muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 06 Май 2017 00:00

“Увайсий” маҳалла маркази

Юнусобод тумани 19-мавзеида жойлашган “Увайсий” маҳалла маркази 13 та кўп қаватли уй, 32 гектардан ортиқ ер майдонини ўз ичига олади, унда 5,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.

Ушбу маҳаллага Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг сентябрь ойида ташриф буюриб, бу маҳаллани “Замонавий маҳалла” намунавий лойиҳаси асосида бунёд этиш, ободонлаштириш ишларини ўтказиш юзасидан топшириқ ҳамда кўрсатмалар берган эдилар. Қисқа муддат ичида маҳаллада таъмирлаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Олти ой ичида “Увайсий” маҳалла марказида маҳалла оқсоқоли, маслаҳатчилари, профилактика инспектори учун хоналар, қариялар учун дам олиш хонаси, замонавий жиҳозлар ҳамда компьютерлар билан таъминланган кутубхона, соябонлар, болалар ўқув маркази ҳамда дам олиш майдонлари, ўриндиқлар, болалар учун спорт майдончаси, фавворалар, гўзаллик салони, савдо шохобчаси, нонвойхона қуриб битказилди, аҳоли фойдаланишига топширилди.

Бу каби бунёдкорлик, яратувчанлик, ташаббускорликларнинг барчаси одамларнинг ҳаётидан мамнун, жамиятдан рози бўлиб яшашига қаратилгани янада қувонарлидир.  

Айниқса,  маҳаллада кутубхонанинг фаолият юритиши ёшларда китоб мутолаасига рағбат уйғотишда, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу кутубхона замонавий жиҳозлар, икки мингдан ортиқ турли мавзулардаги адабиётлар ҳамда компьютерлар билан таъминланган. Компьютерлар орқали интернет тармоғига уланиш ҳамда фойдали сайтларга кириш имконияти мавжуд.  

 

Кутубхонанинг юқори қисмига Юртбошимизнинг қуйидаги сўзлари битилган: “Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим”.

Мамлакатимиз раҳбари олиб борилган бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида ушбу маҳаллага иккинчи бора ташриф буюриб, кутубхона фаолиятни юксак баҳолаб: “Бу кутубхонани Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг филиали сифатида ташкил этиш, кутубхоначи мутахассисини ишга олиш ҳамда кутубхонадаги китоблар базасини ҳар уч ойда янгилаб туриш лозим”, деган фикрларни билдирдилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ суратга олди.

Аллоҳ ярлақаган ўзбекни азал,

Истибдод авжига чиққан бир маҳал,

Сиздек ўғлон берди, доно, бебадал,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Тенг ҳуқуқли, азим, мустақил давлат,

Тезда кучга тўлиб, қучди саодат,

Сиз туфайли бахтга юз тутди миллат,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Барҳам топди бари зулму хиёнат,

Қаддини тиклади, дину диёнат,

Асрий дуоларким топди ижобат,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Ҳар соҳа ривожда, эътибор беҳад,

Улуғ аждодларга кўрсатиб ҳурмат,

Ўзбекни оламга этдингиз ибрат,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Қатағон қилинган беайб аждод,

Сиз сабаб оқланди, номи барҳаёт,

Азизларнинг руҳин шод айлаган зот,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Имом Бухорийнинг маркази аъло,

Тадқиқот, маърифат иши беҳамто,

Заковатингизга таҳсинда дунё,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Эмин-эркин қилиб Қуръон тиловат,

Безовта юраклар топди ҳаловат,

Тазйиқсиз қилинар тоат-ибодат,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Қилган ишларингиз кўлами чексиз,

Таъриф-тавсифига каломдир ожиз,

Халқ деб ёнган сиймо, нияти холис,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

Иқтисод, сиёсат, мафкура бари,

Бўлдингиз тинчликнинг буюк сарвари,

Миллатлар тотувдир қондош сингари,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Ҳаж сари очилди йўлимиз равон,

Масжид, зиёратгоҳ обод, чароғон,

Сизга дуодадир ҳар битта инсон,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Темурий сонийсиз, соҳиби даврон,

Истиқлол йўлида улуғвор карвон,

Ўзбекистон номи элларда достон,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Халқ раъйи, истаги сиз учун дастур,

Ўзбекман деганнинг дилида ғурур,

Мислсиз раҳнамо, оловқалб, ёвқур,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Аллоҳ даргоҳига юзланган чоғи,

Куйдирди дилларни ҳажрингиз доғи,

Эй улуғ миллатнинг кўзу қароғи,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Туркманда, русда ҳам сиз учун ёдгор,

Ўзбек ўғлонига ҳурмат ифтихор,

Дунёни лол этган доно шаҳсувор,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Ортингизда қолди, муносиб издош,

Шавкатли раҳнамо элга чин сирдош,

Токи маҳшаргача руҳингиз қўлдош,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.

 

Абдулаҳад каби миллионлаб инсон,

Ёдлаб руҳингизни шод этар чандон,

Тарих саҳнасида миллий қаҳрамон,

Ислом ота, абад қалбимиздасиз.



Абдулаҳад қори Шаҳрихоний,

Бўз тумани бош имом-хатиби
MUSLIM.UZ

Суббота, 06 Май 2017 00:00

Гўшанга одоби

Халқимиз орасида миллий қадриятларимиз ила йўғрилган жуда кўп удумларимиз бор. Бу одатлар ота-боболаримиз замонасидан бери  риоя қилиниб келингани боис, одатлар асосини дин ташкил қилади деган тушунчада бўлишган.

Маълумки никоҳ икки ёшнинг оила деб аталмиш жамиятнинг бир бўлагини яратилишидир. Никоҳ маросими билан боғлиқ турли  одатлар борки, шулар  борасида фикр юритмоқчимиз.

Никоҳнинг илк кечаси  янгалар томонидан турли иримлар қилинади. Бу одатлардан ойна, косада ширин сув ва Қуръон китоб олиб кирилади. Келин-куёв ойнага қараб ўз ниятларини баён қилишлари керак. Бу каби одатларнинг ҳеч бири шариатда кўрсатилмаган. Аммо бу олдинги вақтлар жорий қилинган одат бўлиб, келин-куёвлар илк бор  бир-бирларини чимилдиқда кўришганлари учун ойна орқали бир-бирлари билан танишишган. Ҳозирги вақтда эса бундай удумга ҳожат йўқ, чунки никоҳдан олдин келин-куёв бир-бирларини таниб улгуришади. Ширин сувдан ичиб яхши ниятлар қилинади. Буларнинг ҳаммаси чаққон янгалар орқали амалга оширилади.

Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушадигани куёв томондан бир аёл, келин томондан бир аёл бўлиб, келин-куёвларнинг кроватида ётиб беришади. Кейин “туғди” маросими қилинади. Янгалар ёстиқни ўраб, унга алла айтишни бошлашади. Алла айтганга эса атрофдагилар пул беришади.  Шундан кейин “патнис чалиш” ирими бошланади.  То келин томонидан бирор нарса ундиришмагунча патниснинг овози тинмайди.
Аслида Аллоҳнинг каломидан ўқиб, келин-куёв учун чиройли дуолар қилиниши зарур.

Бошқа  ҳудудларда куёв келинни хонадонга олиб киришидан аввал аланга атрофида айлантириш  одати бор. Бу амал ҳам бидъат амаллардан бўлиб, одатда жинлардан асраш ёки бир-бирига иситиш мақсадида ўтказилади.

Келин-куёвни баланд қилиб тўшалган ўринга ётқизиб, устига кўрпа солиб қўйишади.   Ўрин атрофида аёллар эса тонг отар турли воқеаларни айтиб, гўёки келин-куёвларга ҳаётдан сабоқ беришади.

Никоҳ деб аталмиш бахт қасрининг илк кечасида турли одатлари-у, ирим-сиримлар эмас, балки  Яратгандан гўзал ниятлар ила шукрона намозларини ўқиш, дуолар қилиш даркор. Намоз ўқиб, дуолар қилиш  бир оз қўрқувда ва ҳаяжонда турган икки ёшни  тинчлантиради.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса, қўшилиш кечасида икки ракаат намоз ўқисин, ун(келин)га ҳам ортида икки ракаат намоз ўқишини айтсин. Албатта, Аллоҳ уйда яхшиликни (пайдо) қилувчидир” (Баззор ривоят қилган).

Шунинг учун ҳам ёшларга куёв жўра, келинга янга танлашда диний илмга, тиббий маданиятга эга инсонлар танланади. Бу инсонларнинг янги ҳаёт қураётган ёшларга берадиган маслаҳатлари нафақат  никоҳнинг илк кечаси, балки ҳаёт давомида дуч келадиган муаммоларда биргалашиб ечим топиш, эр ва аёллик вазифалари,  бир-бирларини тушуниш, ишонч, қайнбўйинлар билан муносабатларда ўз самарасини беради. Келин янга ва куёв жўранинг вазифалари ўта масъулиятли бўлиб, уларни кўрсатган тўғри йўллари келин-куёвларнинг янги ҳаётга кўникишларида ёрдам беради.

Ўзаро ишонч, меҳр-муҳаббат, бир-бирини қувватлаш эса ҳайрли дуолар ила юзага келади. Жамиятимиздаги қурилаётган ҳар бир янги оила мукаммал бахтга, тинчлик-хотиржамлик ва болалар кулгусига тўла бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли «ақоид» бўлади. Ислом ақидаси ҳар доим инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуидан иборатдир.

Киши одатда бирор нарсага эътиқод қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда ақида борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур. У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб мағзини англашда илму маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради.

Бинобарин, динда ҳар доим ҳам ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз нажот топаман деган кишилар адашади. Илм нажот ва бахт-саодат калитидир. Буюк тобеъин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилди. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқди. Агар уларда илм бўлганида, бу ишни қилмаган бўлар эди”.

Ақида софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Чунки ақидасиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ. Буюк бобокалонларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмининг зарурлигини баён қилиб шундай деганлар:

 

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса елдур.

 

Дарҳақиқат, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, ақида нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Динда ғулувга кетиш ҳам шулар жумласидандир. Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади.

Ғулувдан сақланиш борасида Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта айтганлар.

Шунингдек, у зот умматини огоҳлантириб бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).

Бундан билинадики, мусулмон киши шариатда буюрилмаган турли ибодатларни ўзича кўпайтириб олиб, белгиланган меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юбормасин. Ғулув диннинг кушандаси экани аниқ манбаларда қайд этилган.

Ақидани нотўғри танлашнинг салбий оқибатларидан яна бири динни жуда ҳам енгил олиб, шаръий аҳкомларни бажаришни ортга суришдир. Бунинг ҳар иккиси ҳам нотўғридир.

Ҳакимлардан бири бундай деган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: биринчиси, банданинг амалда ғулувга кетиши бўлса, иккинчиси, амалда нуқсонга йўл қўйишдир. Шайтон буларнинг қайси бири ғолиб бўлишига асло парво қилмайди”.

Банда иблис алайҳил лаънадан устун келиши учун амалини шариат мезонига солиб кўрсин. Агар унда нуқсон бўлмаса ва ҳаддан ҳам ошмаса, зафар уники. Аксинча бўлса, оқибати ҳам, шубҳасиз, аксинча бўлади. Буни билиш учун албатта илм керак. Инсон аввало тўғри йўл қайсилигини билиб олмоғи лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.

Биз ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини ўйласак, кўпроқ ўқишимиз, виждонни поклаб, комилликка интилишимиз зарур. Шунингдек, аҳил ва иноқ бўлишимиз, бир-биримизга манфаат етказишимиз, бир ёқадан бош чиқариб, мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва бузғунчи кучлардан кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз даркор.

Бугунги кунда келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларнинг ақидаси тўғри бўлиши ҳамда динда ғулувга кетмасликлари учун ота-она, маҳалла, мактаб, устоз ва мураббийлардан катта масъулият талаб этилади. Ёшларимиз турли интернет ёки шу каби ахборат воситаларига боғланиб қолар экан, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишлари ҳам мумкин. Чунки, илм интернетдан олинмайди.

Афсуски, бугунги кунда айрим мамлакатларда динни ниқоб  қилиб олган  каслар бегуноҳ одамларнинг қонини тўкмоқда, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилмоқда. Энг ачинарлиси, жангарилар ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқариб, қатл қилаётир.

Инсон огоҳ ва ҳушёр бўлсагина, ўзининг келажагига теран назар ташлайди, мушоҳада этади, фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Барчамиз неъматларга шукр қилиб, уламоларимиз айтган панду-насиҳатларга қулоқ солсак, мамлакатимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлади.

Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Аждодларга муносиб тўғри ақидада собит турадиган авлодлардан қилсин. Ҳеч кимни соф ақидадан адаштирмасин!

 

Мақсуд АКРАМОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячиси, Қироат фани мударриси

 

Суббота, 06 Май 2017 00:00

Инсон қадри азиз!

9 май – Хотира ва кадрлаш куни муносабати билан халкимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жахон уруши даҳшатларининг гувоҳи бўлган кишилар тобора камайиб бормокда. Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. Ана шу воқеалар, кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали ҳамон ўчгани йўқ.

Ушбу сана муносабати билан Тошкент шаҳридаги масжид жамоалари, имом-хатиблар томонидан динимизнинг муборак кўрсатмаларига биноан ижтимоий ёрдамга муҳтож, қаровчиси йўқ ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари оилаларига ташрифлар уюштирлиб, кўнгил сўралмоқда, Ҳомийларни жалб қилган ҳолатда хайр-эҳсон ва моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
 
Хайрия ишлари давом этмоқда.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
 
 
*   *  *
 
 

            Хотиралар – ҳаёт дарсидир

Андижондаги  Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юртининг мударрис ва талаблари иккинчи жаҳон уруши фахрийларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида ўтган куни билим юрти мудири М.Алимов бошчилигидаги Олтинкўл туманининг Жалабек қишлоғидаги Уйғур маҳалласида яшовчи 93 ёшли Турсунхўжа Ҳожиев ота хонадонида бўлдилар. 

Турсунхўжа ота билан суҳбатда отахон кўзда ёш билан айтиб берган урушнинг мудҳиш воқеалари, ўзбек ўғлонларининг ватаним деб ўз жонини қурбон қилганлари ҳақидаги хотиралар, албатта, биз ёшларда она ватанга муҳаббат, шукроналик, тинчлик ва осойишталик неъматини қадрлаш, мустақиллик неъмати туфайли яратилган имкониятлардан фойдаланиб юртимиз равқани йўлида тинмай ўқиб, изланиб, ўз билим ва ҳаракатимиз билан чин кўнгилдан хизмат қилишимизга яна бир туртки бўлди.

Суҳбат ниҳоясида билим юрти мудири Мирзамақсуд Алимов домла билим юрти мударрислари, ишчи ходимлари ва талабаларининг саломларини етказган ҳолда байрам муносабати билан билим юрти жамоаси тайёрлаган эсдалик совғасини топширди.

Қаҳрамонжон ИСРОИЛОВ,

Билим юрти ходими

Янгиликлар

Top