muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Рабиул аввал ойи кириб келиши муносабати билан бугунги жума маърузамиз Ҳазрати Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига бағишланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд саналари милодий 571 йил, қамарий ҳисоб бўйича рабиул аввал ойининг 12 - душанба куни туғилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибнинг уйида туғилганлар. Бу уй Макка шаҳрида, Каъба ва Сафо тепалигининг шарқий тарафида, Бани Ҳошим маҳалласида, ҳозирги «Макка кутубхонаси»нинг ўрнида жойлашган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оталарининг исми Абдуллоҳ бўлиб, Абдулмутталибнинг Фотима исмли хотинидан туғилган уч нафар ўғилнинг энг кичиги эди. Абдуллоҳ Фил воқеасидан олдин, 25 ёшида, Пайғамбаримиз оналарининг қорнида ҳомила эканларида Мадинада вафот этади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи бўлиб оналари Омина етти кун эмизади. Сўнг Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилган чўриси Сувайба бир неча кун эмизади. Кейин Бану Саъдлик Ҳалима розияллоҳу анҳо икки йил эмизиш бахтига муяссар бўлади.

Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ойликларида гапира бошлаганлар, тўққиз ойликларида фасоҳатли (чиройли, аниқ-тиниқ) гапирганлар ва ўн ойликларида камон отиб болалар билан ўйнай бошлаган эканлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт ёшга тўлганларида “Шаққи садр” воқеаси рўй беради, яъни Аллоҳ таоло фаришталари орқали Пайғамбаримизнинг қалб-юракларидан шайтон насибаси бўлган “нафси аммора” (ёмонликка ундовчи нафс)ни олиб ташлайди. Шу сабабли ҳам шайтон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни асло васваса қила олмаган!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшларигача оналари Оминанинг бағрида ўсадилар. Сўнг оналари ҳам вафот этади. Уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда улғайишларига Аллоҳ таолонинг ҳикмати деб қарайдилар. Агар у зот етим ўсмаганларида, бир кун келиб душманлари: “Ота-онасидан ўрганиб олган нарсани айтиб, мен пайғамбарман, демоқда”, дейишлари мумкин эди, дейдилар.

Ҳурматли намозхонлар! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари вафотидан кейин боболари Абдулмутталиб у зотни ўз қарамоғига олади. Орадан икки йил ўтиб, саккиз ёшга тўлганларида, боболари ҳам оламдан ўтади. Вафотидан олдин суюкли набирасини раҳмдил ўғли Абу Толибга топширади. Аллоҳ таоло Зуҳо сурасининг 6-оятида:

(أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآَوَى  (سورة الضحى/6

яъни:(Эй Муҳаммад, Парвардигорингиз) сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!” дея, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёш гўдаклик чоғларида етим бўлиб қолганларида, аввал боболари Абдулмутталибнинг, сўнг амакилари Абу Толибнинг қарамоғида тарбия топганларига ишора қилган (Тафсири Ибн Касир, Тафсири Насафий, Тафсири Хозин).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида қўй боққанлар, яъни чўпонлик қилганлар. Ўспиринлик ёшларидан то қирқ ёшларигача тижорат билан шуғулланганлар. Тижоратдаги шериклари Соиб ибн Абу Соиб Махзумий розияллоҳу анҳу бўлган. Жумҳур уламолар унинг мусулмон бўлганини ва Исломи гўзал бўлганини айтишади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки ёшга етганларида, меҳрибон амакилари Абу Толиб бошчилигида тижорат карвони билан Шом ўлкасига борадилар. Ҳозирги Сурия давлатининг жануби-ғарбий тарафида жойлашган Бусро шаҳрида насроний роҳиб Буҳайро Пайғамбаримиздаги пайғамбарлик аломатларини кўриб, Абу Толибга хабар беради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 25 ёшларида, ёз фаслида Макканинг катта тижоратчиларидан бўлмиш Хадича бинти Хувайлиднинг савдо карвонини Шом ўлкасига олиб борадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тижорат сафаридан қайтиб келганларидан икки ой ўтиб, қавми ичида насл-насаб, обрў-эътибор, инсоний фазилат ва бойлик жиҳатидан энг афзали бўлган, жоҳилият даврида ҳам “афифа” (иффатли), “тоҳира” (покиза) дея сифатланган, ақлли, зийрак, фаҳм-фаросатли ва ҳуснли, Макка зодагонлари етиша олмаган Хадича розияллоҳу анҳога уйланадилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 35 ёшга етканларида, ёнғин ва сел туфайли Каъбанинг деворлари нураб, йиқилай деб қолган эди. Қурайш қабиласи раҳбарлари Каъбани пойдеворигача бузиб, қайтадан қуришга қарор қилишади. Бу қурилишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам иштирок этадилар, ҳатто “Ҳажарул асвад”ни жойига қўйиш муаммосини оқилона ҳал этиб, қабилалар ўртасидаги жанжални бостириб, катта урушнинг олдини оладилар.

Азиз  жамоат!  Бугунги кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни таваллуд топган муборак кунларини хотирлаш ва ул зотнинг сийратларини ўқиб ўрганиб ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозимдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин ўз қавмлари орасида энг ишончли ва ҳеч ёлғон гапирмаганликларидан  «Амин» ишончли, омонатдор, ростгўй номини олганлар.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

(لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا (سورة الأحزاب21

яъни: (Эй, имон келтирганлар!)  Сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қиладиган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир. (Аҳзоб сураси 21-ояти).

Мусулмон одам пайғамбаримизни ҳаётини ўрганар экан, у ўзи учун  ҳаётнинг барча жабҳаларидаги фаолиятида энг олий даражадаги одоб-ахлоқ намунасини кўради. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий уммат бўлишни истаган одам, у зотнинг ҳаётларини ўрганиши ва ўзи учун  намуна қилиб олиши лозим бўлади.

Ватанимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида самарали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримизнинг гўзал одоб-ахлоқлари бизларга ҳамиша ўрнак бўла олади.  Жумладан,Пайғамбариимиз ҳадисларида умматларини илм олишга тарғиб қилиб, илм олишликни фарз даражасига кўтарганлар. Ҳадисда айтилганидек:

(" اُطْلُبُوا الْعِلْمَ وَلَوْ بِالصِّينِ ..." (رواه البيهقي

яъни:,  “Илмни Чин (Хитой) да бўлса ҳам ўрганинглар ” деганлар.

Бугунги кунда ёшларга  давлатимиз томонидан илм олишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Юзлаб ўқув юртлари, колледж ва лицейлар, умумтаълим мактаблари фарзандларимиз ихтиёрида. Мамлакатда динимизни ўргатадиган ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритмоқда. Бу улуғ илм даргоҳларида ўз соҳасида етишиб чиққан иқтидорли, фидоий устозлар ўз талабалари ва ўқувчиларига фидокорона таълим-тарбия бериб келмоқдалар. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, яратиб берилаётган шароитлардан бугунги кунда фарзандларимиз қандай фойдаланаяпти? Фарзандларимизни ҳар томонлама илмли ва баркамол бўлиб етишишлари учун бизлар ўзимиз нималар қилаяпмиз,  уларни назоратга олаяпмизми деган саволларни ўзимизга бераяпмизми?  Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, фарзандларимизни ҳар томонлама илмли, маърифатли, ватанга садоқатли  қилиб тарбиялашимиз биз учун ҳам фарз ҳам қарз бўлади.

Азиз биродарлар! Таъкидлаб қўйишимиз лозимки, мавлид маросимлари бир йилда фақат бир ой, яъни ҳижрий қамарий сананинг учинчи ойи – рабиул аввал ойи ичида ўтказилиши керак. Йил ўн икки ой мавлид маросимини ўтказавериш шаръан ва мантиқан номақбул ишдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб чин уммат бўлмоғимизни насиб этиб, Ўзи севган бандаларидан қилсин, рушду ҳидоятда барқарор айласин! Омин.

2016 йил, 9 декабрь жума тезисига илова

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Куни кеча мамлакатимизнинг Асосий Қонуни қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш вақтида  Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган таклифга биноан Ўзбекистонда  " 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинди.

Мустақил диёримизда 1997 йилдан бери ҳар йилни маълум бир соҳага бағишлаш анъанага айланган. Якунига етиб бораётган 2016 йил "Соғлом она ва бола йили" деб элон қилинган эди.

Дарҳақиқат, ислом дини таълимотида инсон бахти саодати ва унинг манфаати ҳақида кўп зикр қилинган. Аллоҳ таоло инсон зотини Ўзи яратган барча мавжудотлардан афзал ва аъло қилиб халқ этгани ва унга беадад неъматларини бергани ҳақида бундай дейди.

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا  

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Аллоҳ таоло яратган халқи, яъни барча инсонлар билан яхши муносабатда бўлиш, уларни турли салбий ҳолатлардан эҳтиёт қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, бахт-саодати йўлида хизмат қилиш барчамизни инсоний вазифамиздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларга ўқтириб, бундай дейди:

 كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ...َ

“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз,  зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз”. (Оли-Имрон, 110).

Халққа яқин бўлиш, у билан ҳамнафас бўлиш, унга нисбатан раҳм – шафқатли бўлиш, инсон манфаатлари йўлида хизмат қилиш ривожланган жамиятнинг энг олий фазилати бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар.

"Раҳимдилларга Улуғ ва Муборак Раҳмон раҳим қилади ер юзидаги инсонларга раҳим қилинглар, осмондаги (улуғликда) зот сизларга раҳим – шафқат қилур". (Имом Термизий ривояти).

Демак, ҳар биримиз қаерда ва қандай мавқеъда бўлишимиздан қатъий назар халқ билан доимо мулоқотда бўлишимиз, унга қучоғимизни очишимиз ва барча мавжудотдан улуғ ва афзал этиб яратилган ҳазрати инсон манфаатини ўзимизнинг манфаатимиздан юқори қўйишимиз лозим экан. Зеро, Пайғамбаримиз ҳадиси шарифдларида. "Ўзинга яхши кўрган нарсани бошқа инсонларга ҳам раво кўргин" деган сўзларини асло унитмайлик ва шунга мувофиқ иш қилайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни халқ билан мулоқотда бўлиш ва инсон манфаатлари йўлида янада кўпроқ солиҳ амаллар қилишимизга насибу-рўзи айласин! Омин.

 

Муҳтарам имом домла! Жорий йилнинг 1 декабридан – 30 декабрь кунига қадар Рабиул аввал, ойи яъни мавлид муносабати билан имкониятингизга қараб бирор жума кунида Имом Барзанжийнинг “Мавлиди Набий” китобидан ўқиб беришингиз, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу  йилнинг 28 ноябрь куни Наманган шаҳар “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан “Сайлов – демократик сиёсий-ҳуқуқий қадрият” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда билим юрти ўқитувчи, ходим ва талабалари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Наманган шаҳар 23-сайлов участкаси раиси, билим юрти ўқитувчиси  Алишер Анваров иштирокчиларга «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонун мазмун-моҳияти, сайлаш тизими, унинг тартиб қоидалари, Демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда сайлов жараёнларининг аҳамияти, юртимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ демократик принципларга асосланган сайлов тизими яратилгани, бугунги кунда сайлов қонунчилиги миллий қадриятларимиз ва давлатчилик тарихимиз асосида, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ, эркинлиги ва манфаатларини таъминлаш ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилганлиги тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Бундан ташқари сайловларда илк бор иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлганларга сайлов жараёнининг демократик принциплари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилганлиги, сайлаш ҳуқуқлари ва унинг тартиби тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Давра суҳбатида сўз олганлар жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётига дахлдор бўлиб, бу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга ҳеч ким бефарқ бўлмасдан, бинобарин, сайловда иштирок этиш ва ўз хоҳиш-иродасини билдириш орқали Ўзбекистоннинг ҳуқуқий демократик давлатни янада мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидан изчил боришини таъминлашга ўз улушларини қўшишларига чақирдилар.

Сўнг иштирокчиларга сайловни ўтказиш ва унда иштирок этиш тартиби ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган ролик намойиш этилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан қониқарли жавоб олдилар.

  Муҳаммадали Каттабоев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири

ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми)  ҳозирги вақтда жаҳон жамоатчилигини ташвишга солаётган энг xавфли хасталикдир. 1 декабрь – Умумжаҳон ОИТС (СПИД)га қарши кураш куни, деб эълон қилинган. Шу муносабат билан 29 ноябрь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда “Соғлом она ва бола йили” режасига мувофиқ  “Соғлом бола – юрт таянчи” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирга Тошкент шаҳар ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси Акбаров Шуҳрат Фирдавсович таклиф этилди.

Дастлаб, ЎзТВ томонидан ишланган ОИТС касаллиги ҳақида маълумотлар берувчи видеоролик намойиш этилди. Мавзу бўйича мутахассис Шуҳрат Акбаров  сўзга чиқиб, дастлаб талабалар билан интерактив усулда савол-жавоб билан бошлади. Талабалар ушбу мавзудаги ўзларида бор маълумотлар билан жавоб беришди. Шундан сўнг ҳар бир шахс ўз соғлиги ҳақида қайғуриши лозимлигини таъкидлаб ўтди. ОИТС касаллиги нафақат бизнинг диёримизда, балки бутун жаҳонда глобал муаммо ва унга қарши курашиш барча учун муҳим вазифа эканини таъкидлаб ўтди. Бу касаллик миллат, ҳудуд, жинс танламайдиган хатарли касаллик эканини талабаларга тушунтириб берди.

Тадбир давомида йиғилганларга гиёҳвандлик ва ОИТС касаллигини акс эттирувчи маълумотлардан иборат тарқатма материаллар (буклетлар) тарқатилди.

Мутахассис Ш. Акбаров ОИТСнинг гиёҳвандлик билан боғлиқлиги, ҳозирда гиёҳвандлик марказлари, ОИТС тарихи, унинг республикамизга кириб келиш босқичлари ва бу касалликнинг тарқалиш сабабларини  ҳам статистик маълумотлар асосида слайдлар  орқали кенг ёритиб берди.

Шунингдек, ОИТС га қарши кураш бўйича қабул қилинган халқаро конвенциялар, имзоланган шартномалар  ва қабул қилинган қонун ва қонуности  ҳужжатлари, уларнинг аҳамияти тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу касалликнинг юқиш йўллари, касалликнинг дастлабки белгилари ва аломатларини ҳам айтиб, бу касаллик келтириб чиқараётган ёмон оқибатлар тўғрисида ҳам гапириб ўтди.  Фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланишдаги ҳуқуқ ва бурчларини эслатиб ўтди.

Давра суҳбати қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Давра суҳбати тингловчиларининг мавзуга доир ва ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига  мутахассис Ш. Акбаров аниқ ва кенг қамровли  тушунчалар берди.

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Пятница, 02 Декабрь 2016 00:00

Лоқайдлик қиёфаси

Инсонни ҳалокатга учратадиган мусибатларнинг энг ёмони ғафлатдир. Ватан олдидаги бурч, ота-она ҳақи, фарзанду аҳли аёл олдидаги мажбуриятини адо этишдан бўйин товлаб, лоқайд яшаш, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бепарволик катта мусибатларга олиб келади.

Марҳум Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек: “Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради”.

Аллоҳ инсонга ақл, кўз, қулоқ ва қалб каби неъматларни берган. Қалб ва ақл ҳақни англамаса, кўз ибрат назари билан қарамаса, қулоқ ҳақни тингламаса, уларнинг қиймати қанча?.. Ён-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси ила қараш билан бу неъматларнинг шукрини адо этмоғимиз керак.

Қуръони каримда тинчликка, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатликка чорланган оятлар кўп. Иброҳим (алайҳиссалом) дуолари зикр этилган оятни эслайлик: «Эсланг, Иброҳим:Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”,  деди».  (Бақара, 126). 

Мазкур дуода эътиборга молик икки муҳим нуқта бор. Биринчидан, ўша пайтда Макка шаҳри тинч ва осойишта эди. Шундай бўлса-да, яна тинчлик сўраб дуо қилинмоқда. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга унинг бардавомлигини сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шунингдек, ояти каримада аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралиши осойишталик ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканини кўрсатмоқда. Шунинг ўзиёқ бузғунчи ишларига динни ниқоб қилаётган террорчилар даъвосига раддия! Динимиз кўрсатмаларида эътибор берилса, ўзгани уриш, ҳақоратлаш, ҳатто кишига ёмон назар билан қараш қатъий ман этилган. Чунки бу инсонлар орасида меҳр-оқибат, ўзаро бирдамлик йўқолишига сабаб бўлади.

Ҳадиси шарифда айтилади: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсоният учун муҳим бўлган, бироқ   кўпчилик доим ҳам эътибор қилмайдиган уч нарсани зикр қилмоқдалар: тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бугун биз бу неъматларнинг барчасидан баҳрамандмиз. Бардавом бўлиши учун эса қалб, тил ва аъзолар билан шукр қилишимиз лозим бўлади.

Кароматулло Ортиқов

Сурхондарё вилояти Денов тумани

бош имом-хатиби в.б.       

Пятница, 02 Декабрь 2016 00:00

Конституция – асосий қонунимиз

“Ҳамма  учун  виждон  эркинлиги кафолатланади.  Ҳар  бир  инсон  хоҳлаган  динига  эътиқод  қилиш  ёки  ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 31-моддаси.

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида 2016 йилнинг 30 ноябрь куни билим юрти мударрис ва талабалари иштирокида “8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун” муносабати билан “Конституция – Асосий Қонунимиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида Андижон шаҳар прокурори ёрдамчиси Ғофуров Эркинбек Комилжонович иштирок этди.

Давра суҳбатини билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовини М.Тўрақулов ва бошқалар кириш сўзи билан очиб, барчани Асосий Қонунимиз ва Қомусимиз Конституция қабул қилинганлигининг 24 йиллиги билан муборакбод этди.

            Э. Ғофуров сўзи аввалида барчани ушбу қутлуғ сана билан муборакбод этди ҳамда ушбу муҳим тадбирга таклиф қилинганлиги учун билим юрти маъмуриятига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг барча боб ва моддалари ҳақида тўлиқ мълумот бериб ўтар экан, мустақиллик туфайли халқимиз кўп нарсага эришганлиги, буни кўрмаслик, ҳис этмаслик,  қадрига етмаслик мумкин эмаслиги, қолаверса, юртимизда барча соҳалар  қатори Ислом дини равнақи учун ҳам кенг имкониятлар очилганлиги, барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилганлиги, уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётлар ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари, Рамазон  ва  Қурбон  ҳайитларини байрам  қилиб  кенг  нишонлашлари,  ҳаж  ва умра зиёратларини амалга оширишлари учун қулай шароитлар яратилганлиги, бу каби ўзгариш ва янгиланишлар замирида Асосий Қомусимиз, яъни   Конституциямиз  муҳим ўрин эгаллашини айтиб ўтди.

Э. Ғофуров Конституциямизнинг 5-бўлим, 23-бобидаги сайлов тизими ҳақида маълумот бериб ўтар экан, Конституциямизнинг 117-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик  органларига сайлаш  ва сайланиш  ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга  эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз  хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади”, деб ёзиб қўйилгани, 2016  йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон  Республикаси  Президенти  сайлови куни экани ҳақида айтиб, Асосий Қомусимиз барчамизни жамиятимиз, давлатимиз юртбошчиси бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президентига овоз бериш имкониятини берганлиги, ушбу сайловда фаол иштирок этиб эл-юрт тинчлигини ва халқ  фаравонлиги йўлида хизмат қиладиган муносиб номзодга овоз беришда фаол иштирок этишга чақирди.

Давра суҳбати якунида М .Тўрақулов сўз олиб, чақириғимизга лаббай деб жавоб бериб, ўз вақтини ажратиб келгани учун Э. Ғофуровга билим юрти маъмурияти номидан миннатдорчилик билдириб ўтди. Э. Ғофуровнинг юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида олиб бораётган ишларида муваффақиятлар тилади.     

 

                                                                                                                                 Қаҳрамонжон ИСРОИЛОВ,

билим юрти ходими

 

Янгиликлар

Top