muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 13 Ноябрь 2017 00:00

Кимни яхши кўрасан?

Ота-она фарзанд учун гўзал тарбия, чиройли ибрат тимсолидир. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол ҳам ота-онанинг фарзанд тарбияси борасидаги ўрни беқиёс эканини билдиради. Бу хусусда қуйидаги ҳадис машҳур: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир гўдак фитратда туғилади. Бас, уни ота-онаси ё яҳудий ё насроний ёки маъжусий қилиб улғайтиради”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Ақида китобларида “фитрат” оппоқ қоғоз дея таърифланади. Демак, оқ қоғозга ҳақиқий, тўғри тарбия асослари ёзилса, албатта бу келажакда ўз самарасини беради. Ота-онанинг ҳар бир ҳолати, гаплари фарзанд хотирасига муҳрланади. Сўнг фарзанд ҳам ота-онасидек гапиришга, улардек хатти-ҳаракат қилишга интилади. Бу борада, албатта, ота-онанинг ўзи ибрат бўла олиши керак. Баъзида отанинг фарзандидан: “Кимни кўпроқ яхши кўрасан, меними ёки онангними?” дея сўраётганига гувоҳ бўламиз. Шу ҳолатда ота: “Мен сенга қанча совғалар олиб бераман, мени яхши кўрасан-а?”, дейди. Она эса: “Мен сенинг ҳамма айтганларингни қиламан, мени танла”, дейди… Бола бу вазиятда қийин аҳволга тушиб қолади. Руҳиятшуносларнинг таъкидлашича, бундай саволлар болани қийнаб, руҳиятига салбий таъсир қилар экан…

Биз ўзи кимни кўп яхши кўришимиз керак? деган саволни ўзимизга берайлик-чи? Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, у иймон ҳаловатини топибди: кимга Аллоҳ ва унинг Расули бошқа нарсалардан кўра суюклироқ бўлса, кимки бир бандани фақат Аллоҳ учун яхши кўрса ва кимки Аллоҳ уни куфрдан қутқариб олгандан кейин куфрга қайтишини худди дўзахга ташланишини ёмон кўргандек ёмон кўрса”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Агар бирор нарсалар берилгани учун бирор кимни кўпроқ яхши кўришимиз керак бўлса, Аллоҳ таолонинг бизга берга неъматларини санаб адоғига ета олмаймиз. Аслида мана шу меҳрибон ота-оналаримзни ҳам бизларга Аллоҳ таоло берган! Ҳар биримиз, авваламбор, қалбимизда Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳга бўлган муҳаббатни ҳосил қилишимиз лозим. Сўнг ана шу муҳаббат уруғларини фарзандларимиз қалбига ҳам соча оламиз. Муҳаббат ҳосил қилиш учун эса муҳаббат қилувчимизни яхшилаб танишимиз керак. Танимаган, билмаган одамга меҳрли бўлиш қийин. Демак, Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини яъни Холиқлигини (йўқдан бор қилиб бизни мукаррам инсон қилиб яратганини), Раззоқ (биз қанчалар гуноҳ ишлар қилсак-да, бизларга ризқимизни доим етказишини), Ғофур (биз хато қилсак-да, бизни кечириши, ҳаммани олдида шарманда қилмаслигини), Ҳафиз (бизни ёмонликлардан асрашини) чорасиз қолган вақтларимизда, ёрдам сўраб узатган қўлларимиз ҳавода қолиб кетган вақтда бизни энг қийин вазиятларимизни осон қилиб берувчи ягона зот Аллоҳ таоло эканини чин дилдан билиб ҳис қилсак, албатта, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлади ва бу муҳаббатимизнинг нури бутун ҳаётимизни, охиратимизни ёритишга етади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳосил қилиш учун ҳам уни ҳақиқий бир илм билан танишимиз лозим. У зотнинг меҳрибонлиги, тўғри сўзлиги, омонатдорлиги, сахийлиги, барчага бирдек муомала қилиши, кечиримлилиги, умматига бўлган меҳри, бошқаларнинг дарди билан ёниши каби гўзал хислатларидан ибрат олмоғимиз даркор.

Биз ота-оналар у зотни аввал ўзимиз яқиндан таниб, яхши кўриб сўнг фарзандларимизга ҳам таълим беришимиз лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ота-онамизни ажратмай баробар яхши кўришимиз кераклигини, ота-онамиз бизга яхшилик қилмаса-да, уларга эзгулик қилишимиз лозимлигини таълим берган устоздир.

Шундай экан, биз энг кўп Аллоҳ таолони ва унинг Расулини яхши кўришимиз керак! Шундагина фарзандларимиздан: “Кимни яхши кўрасан?” деган саволимизга “Аллоҳни ва Унинг Расулини” деган гўзал жавобни эшитамиз.

Жозиба ЖАМОЛ қизи,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Понедельник, 13 Ноябрь 2017 00:00

Иғвогарлик бор ерда барака бўлмайди

Ҳазрат Мусо алайҳиссалом замонида қурғоқчиликдан ҳаёт ниҳоятда оғирлашиб кетди. Уч марта ёмғир тилаб дуо қилдилар. Ижобат бўлмади.

Шунда Мусо алайҳиссалом: “Ё Рабб, уч марта ёмғир тилаб дуо қилдик, қабул этмадинг”, деди.

Ҳақ таоло: “Токи орангизда иғвогар бор экан, сенинг ҳам, бошқаларнинг ҳам дуоларини қабул этмайман”, деди.

Ҳазрат Мусо алайҳиссалом: “Ё Рабб, иғвогар ким? Уни орамиздан чиқарамиз”, деди.

Ҳақ таоло: “Мен сизга фисқу фасодни, иғвогарликни ман қиламан”, деди.

Ҳаммалари тавба қилишди. Шундан сўнг ёмғир ёғди.

Иғвогарлик, чақимчилик энг ёмон феълдир. Иғвогарларни Аллоҳ севмайди. Иғвогарлик бор ерда барака бўлмайди.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

 

Понедельник, 13 Ноябрь 2017 00:00

Биздан обод манзиллар қолсин

Ҳар биримиз атроф-муҳитга меъёрий муносабатда бўлсак, табиат инсонга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, турмушимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади.

Атрофимиздаги жонли ва жонсиз жисмнинг ҳеч бири боқий эмас. Кўзимизга ҳеч қачон тугамайдигандек кўринган ер ости ва ер усти хазиналарининг чекланмаганини бугунги кунда йўқолиб бораётган ўсимликлар, жониворлар, тугаб бораётган фойдали қазилма конлари мисолида кўришимиз мумкин.

Борлиқдаги ҳар бир махлуқотни Аллоҳ таоло фазли карами ва ҳикмати билан яратди: «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия сураси, 17-20 оятлар).

Ушбу ояти карима замирида Аллоҳ таоло яратган ҳар бир неъматни тафаккур қилиш, уларга шукр қилиш маъноси мужассамлашган. 

Ер юзида атроф-муҳитнинг кескин бузилиши бугуннинг энг долзарб муаммоларидан биридир. Табиатга шафқатсиз муносабатда бўлиш жониворлар ва ўсимликлар дунёсининг қирилиб битишига сабаб бўлмоқда. Биосферани турли чиқиндилар билан заҳарлаш натижасида инсон ўз ҳаётига болта урмоқда.

Сувга ахлат ташлаш, чиқинди ва хазонларни ёқиш, жониворларни ноқонуний овлаш, ўрмонларни тартибсиз кесиш оқибатида юзага келган экологик муаммолар давримизнинг глобал муаммосига айланди. Инсон Аллоҳ таоло ато қилган ақл, билим ва тафаккурни ишга солиб бу муаммоларнинг олдини олмас экан, ўзини ва келажагини боши берк кўчага олиб кириб қўйиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, келажак авлодга биздан қақраган чўл эмас, обод манзиллар қолиши даркор.

Ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ҳаракат қилса шунга яраша ажр олади. Тураржойларимизни, кўча-кўйларимизни покиза сақлашимиз, ободонлаштиришимиз, жонли табиатга, ўсимликлар оламига нисбатан ижобий муносабатда бўлишимизда ҳам Аллоҳнинг розилигини топишга интилиш бўлиши даркор. Шунда хайрли амалларимиз туфайли жамият равнақ топиб, охиратда нажотга муяссар бўлишимиз, шубҳасиз. 

Ҳозир айни куз фасли эканини ҳисобга олсак, хазонларни бартараф қилишнинг бир қанча йўллари бўла туриб, уни ёқиб ўзи ва атрофдагиларни заҳарлашига жим қараб туриш табиатга нисбатан ноҳақлик. Чунки бошқаларга зиёни тегадиган амални бамайлихотир бажариш, инсон хулқининг яхши эмаслигига далил бўлади.

Шундай экан, жамиятга нисбатан ҳам, табиатга нисбатан ҳам ижобий  муносабатда бўлишимизни насиб этсин.

 

Исомиддин МУҲИДДИНОВ,

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби 

 

 

 

Ҳужжатли ёзма манбаларнинг, кейинчалик китобларнинг кўпайиши кутубхоналарнинг юзага келиши ва ривожланишига муносиб шароит яратди. Кутубхоналар ёзма ёдгорликларни сақловчи хазина сифатида жуда қадимда пайдо бўлган. Милоддан аввалги 2-минг йилликда сопол битиклари сақланган кутубхоналар бўлган. Милоддан аввалги 7-аср ўрталарида Шарқдаги кўп саройларда, қадимий Миср ва Рим ибодатхоналари қошида кутубхоналар бўлган. Қадимий даврдаги кутубхоналарнинг энг машҳури Александрия (Искандария) кутубхонаси ҳисобланади.

Бироқ ўша кутубхоналар кенг халқ оммасига мўлжалланмаган. Улардан фақат хос кишиларгина фойдаланиши мумкин бўлган. Оммавий кутубхоналарни эса дастлаб мусулмонлар очган. Чунки Ислом шариати эркагу аёл – барча-барчанинг илмли бўлишини талаб қилади, яъни илм олиш – фарзи айн.

Шу боис Ислом дини кириб келганидан бошлабоқ ушбу динни қабул қилган ҳар бир ўлкада масжидлар очилди. Мусулмонлар бу ерда муҳим ибодатларни бажариш билан бирга токчаларга териб қўйилган китобларни мутолаа қилар, савол-жавоблар қилар, баҳсу мунозаралар ўтказиб, илм ўрганар эди. Масжидларда диний мавзудаги китоблар билан бирга фалсафа ва ҳатто табиий фанларга оид китоблар ҳам келтириб қўйилган ва бундан истаган киши бемалол фойдаланган.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади

 

Time нашри дунёдаги энг нуфузли 20 та аёл номини эълон қилди. Ушбу нуфузли рўйхатдан жой олган аёллар турли соҳаларда фаолият юритишади. Бу йилги рўйхатдан келиб чиқиши асли Сомалидан бўлган америкалик муслима Ильхан Умар хоним ҳам жой олди.

Маълумот учун, 34 ёшли Ильхан Умар АҚШ конгрессининг доимий аъзоси ҳисобланади. У конгресс аъзолигига қабул қилинишда Библияга эмас, Қуръони Каримга қўл қўйиб, қасам ичган эди.

Ильхан хоним фуқаролик уруши даврида Сомалидан қочиб чиқади ва 5 йил давомида қочоқлар лагерида яшайди. Кейинчалик АҚШнинг Риверсайд шаҳрига келиб, ўқишга киради ва таълим олишни бошлайди. Ҳозирда у аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича сиёсий ташаббуслар марказида ўз меҳнат фаолиятини олиб боради. Унинг фаолияти АҚШнинг “Америка мусулмонлар уюшмаси”, Миннесота штатининг “Америка-ислом муносабатлари бўйича кенгаши” каби йирик ташкилотлар, шунингдек, бир неча ўнлаб мусулмон ҳамжамиятлари томонидан қўллаб-қувватланади.

Илҳом Маърупов

тайёрлади

 

Янгиликлар

Top