muslim.uz

muslim.uz

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 1438 ҳижрий йил умра мавсумида хорижлик зиёратчилар учун 1500 дан ортиқ меҳмонхоналар тайёрлаб қўйилди. Саудия Арабистони ҳукумати вакилларини таъкидлашича, бу йилги “кичик ҳаж” ибодатини адо этиш учун 15 000 000 га яқин зиёратчилар ташрифи кутилмоқда. Ўтган йилги мавсумга солиштирганда бу йилги умра зиёратчилар сони 3 000 000 га ошганини кўриш мумкин.

Жорий Умра мавсумининг дастлабки кунларида мавжуд меҳмонхоналарнинг 85 фоизи банд қилиб қўйилди. Айниқса, Масжиди Ҳарам атрофидаги меҳмонхоналарга ҳар йилгидек талаб кўп.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонида ҳаж ва умра мавсумлари ҳижрий йил ҳисобида олиб борилади. Бу йилги умра мавсуми 2016 йил ноябрь ойидан 2017 йил июль ойи бошларигача давом этади.

 Мақсуд КАРИМОВ тайёрлади.

ХХ аср сўнггида мусулмон оламида Ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлди. У ҳам бўлса, мазҳабсизликка чақирувчилар тоифасидир. Мазҳабсизлик ҳаракати тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр–кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.

Мазкур тоифага кирувчи шахслар Исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, Китоб ва Сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, Исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Улар бирор–бир масалада Қуръон ва суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат.

Ўзларини “Ислом динининг фидойилари” деб эълон қилаётган бу тоифа Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратаётгани ва уларнинг бирлигига раҳна туғдираётгани ҳақида жар солмоқда.

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид соладиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Мазҳабга эргашиш аслида залолатдан узоқ бўлмоқ демакдир. Мазҳабсизлик тарафдорлари ўз даъволарини асослашда ихтилоф  ва тақлид ибораларига алоҳида урғу берадилар.

Маълумки, Исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга хос. Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишда турли туманлилик шаклда юзага келиб, мусулмонлар ички бирлигининг заифлашуви, турли тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида, хорижий, мўтазилий, қадарий, жабарий ва муржиий каби кўплаб тоифалар вужудга келган.

Фиқҳий ихтилофлар эса мутлақо бошқа мазмунга эга бўлиб, мазҳабларнинг ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга турлича ёндашув натижасида ўлароқ пайдо бўлган. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилиши мумкин эмас. Аксинча, Ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги ва мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Масалан, бирор-бир манзилга етиш учун турли томонлардан бориш имкони бўлса, киши нисбатан энг яқин ва қулай йўлни танлайди. Мусулмоннинг бирор бир мазҳабни тутишини ҳам айнан шундай ҳолатга қиёслаш мумкин. Зеро, уларда у ёки бу масала муайян халқ, миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари, менталитети ҳамда ижтимоий муносабатларнинг характеридан келиб чиқиб энг қулай ва маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш мумкин эмас. Унинг акси ўлароқ, фиқҳий масалаларда эса, бирор-бир мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим бўлади.

Шайх Рамазон Бутий айтадилар: “Мазҳабсизлик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”. Бундай ҳаракатлар эса ҳадисларда ва уламоларнинг асарларида қатъий қораланган. Қайд этилган мулоҳазалар “Қуръон ва ҳадисгагина амал қиламиз”, – дея ўзларини мужтаҳид билиб, фиқҳий мазҳабларни инкор қилаётганлар аслида, бу ҳаракатлари билан диний бирлик ва ақидавий якдилликка раҳна солаётганини исботлайди. Қолаверса, бундай иддаолар асрлар давомида мавжуд бўлиб келаётган мазҳаблар асосчилари ва уларнинг таълимотларига нисбатан бўҳтон бўлиб, мусулмон адаштиришга қаратилганини таъкидлаш ўринли бўлади.

Хулоса қилиб айтганда ислом динидаги мазҳабларнинг турли туманлиги умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпроқ мусулмонларнинг ўзи зарар кўраётганлари ҳам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм-маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соҳа бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Ҳозирги кунда биз ёшлар турли хил алдовларга учмасдан, билим олиб, жамият ривожига ўз ҳиссамизни қўшадиган бўлсак, бундай тарафкашликларнинг олдини олган бўламиз.

 

Манбалар асосида

“Кўкалдош” ўрта махсус

ислом билим юрти 3-курс талабаси

Оллоёр Юсупов тайёрлади.

 

Она тилимизда “инсон маънавияти”, “халқ маънавияти”, “жамият маънавияти”, “миллат маънавияти” каби иборалар мавжудки, бутун мазмун-моҳиятида айнан инсон, халқ, жамият ва миллат тақдири билан боғлиқ ҳаёт мезонлари акс этган. Асосий қонун руҳига нисбатан ҳам, бизнингча, шундай ибора қўлламоқ мумкин. Бинобарин, биринчи Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида маънавият тушунчасига шундай теран таъриф беради: “Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, имон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир”.    

Конституциямизнинг барча моддалари ва умумий мақсад-муддаоси ҳам айнан шу эзгу ниятларни амалга татбиқ этишга йўналтирилганидир. Жумладан, Асосий қонунимиз “Муқаддима”сидаги мана бу сўзлар халқ ва миллат қалби қаъридан келаётган, узоқ асрлар давомида изҳорини кутган маънавий шиддат ва шижоат, азму қарор ифодаси десак, янг­лишмаймиз.

“Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади”.

Шунингдек, Асосий қонунимизга кўра, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” (2-модда).

Мустақиллик йилларида биргина шу конституциявий норманинг ҳаётда қай даражада амал қилгани ва амал қилишда давом этаётганини юртимиздаги тарихий ислоҳотлар, сон-саноғи йўқ улкан бунёдкорликлар, ҳар бир соҳада эришилган ютуқ ва натижалар салмоғида кўришимиз мумкин. Тарихан жуда қисқа муддат ичида республикамизнинг дон ва ёқилғи мустақиллигига эришгани, миллионлаб одамларнинг томорқага, узоқ йиллик ижара асосида берилган йирик экин майдонларига, шахсий мулк­ка, капиталга ва улардан эмин-эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлгани, миллатнинг тарихий хотираси, шаъни ва шавкати, ор-номуси тиклангани, маданияти, маърифати, маънавияти ривож топгани – буларнинг бари давлат айнан халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилаётганининг амалий тасдиғидир.

Агар Қомусимизнинг 49-моддасида: “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”, дея белгиланиши асосида халқнинг бебаҳо маънавий мулкига ҳурмат руҳи бардавом бўлиши таъминланган бўлса, унинг 4-моддасида республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилиши кафолатланади. Бунга қўшимча равишда, 42-моддада жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига давлатнинг ғамхўрлик қилиши қатъий белгиланган.

Бош Қомусимизнинг моддалари инсон манфаатлари, хоҳиш-иродалари, унинг инсоний ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя этиши ила маънавиятимиз мезонларига катта аҳамият қаратган.

 

Нигора ҒОФУРОВА,

“Хадичаи Кубро” билим юрти ўқитувчиси

 

Четверг, 01 Декабрь 2016 00:00

Рашк – неъматми ёки иллат?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки – мўминнинг Аллоҳ харом қилган нарсасини қилмоғидир”, дедилар”. Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.

Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эр-хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишини рашк деб аташ одатга айланган (“Зикр аҳлидан сўранг”, 3-жуз).

Аллоҳ таоло ер юзида не турли мавжудотларни яратган бўлса, уларнинг ҳар бирига турли салбий ва ижобий ҳислатларни ҳам жамлаган. Ана шундай, ҳам салбий ҳам ижобий деб ҳисоблаш мумкин бўлган, ҳислатлардан бири – ўзиникини қизғаниш ҳисси бўлиб, у инсонда ҳам, бошқа мавжудотларда ҳам бор. Бу ҳисни инсонларга хосланганда уни “рашк” деб номланади. Қарангки, аксар жонзотлар ўз маконини, жуфтини ва болаларини қизғанади. Бу йўлда улар ҳалокатга учрасаларда, ўзи кабиларни ва бошқа турдаги жонзотларни йўқ қилишга ҳам тайёр бўладилар. Чунки, уларда мақсадга эришиш ҳисси кучли бўлиб, ҳайвонийлик ҳиссини жиловлаш учун ақл бўлмайди. Ҳамма гап ҳам ана шунда, яъни инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган бош мезон ақл ҳисобланади. Модомики, ақл Аллоҳ таоло берган имон билан суғорилган бўлса, инсондаги рашк туйғусини жиловлаб туради.

Қалб кўзининг заифлигидан ёки умуман ожизлигидан, аслида, ижобий ҳис саналган рашк ҳам ҳозирги кунда салбий иллатга айланиб бормоқда. Унинг меъёри бузилиши оқибатида қанчадан-қанча келишмовчиликлар бўлаяпти, муносабатларга дарз кетаяпти, меҳр-оқибат кўтарилиб, натижада оилаларнинг бузилишига олиб келаяпти. Келинг, бир фикр юритиб кўрайлик. Нима учун рашкни ижобий ҳислат деб санаяпмиз? Рашк – бу инсоннинг бир-бирига қай даражада қадрли эканлигини, эъзозини ва иккинчи томоннинг ҳаётида тутган ўрнини белгилаб берувчи восита, яъни ёқимли ҳис саналади, аслида. Чунки, инсон жуфтини қизғаниши билан унга бўлган эътиборини ва меҳрини ифода этади.

Рашк каби икки жуфтнинг ўртасида кечадиган ҳислар самимий ва аслича бўлиши учун, авваламбор, икки жуфтнинг муносабати ишонч, самимийлик пойдеворига барпо этилган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, бир-бирига аслида ишонмайдиган ва шубҳа билан қарайдиган икки жуфт ўртасида қандай рашк бўлиши мумкин? Кундалик ҳаётимизда турли оилавий жанжалларга сабабчи бўлаётган низолар, бақир-чақирлар, икки жуфтнинг бир-бирини турли бўлмағур ишларда айблашлари, аёл эрини ҳурмат қилмайдиган, эркак аёлини эъзозламайдиган муносабат – бу рашкми? Асло! Бу аслида оилада ўз ўрнини йўқотган эркак ва аёлнинг рақобатига, бир-бирига ким зўрлигини кўрсатиш борасидаги мусобақага ўхшайди, кўпроқ. Бу жанжаллашаётган икки шахснинг ўртасида бир-бирига рўкач қилаётган фидойилик у ёқда турсин, бироз бўлсада илиқлик борлигига шубҳа қиласиз. Улар баъзида бу ролга шу даражада киришиб кетадиларки, оилавий мустаҳкамликни асраш каби ниятдан асар ҳам қолмайди, балки мақсад фақат ғолиб бўлиш бўлади. Оқибатида, вазият янада чигаллашади, жуфтлар янада бир-бирларидан узоқлашадилар ва кейинги жангга тадорик кўрилади.

Энди, рашк билан боғлиқ ҳолатни бошқа томондан олиб қарайлик. Аслида, у қандай намоён бўлиши керак эди. Аллоҳ таоло ҳеч бир ҳисни бандасига ҳидоятдан узоқлашиши учун бермаган. Ҳар бирини англаш ва тўғри талқин этиш учун биз юқорида зикр этган қалб кўзи – имон йўл бошлайди. Тасаввур қилайлик, оилада икки жуфт, авваламбор, Аллоҳга таваккул қилади, унга имон келтирган ҳолда, ўз жуфтига ишонади ва эъзозлайди.

Назаримизда, рашкнинг нотўғри йўналиш олишига асосий сабаблардан бири – оиладаги тарқоқлик ҳисобланади. Ҳамма аравани ўзича тортади. Ўртада уйғунлик, бир-бирига суяниш ва оқибат йўқолгани сари, аёллар оилада аёллик ўрнини йўқотиб бораётгани (пул топадиган аёлларнинг кўп масъулиятни ўз бўйниларига олиб юбораётганликлари ва аксинча, уй бекаларининг ўзи куни билан уйда ўтираверганидан, ҳар куни кўчага чиқиб келадиган эрга нисбатан шубҳада бўлишлари) ва эркакларнинг оила бошиликни нисбатан аёлларга бериб қўяётганликлари ўзаро мутаносибликнинг йўқолиб боришига олиб келаяпти.

Рашк фақат жуфтга бўлган эътиборнинг ифодаси кўринишида ва уни харомдан сақлаш мақсадида бўлиши керак. Яъни, аёллар, бутун кунини уй ишлари билан ўтказиб тиним билмайдиган уй бекаси бўладиларми ёки умр йўлдоши қаторида баробар меҳнат қиладиган ишли аёл бўладиларми, авваламбор, ўзларининг нафис аёл, вафоли ёр, муштипар она эканликларини унутмаган ҳолда, умр йўлдошларидан ва оиланинг бошқа аъзоларидан заррача эътиборларини ва ширин сўзларини дариғ тутмасалар нақадар яхши! Меҳр кўзда, дейдилар. Ўртада уйғунлик, ҳамжиҳатлик ва якдиллик бўлса, яъни оилада бир томонда, аёли томонидан эътибор ва ғамхўрликка кўмилган эркак ва иккинчи томонда, ўз жуфтига кераклигини ҳис қилиб, бунинг натижасида гулдек очилиб бораётган аёл ўртасида ноўрин рашкка ўрин қолармикан. Авваллари шубҳа ва гумонлар оқибатидаги жанжалларга қаратилган эътибор ва куч энди меҳрга, ғамхўрликка ва самимийликка сарфланади. Чунки ҳаётимизда айрим аёллар турмуш ўртоқларидан ноўрин шубҳаланиб, телефонлари, ёзишмалари, ижтимоий тармоқдаги фаолиятларини “текшириб чиқадилар”. Нотаниш рақам, тушунарсиз ибораларни кўриб жанжал чиқарадилар. Натижада эркак ўзининг ҳамкасби, яқинлари, қариндош аёллари, қўйингки, сотувчи хола билан ҳам гаплашишга қўрқиб қолади ва яширин иш қилишга ўтади. Аммо ҳамма эркаклар ҳам тўғри, ҳалол яшамасдан, номаҳрам аёллар билан telegram, what’sapp, imo, facebook каби ижтимоий  тармоқларда яширинча дўст орттирадилар. 

Худди шу каби баъзи эркаклар ҳам аёлларини ноўрин рашк қилиб, ҳаттоки жисмоний зарар, тан жароҳати етказишгача борадилар. Аёлга хулқи ёмон бўлса, одоб бериш керак, аммо садоқатли, вафодор аёлни нега фалончи билан гаплашдинг? Нега фистончи сенга ундай қаради? Дўконга ҳам чиқма! дея дўппослаб кетиш, ёмон сифатлар ила сифатламаслик лозим. Ҳар не бўлганда ҳам хоҳ эр, хоҳ хотин жуфтини рашк қилар экан, меъёрни йўқотмаслиги, зулмга йўл қўймаслиги, муаммони жанжал ила ҳал этмаслиги лозим.  

Аллоҳ таоло жуфтларга рашкни бир-бирларидан кир ахтариш учун эмас, балки бир-бирларини Ўзи ҳаром қилган нарсалардан ва ишлардан сақлашлари ва огоҳ бўлишлари учун берган. Эр-хотин оилада, хоҳ у шахсий, хоҳ оилага тегишли муаммо бўлсин, ҳамжиҳатликда бўлсалар, икки киши бир-бирига кераклигини ва муҳтожлигини ҳис қилиб яшаса, шунинг пойдеворида ўртада ўзаро ишонч ва мутаносиблик пайдо бўлади. Бунинг натижасида рашк ҳам ёқимли туйғуга айланади.

 

Саодат ВАЛИЕВА,

“Хадичаи Кубро” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси

Россия Федерациясининг Свердловск вилоятида расмий ташриф билан меҳмон бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегация аъзолари 2016 йил З0 ноябрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Россия мусулмонлари диний қурултойи”да қатнашишди.

Қурултой Ўзбекистон делегацияси вакили “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон Исмоиловнинг Қурьон тиловати билан очилди.

Тадбирда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, ислом динининг софлигини сақлаш, бузғунчиларнинг хуружлари ва кирдикорларидан ёшларни асраш, жумладан, уларнинг ислом динига ёт ғоялари ва хатти-ҳаракатларидан доимо огоҳ бўлиш ва уларга муносиб раддиялар бериш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда раислик қилган Москва шаҳар Бош муфтийси Альбир Крганов Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти, масжидлар ва диний таълим муассасаларининг таълим тизимига юқори баҳо берди. Хусусан, у ўз нутқида, Бухоро шаҳридаги “Мир-Араб” мадрасаси фаолиятини алоҳида тилга олиб, ундаги таълим услубини юқори баҳолаб: “ушбу мадраса биз учун энг кучли мактаб ҳисобланади. Биз Россия муфтийлари ушбу илм даргоҳидан андаза олишимиз керак”, деб таькидлаб ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Янгиликлар

Top