қулоққа чалинади. Қуйида, бунинг сабабини билиб оласиз. Келинг, дастлаб, ушбу сура ҳақида қисқача маълумотга бериб ўтсак. “Каҳф” сураси Қуръони Каримдаги «Алҳамду» билан бошланган беш сурадан бири ҳисобланади. Бу сурада, тарихий қиссаларга асосий урғу берилган. 110 оятдан иборат суранинг 71 ояти қиссалардан иборат. Сурада каҳф(ғор)га кириб олган йигитлар, икки боғ, Одам ва Иблис, Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ҳамда Зулқарнайн ҳақидаги қиссалар келтирилади.

Энди эса, жума куни нега, айнан, ушбу сура тиловат қилинишининг фазилати ҳақидаги қуйидагиларни келтириб ўтамиз:

  • Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади», деганлар.
  • Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтади: «Ал Баррознинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим. Бир киши «Каҳф» сурасини ўқий бошлади. Ҳовлида бир ҳайвон бор эди. Шунда, ҳайвон безовта бўла бошлади. Ҳалиги киши қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, У зот алайҳиссалом: «Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар».
  • Имом Муслим, Имом Насаий ва Имом Аҳмад Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасининг охирги ўн оятини ўқиса, Дажжол фитнасидан сақланади», деганлар.
  • Яна бошқа бир ривоятда: «Ким «Каҳф» сураси аввалидан ўн оят ёд олса, Дажжол фитнасидан сақланади», дейилган.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, жума куни ушбу сурани тиловат қилишнинг фазилати бисёр экан. Кимки ҳар жума «Каҳф» сурасини тадаббур билан ўқиса, дунё ва охират яхшилигига мушарраф бўлар экан. Демак, «Каҳф» сурасини ўқишга шошилайлик!

Илҳом Маърупов

тайёрлади.

Инсон доимо покиза бўлиб юришга, уйи, иш жойини саранжом қилишга одатланиши лозим. Бу билан ўзи саломат, яшаб, ишлаб турган ерида қут-барака бўлади. Дини мубинимиз ҳам инсонларни покликка чақиради. Тозалик имондан эканини уқтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Албатта, Аллоҳ покдир, покликни севади, У тозадир, тозаликни севади...”, деганлар.

Динимизда тирноқларни вақтида қисқартириш ҳам тозаликнинг бир белгиси бўлиши билан бирга, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ҳам ҳисобланади. Муҳаммад мустафо (с.а.в.) “Ким жума куни тирноқларини қисқартирса, Аллоҳ таоло ундан касалликни чиқариб, ўрнига шифо киргизиб қўяди”, деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни тирноқ олса, Аллоҳ уни кейинги жумагача балолардан сақлайди. Уч кун қўшимчаси ҳам бор”, дедилар.

Демак, тирноқ олиш орқали инсон турли касалликлардан халос бўлар экан. Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Кимки, жума куни тирноқларини қисқартирса, у инсон мохов касалидан ҳам омон бўлади”.

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб кўз оғриғидан шикоят қилди. Шунда Расули Акрам (с.а.в.): “Ким кўз оғриғи касалидан нажот топишни ва дунёда бой-бадавлат бўлишни хоҳласа, пайшанба куни аср намозидан кейин тирноқларини қисқартирсин”, дедилар.

Шу ўринда тирноқ олишнинг тартиби ҳақида ҳам билиб олсак, фойдадан холи бўлмайди. Имом Нававий бу борада шундай деганлар: “Тирноқ олишлик аввал қўллардан бошланади. Биринчи ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғидан бошлаб, сўнг ўртанча бармоқ, кейин номсиз бармоқ, сўнг жимжилоқ ва ниҳоят, бош бармоқнинг тирноқларини қисқартириш лозим. Кейин чап қўлнинг жимжилоғидан бошлаб, навбат билан бош бармоққача тирноқлар қисқартирилади. Қўллардан сўнг ўнг оёқнинг жимжилоғидан бошлаб, чап оёқнинг жимжилоғида тугатилади”. Ушбу тартиб уламолар наздида мустаҳаб саналади.

Илҳом Маърупов

тайёрлади

Янгиликлар

Top