www.muslimuz

www.muslimuz

Понедельник, 25 Ноябрь 2019 00:00

Фаришталар ювинтирган саҳоба

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайёргарлик кўрди. У бу пайтда аёли билан бирга бўлиб, ҳали ғусл қилишга улгурмаган эди. Жарчининг чақириғи янграгач, кеч қолмаслик мақсадида ғусл ҳам қилмай ташқарига отилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошчиликларида Уҳуд жангида иштирок этди. Жангда Ҳанзала розияллоҳу анҳу ўз ўлжасини излаётган оч бургутдек шиддат билан урушарди. Бир пайт кўзи Абу Суфёнга тушиб қолди ва у билан яккама якка олишди. Бир уриб, Абу Суфённи ерга йиқитади. Кейин Шаддод ибн Асвад дарҳол Абу Суфёнга ёрдам беришга келади ва қилич билан зарба бериб, Ҳанзала розияллоҳу анҳуни шаҳид этади.

Уруш якунига етгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидларни бирма-бир кўздан кечираётганларида Ҳанзала розияллоҳу анҳуни кўриб қолдилар ва саҳобаларга “Албатта, Ҳанзалани фаришталар ғусл қилдиришмоқда” дедилар. Кейин Ҳанзала ҳақида сўраш учун унинг аёлига одам юбордилар. Аёли “Эрим жунуб ҳолатда эди. Жарчининг чақириғини эшитгач, ғусл қилмай ташқарига чиқиб кетганди” деб жавоб берди. Буни эшитган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Шунинг учун уни фаришталар ювинтиришаётган эканда” дедилар.

Маълумки, шаҳид бўлган киши ювилмайди, унга жаноза ўқилмайди. Кийимидаги қон билан дафн қилинади. Фаришталар Ҳанзала розияллоҳу анҳуни ювинтиришлари эса у кишидаги жунубликни кетказиш учун эди.

Ривоятларда келишича, Ҳанзала розияллоҳу анҳуни фаришталар кумуш идишда ёмғир суви билан ювинтирган эдилар.

Бу ривоятни Имом Ҳоким, Абу Нуайм “Ҳиля”да, Байҳақий “Сунанул кубро” ва “Далоилун нубувва” да ривоят қилишган.

Кейинчалик Авс ва Хазраж қабилалари ўзларидан чиққан қаҳрамонлар билан фахраланишарди. Авс қабиласи вакиллари “Биздан фаришталар ювинтирган Ҳанзала ибн Абу Омир, вафоти сабабли Раҳмоннинг арши титраган Саъд ибн Муоз, арилар ҳимоя қилган Осим ибн Собит, гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирилган Хузайма ибн Собит чиққан” дейишса, Хазраж қабиласи вакиллари “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарвларидаёқ Қуръонни жамлаган тўрт нафар кишилар биздан чиққан. Улар Зайд ибн Собит, Абу Зайд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал” дейишарди.

Ҳадис, Сийрат китобларида Ҳанзала розияллоҳу анҳунинг исмлари келса, ёнида “Ғосийлул малааикаҳ” (“Фаришталар ювинтирган киши”) деган изоҳ бирга келтирилади.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан, жумладан, Ҳанзала розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

 

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Саҳобалар ва солиҳлар қиссаси” китоби

ва интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Жорий йилнинг 24-ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовлар Андижон вилоятига ташриф буюриб,  вилоятда фаолият кўрсатаётган барча имом – хатиблар иштирокида йиғилиш ўтказди. Йиғилишда вилоят бош имом-хатиби лавозимига Андижон вилоятидаги "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти мудири Мирзамақсуд домла Алимов Хатамбековични Андижон вилоят бош имом-хатиби лавозимига тайинлангани эълон қилинди.

Мирзамақсуд домла Алимов Хатамбекович 1973 йил Андижон вилояти Жалақудуқ туманида, зиёли оилада таваллуд топган. 1996 йилда “Имом Буҳорий” Тошкент ислом институти тамомлаган.

Иш фаолияти давомида Мирзамақсуд домла Алимов Хатамбекович Жалақудуқ туманидаги  “Сўфи қишлоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби, туман бош имом-хатиби, Андижон вилоят бош имом-хатиби ўринбосари ҳамда "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти мудири вазифаларида меҳнат қилган.

Мирзамақсуд домла Алимовга ушбу шарафли вазифада, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини таъминлаш йўлида Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраймиз.

 

 

 

 

 

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Аллоҳ таолодан Муҳаммад алайҳиссаломга келган ваҳийнинг уч тури – ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Улуми Қуръон олимлари ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратадилар. Биз ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бу фарқни билиб олиш учун ҳаракат қилиб кўрамиз.

  1. Ҳадис.

«Ҳадис» сўзи араб тилида «сўз» деган маънони англатади. Демак, ҳадис деганда Набий алаҳиссаломнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади.

Уламолар истилоҳида эса «ҳадис» қуйидагича таърифланади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий сифатлар, хулқий сифатлар ҳамда таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «ҳадис» дейилади».

Ушбу таъриф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васал­ламдан осор бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсаларни ўз ичига олмоқда. Таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

  1. «Гап». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
    турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.

Мисол учун, «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».

Мана шу муборак гапни эшитган одамлар омонат тариқасида уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина китобига киритган. Бу «қавлий (гап) суннат» дейилади.

  1. «Иш». Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
    қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва ҳоказо. Шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Бу «амалий (иш) суннат» дейилади.
  2. «Тақрир». Бу сўз бир нарсага иқрор бўлиш, унинг
    тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади.
    Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва­
    салламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи
    нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол:

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолди ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқиди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқулладилар.

Маъқуллаш «Маъқул», деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўяқолиш билан ҳам бўлади. Бу «тақририй суннат» дейилади.

  1. «Халқий сифатлар». Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларидаги сифатлари киради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб, муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, бу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.
  2. «Хулқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.
  3. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Робблари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.

  1. Ҳадиси қудсий.

«Ҳадис» лафзининг луғавий маъносини олдин ўргандик. «Қудсий» сўзи эса «муқаддас» деган маънони англатади.

Уламолар ҳадиси қудсийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган нарса ҳадиси қудсийдир».

Ҳадиси қудсийга мисол келтирамиз.

 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нималарнидир) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берганимнинг афзалини бераман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан фазли кабидир».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадис ҳадиси қудсий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айтган гапларини ўз иборалари билан нақл қилмоқдалар.

 

Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқлар.

  1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, cўзлари ҳам Аллоҳ таоло томонидандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи араблардан унга ўхшаш калом келтиришни талаб қилган, улар бунга қодир бўлмаганлар ва қиёматгача ҳам қодир бўлмайдилар. Ҳадиси қудсийда эса бу хусусият йўқ. Унинг мўъжизалиги йўқ ва Аллоҳ таоло араблардан унга ўхшаш нарса келтиришни талаб қилмаган.
  2. Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийларини, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илохий Китобнинг ўзига хос сифатларидан биридир.
  3. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берилади. Ҳадиси қудсий эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берилади.
  4. Қуръони Каримнинг барчаси, ҳар бир ҳарфигача тавотур ила ривоят қилинган[1]. Унинг барчаси қатъий собит бўлган. Ҳадиси қудсийларнинг кўпи мутавотир бўлмай, оҳод хабарлардир. Баъзи ҳадиси қудсийлар саҳиҳ, бошқалари ҳасан, яна бошқаси заиф бўлиши мумкин.
  5. Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳдан, десалар, бошқалар Аллоҳдан эмас, дейдилар.

«Шарҳу Арбаъин ан-Нававия» китобида Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқ борасида қуйидагилар айтилган:

«Қуръон ҳадиси қудсийдан қуйидагилар билан фарқланади:

– Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссалом келтириши шарт. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ.

  • Қуръони Каримнинг маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Ҳадиси қудсийнинг маъносини ривоят қилса бўлади.
  • Қуръони Каримнинг лафзи Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳ таолодан бўлиши шарт эмас.

– Қуръони Каримни таҳорат билангина ушлаш мумкин. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ.

– Қуръони Карим қироати намозда фарздир. Ҳадиси қудсийни намозда ўқиб бўлмайди. Агар қасддан ўқилса, намоз бузилади.

  • Қуръони Каримнинг ҳар бир калимаси тиловатига ўн
    савоб берилади. Ҳадиси қудсийда бундай эмас.
  • Қуръони Каримнинг бир ҳарфини инкор қилган одам кофир бўлади. Ҳадиси қудсийни инкор қилган ёки санади тўғри эмас, деган одам эса кофир бўлмайди.
  • Қуръони Карим тавотур ила собит бўлган. Ҳадиси қудсий ундай эмас».

Қўшимча тарзда айтиб ўтиш керак бўлган нарсалардан бири шуки, ҳадиси қудсийлар оз бўлиб, уларнинг сони мингтача. Ўша ададнинг ичида саҳиҳи ҳам бор, заифи ҳам бор.

III. Ҳадиси набавий.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари иккига бўлинади:

  1. Аллоҳ таолодан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинганлари.

Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятларидан бошқа ваҳийларни ҳам келтириб турганлари маълум ва машҳур. Ана шу қисм ваҳийлар Суннат сифатида ворид бўлган. Бу хилдаги Суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга етказганлар. У зотнинг етказишдан бошқа ҳеч қандай дахллари бўлмаган. Бунга мисол тариқасида имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба «Аёл киши ўз аммаси ёки холаси устига никоҳланмас» деган ҳадисни келтирадилар. Бу ҳадис ваҳий бўлиб, унинг маъносини Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васал­ламга етказганлар. У зот ҳам ўз навбатларида мусулмон умматига етказганлар ва ҳаётга татбиқ қилганлар. Мазкур хадис ворид бўлганидан бошлаб ҳамма мусулмонлар учун амма ёки хола устига уларнинг қиз жиянини кундош қилиб олиш ҳаром бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу ҳукмдан фалончи истисно», деб айта олмаганлар.

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинган эмас, балки у зотнинг ўзлари ижтиҳод этганлари.

Бундай нарсаларнинг асосий қоидаларини ва мақсадларини Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баён қилиб берганидан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўз ижтиҳодлари ила баён қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ижтиҳодлари ҳам ваҳий ўрнида бўлгаи. Агар хато бўлса, Аллоҳ таоло тўғрилаб қўйган. Бу қисмдаги Суннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи тасарруфотлар қилишга ҳақлари бўлган.

Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак мусулмонлар учун ипак кийим кийиш ҳаром эканини баён этганларидан кейин, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўзларининг хасталиклари ипак кийишни тақозо этишини айтиб, у зотдан изн сўраганларида, у кишига ипак кийим кийишга рухсат берганлар. Агар бу ҳукм Жаброил алайҳиссалом келтирган ваҳий бўлганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўзларича рухсат бермаган, балки бошқа ҳолатлардаги каби, Аллоҳ таолодан бирор хабар келишини кутган бўлар эдилар.

Ҳадис китобларимизда келтирилган ривоятларнинг аксарияти ушбу қисмга – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликни етказиш юзасидан содир бўлган икки хил Суннатга тааллуқлидир. Ислом шариатининг аҳкомларига тегишли барча нарсалар – ибодат, эътиқод, охират, одоб-ахлоқ, солиҳ амалга тарғиб қилиш, ёмонликлардан қайтариш каби ишлар шулар жумласига киради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳашр сураси, 7-оятида: «Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар», деганда, айнан шу турдаги Суннатни қасд қилгандир.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг маъноси Аллоҳ тарафидан, лафзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидандир.

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ТАЪРИФИ

«Қуръон» сўзининг луғавий маъноси

Энг аввал «Қуръон» лафзининг асл келиб чиқишини ўрганиб олишимиз, унинг луғавий далолатларига, Қуръон учун ихтиёр қилинган бошқа муҳим исмларга тўхталиб ўтишимиз лозим.

«Қуръон» лафзининг келиб чиқиши хусусида уламолар турли хил фикрларни айтганлар. Баъзилар уни ҳамзали, деса, бошқалар ҳамзасиз, дейдилар. Ҳамзасиз, дейдиган уламолар Шофеъий, Фарро, Ашъарий ва уларга эргашганлардир.

Шофеъий бу борада шундай дейди:

«Албатта, «Қуръон» лафзи маърифа (яъни «ал-» аниқлик артиклига эга сўз) бўлиб, бошқа лафздан чиқариб олинмаган ва ҳамзали ҳам эмас. Балки Набий соллаллоҳу алайҳи васал­ламга нозил қилинган каломга атоқли исм қилиб қўйилган табиий номдир, «Қуръон» лафзи «قَرَأَ» – «қороъа» феълидан олинмаган. Агар ушбу феълдан олинган бўлганида, ҳар бир ўқиладиган нарса Қуръон бўлиб қоларди. Лекин у Аллоҳнинг Каломига қўйилган номдир, худди Таврот ва Инжил каби».

Фарро эса қуйидагиларни айтади:

«"Қуръон" лафзи «قَرِينَة» – «қорийна» (яъни «яқин») сўзининг кўплик шакли бўлган «قَرَائِن» – «қороин» сўзидан чиқариб олинган. Чунки оятлар бир-бирига ўхшаш, яъни яқиндир. Маълумки, «قَرَائِن» калимасидаги «нун» аслийдир».

Ашъарий ва у кишига эргашганларнинг фикри қуйидагича:

«"Қуръон" лафзи «قَرَنَ الشَّيْءُ بِالشَّيْءِ» – «қоронаш-шай’а биш-шай’и» жумласидаги «قَرَنَ» – «қорона» феълидан чиқариб олинган, яъни «қўшди» маъносини англатади. Чунки суралар ва оятлар бир-бирига яқин бўлиб, уларнинг баъзиси баъзисига қўшилади».

Мазкур «"Қуръон" сўзи ҳамзасиздир» деган учала фикр ҳам тўғри эмаслигини билиш учун луғат ва тил қоидаларини ўрганишнинг ўзи кифоя.

Зажжож, Лиҳёний ва бошқалар «Қуръон» лафзи ҳамзалидир, дейишади.

Зажжож шундай дейди:

«"Қуръон" лафзи «فُعْلَان» – «фуълон» вазнидаги ҳамзали калима бўлиб, «жамламоқ» маъносидаги «قَرْء» – «қоръун» сўзидан олинган. Масалан, ҳовузга сув тўпланганини айтиш учун араблар ушбу «қоръун» калимасини ишлатади-лар. Қуръонга шундай ном берилиши ўзидан олдинги ки-тобларнинг самарасини жамлаганидандир».

Лиҳёний қуйидагиларни айтади:

«"Қуръон" калимаси «غُفْرَان» – «ғуфрон» вазнидаги ҳамзали масдар бўлиб, «тиловат қилди» маъносидаги «قَرَأَ» – «қоро’а» феълидан олинган. У «исми мафъул» маъносида­ги масдардир. Шу боис ўқиладиган нарса (яъни Қуръон) у билан номланди».

Охирги энг кучли ва тўғри фикрга кўра, «Қуръон» сўзи луғатда «қироат»нинг маънодошидир.

«Қуръон» сўзи араб тилида бир неча маъноларни ифода қилади ва бу маънолар Аллоҳ таолонинг ушбу номдаги Китоби – Қуръони Каримда ҳам ўз ифодасини топган.

  1. «Ўқиш» маъноси.

Буйруқ майлидаги «Иқроъ» – «Ўқи!», «Қироат қил!» маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий ваҳий маж-муасининг номи «ўқиш», «ўқилмиш», «қироат қилинмиш» деган маъноларни англатувчи масдар – «Қуръон» бўлиб қолди. «Қуръон» ва «қироат» сўзларининг маъноси бирдир. Бу гапнинг далили Қуръони Каримнинг Исро сурасидаги оятда келган:

أَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ لِدُلُوكِ ٱلشَّمۡسِ إِلَىٰ غَسَقِ ٱلَّيۡلِ وَقُرۡءَانَ ٱلۡفَجۡرِۖ إِنَّ قُرۡءَانَ ٱلۡفَجۡرِ كَانَ مَشۡهُودٗا

«Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо эт. «Фажр Қуръони»ни хам. Албатта, «фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир» (78-оят).

Ушбу оятдаги «фажр Қуръони» деган жумла «тонгги қироат» деган маънони билдиради.

Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида шундай марҳамат қилади:

إِنَّ عَلَيۡنَا جَمۡعَهُۥ وَقُرۡءَانَهُۥ* فَإِذَا قَرَأۡنَٰهُ فَٱتَّبِعۡ قُرۡءَانَهُۥ

«Албатта, у (Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур» (17-18-оятлар).

Бу оятларда биз «ўқиб бериш», «қироат» дея таржима қилган сўз «қуръан» калимасидир.

Ислом дини бош дастурининг айнан «Қуръон», яъни «Ўқиш» ёки «Ўқилмиш» деб номланишида ҳам катта маъно ўз ифодасини топган. «Бу дин илмга, маърифатга асосланган диндир, бу Калом илмга, маърифатга асосланган Каломдир» деган маъно бор бунда.

  1. «Жамлаш» маъноси.

Луғатшунослар «Қуръон» лафзининг «ўқимоқ», «қироат қилмоқ»дан ташқари «жамлаш, ўзида мужассам этиш» маънолари ҳам борлигини таъкидлайдилар.

Аввалги араблар «قَرَأَ» лафзини «тиловат» маъносидан бошқа маънода ҳам, мисол учун, «жамлаш, ўзида мужас­сам этиш» маъносида ҳам ишлатар эдилар. Бунга Амр ибн Кулсум Тағлибийнинг турмуш қурмаган бокира қизни сифатлаб, «لَمْ تَقْرَأْ جَنِيناً» – «ўзида ҳомила мужассам этмаган» де­ган гапи мисол бўла олади.

«Қуръон» лафзида «жамлаш» маъноси борлигида Аллоҳнинг охирги каломи ҳарфлар ва сўзларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланишидан, оят ва сураларнинг бирикишидан ҳосил бўлганига ҳамда бу Китоб ўзида дунёю охират яхшиликларини жамлаганига ишора бор. Бунда яна Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маънолари, ҳикматлари ва ҳукмларини ўзида мужассам этганига имо қилиш ҳам бор.

  1. «Ёдлаш» маъноси.

Шу билан бирга, унинг «Қуръон» деб номланишида қалбларда ёд сақланишига ҳам ишора бор. Чунки «Қуръон» сўзи «қироат» сўзидан келиб чиққан ва «қироат» калимасида «хотирада сақламоқ» деган маъно ҳам бор.

«Қуръон» сўзининг истилоҳий маъноси

Мана, салкам ўн беш асрдан буён кўпчилик «Қуръон» лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, унинг мусулмонларнинг муқаддас Китоби эканини тан олиб келмоқда. Лекин Қуръони Каримни таниш унинг исмининг луғавий маъносини ёки у кимларнинг муқаддас Китоби эканини билишнинг ўзи билан бўлмайди. Бу муқаддас Китобнинг қандай китоб эканини билиш учун ҳам илм эгаларининг махсус таърифига мурожаат қилишга тўғри келади.

«Улуми Қуръон» илми мутахассислари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотур ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломидир».

Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун уни бир оз шарҳлашимизга тўғри келади.

«Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган» деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа пайғамбарларига нозил қилган Забур, Таврот, Инжил ҳамда турли саҳифалари Қуръони Карим бўлмаслиги келиб чиқади. Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этилмагани учун Қуръони Карим бўла олмайди.

«Тавотур ила нақл қилинган» деган иборадан тавотур ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади. «Тавотур» деганда каломнинг ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражадаги кўп сонли кишилар томонидан нақл қилиниши тушунилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли, яъни бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган одамлар бўлиб, кўпликлари сабабли ёлғонга келишиб олишга ҳам имконлари йўқ бўлади.

Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача ҳар бир сўз айнан ана шу тарзда нақл қилинган. Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амини – ишончли соҳиби бўлмиш Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар. Ушбу нақл қандай кечишини, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандай етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари билан кўриб турганлар.

Бунинг устига, ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Менга котибларни чақиринглар», дер эдилар. Котиб саҳобалар келганларидан сўнг, уларга ояти карималарни Жаброил алайҳиссаломдан қандай қабул қилиб олган бўлсалар, шундай қилиб ўқиб берар эдилар. Котиблик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзар, бошқа саҳобалар эса ана шундай эҳтимом ила ёд олар эдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир калимаси, ҳар бир ҳарфининг мисли кўрилмаган эътибор билан қабул қилиб олиниши, ёдланиши, ёзилиши ҳамда амал қилинишига васфига сўз ожиз қоладигаи даражада катта аҳамият берганлар.

Аллоҳ таоло эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва­салламга Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ солишни буюрган. К^уръони Карим оятларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига жойланиб, тилларидан жорий бўлишини ҳамда унинг тафсирини баён қилиб беришни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган.

Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ҳам шогирдларига оятларни юқорида зикр қилинганидек, ҳарма-ҳарф етказганлар. Қуръони Карим ўша даврдан ҳозиргача худди ўша тарзда сон-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб келмоқда.

«Ибодатда ўқиладиган» деган қайддан «намозда ўқиладиган» деган маъно келиб чиқади.

Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий Китобни ажратиб турувчи сифатлардан биридир.

«Ожиз қолдирувчи калом» деган сифат ҳам фақатгина Қуръони Каримнинг ўзига хос хусусиятлардан биридир.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан, ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам, унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида одамларни, агар қодир бўлсалар, Қуръони Каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар, бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар, чиқа олмаяптилар, чиқа ол­майдилар ҳам.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг асосий мўъжизалари қилди. Аввал ўтган пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди. Ўша пайғамбарлар алайҳимуссалом бу дунёдан ўтишлари билан у зотларга берилган мўъжиза ҳам ўз кучини йўқотар эди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарларнинг шариатлари вақтинчалик эди, Бинобарин, уларнинг мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, у зотга асосий мўъжиза сифатида қиёматгача боқий қоладиган, у зотнинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган маънавий мўъжиза – Қуръони Карим берилди.

Қуръони Каримнинг ушбу таърифи араб тили уламолари, фақиҳлар ва усули фиқҳ олимлари орасида иттифоқ қилинган таърифдир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Қуръоннинг исмлари;

Қуръоннинг нозил бўлиши;

 

[1] «Тавотур» – ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган, ниҳоятда кўп сонли ровийлар томонидан ривоят қилинган бўлиш. Бундай ҳадис мутавотир дейилади. «Оҳод» – ровийларининг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадис.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижратга шошилмадилар. Ўзлари билан Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ва Али (розияллоҳу анҳу)ни олиб қолдилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Ясрибга ҳижрат қилиш учун ижозат сўраганларида:

“Сабр қилинг, балки Аллоҳ сизга бир ҳамроҳ бериб қолар”, деб Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг сафарини орқага сурдилар.

Абу Жаҳл ва унинг шериклари Ислом Маккадан ташқарига тарқалиб, Ясриб аҳолиси орасида кенгайиб кетаётганидан жуда қўрқар эди. Бунинг устига мусулмонлар Ясрибга ҳижрат қилаётгани, уларни ясрибликлар эски қадрдонлардек, меҳмоннавозлик билан қучоқ очиб кутиб олишаётганини эшитганларидан кейин, агар Муҳаммад ҳам Ясрибга кетиб қолса ва у ерда мусулмонларни бирлаштириб, уларга ўзи бошчилик қилса, бу душманни кейин енгиб бўлмайди, катта хавф-хатарга қоламиз, Макка тижорати учун Шом йўли ҳам бекилади, деган ваҳима мушрикларни чулғаб олди.

“Муҳаммад кучайяпти, бутун атроф унга ишоняпти, бу катта таҳликадир, уни ўлдириб, бу таҳликанинг олдини олайлик”, дейишди.

Мушриклар маслаҳатга тўпланиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қандай усул билан йўқотиш устида бош қотиришди. Уларга Абу Жаҳл бундай маслаҳат берди:

“Қурайш қабиласининг ҳамма уруғларидан биттадан одам танланади. Улар кескир қиличлар билан қуролланиб, бир пайтда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳужум қилади ва баравар зарба билан ўлдиради. Ким ўлдиргани аниқ бўлмагач, ҳошимийлар даъво қилолмайди ва дия (хун ҳақи) олиш билан кифояланади”.

Абу Жаҳлнинг бу таклифи бир овоздан қабул қилинди. Мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйларини ўраб олди. Жаброил (алайҳиссалом) бу воқеадан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни хабардор қилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)ни чақиртириб, унга:

“Мен Мадинага кетяпман. Бу омонатларни эртага эгаларига топшириб, мендан кейин бу ерда қолмасдан, сен ҳам йўлга чиқ! Бу кеча менинг ўрнимга кириб ёт! Менинг ёпинчиғим билан ўран!” дедилар. Кейин шу кеча хоналаридан чиқиб, Ёсин сурасидан:

وَجَعَلۡنَا مِنۢ بَيۡنِ أَيۡدِيهِمۡ سَدّٗا وَمِنۡ خَلۡفِهِمۡ سَدّٗا فَأَغۡشَيۡنَٰهُمۡ فَهُمۡ لَا يُبۡصِرُونَ

«Яна уларнинг олдиларидан бир тўсиқ (парда), ортларидан бир тўсиқ (парда) қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар «кўра» олмаслар» (Ёсин, 9), ояти каримани ўқиб, ердан бир сиқим тупроқ олиб, мушрикларнинг устиларидан сочдилар ва уларнинг олдидан ўтиб кетдилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг уйига бориб, пиёда Маккадан чиқиб кетишди.

Шу кун икковлон пиёда юриб Савр тоғидаги ғорга етиб боришди. У ерда бир неча кун туришди. Қурайш кофирлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг чиқиб кетганларини билганидан кейин, чор-атрофга одам юбориб, у кишини излай бошлади. Қидирувчилар ғорнинг оғзигача борди. Аллоҳ таоло уларни ғор ичига киришдан йироқ қилди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) уларни кўриб туришган эди. Ҳаттоки, Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) бир оз қўрқди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакрга: “Қўрқманг, Аллоҳ биз билан биргадир”, дедилар.

Эртасига дунёдаги энг содиқ икки дўст, бир неча кундан буён Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) сафарга тайёрлаб, боқиб турган туяларга миниб, биргалашиб Ясриб томонга қараб жўнаб кетишди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَإِذۡ يَمۡكُرُ بِكَ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ لِيُثۡبِتُوكَ أَوۡ يَقۡتُلُوكَ أَوۡ يُخۡرِجُوكَۚ وَيَمۡكُرُونَ وَيَمۡكُرُ ٱللَّهُۖ وَٱللَّهُ خَيۡرُ ٱلۡمَٰكِرِينَ

«Кофир бўлганлар сизни асир олиш ё ўлдириш, ёки (юрт­дан) чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсланг! (Улар) макр қилади, Аллоҳ ҳам “макр” қилади. Аллоҳ макр қилувчиларнинг яхшисидир» (Анфол, 30).

Маккадан Мадинага юрадиган карвон қумликлар ва тоғлар орасидан ўтади ҳамда бир неча кунга чўзилади. Шунинг учун улар турли қишлоқларда қўниб ўтади. Масалан: Маккадан чиққан карвон Саниятул Ғазол, Кадид, Халис, Ғуддид, Кулийя, Жўҳфа, Бадр, Равжо ва Зулҳулайфа қишлоқларини босиб, сўнг Ясрибга кириб келарди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамроҳлари билан карвон йўлида мушрикларга дуч келиб қолмаслик, уларни чалғитиш учун, карвон йўлини баъзи жойларда кесиб ўтиб, занжир ҳосил қилиб сафар қилдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сафар йўллари аввал Ясрибга қарама-қарши тарафга, яъни Савр тоғига бўлди. У ердан Ҳудайбийяга бордилар, Батни Мурра яқинида карвон йўлини кесиб ўтиб, Асфон яқинидан ўтдилар. Карвон йўлини яна Амаж қишлоғи яқинида кесиб ўтиб, Умму Маъбад чодирига етдилар. Қарама-қарши карвон йўлини кесиб ўтиб, Саниятул Мурра қишлоғига ва у ердан бир неча кичик-кичик қишлоқлар оралаб, Қубога етиб бордилар.

Ясрибга аввалроқ ҳижрат қилган муҳожирлар ва уларга ғамхўрлик қилган ансорлар шаҳар ташқарисига чиқиб, севимли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни интизорлик билан кутиб туришарди.

Ҳаво иссиқ, барча мусулмонлар ўзларини сояга олган эди. Зарурат билан қир тепасига чиққан бир ясриблик яҳудий узоқдан бир тўп қора кийимлилар орасида оқ либос кийган икки кишига кўзи тушди. Ясрибликлар интизор бўлиб кутаётган кишилар шулар бўлса керак, деб беихтиёр: “Эй араб эли, бахтинглар келди, иқболинглар очилди”, деб бақирди.

Шу куни Ясриб яқинида Шомдан қайтаётган мусулмонлар тижорат карвони Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га йўлиқиб қолди, уларнинг бошлиғи Зубайр ибн Аввом эди. Улар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва ҳамроҳларини кўриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, шаҳримизга келишингиз муборак бўлсин, янгилик бўлсин”, деб икки оқ либосни икковларининг устиларига кийгазиб қўйишди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг келаётганларини эшитган мусулмонлар соя-салқиндан чиқиб келиб, у зотга пешвоз чиқди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ясрибдан тўрт чақирим масофадаги Қубо қишлоғига келиб тушдилар. Бу кун милодий сананинг 622 йил, 20 сентябр, Рабиул аввал ойининг ўн иккиси, душанба куни эди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қубода бир неча кун қолиб кетдилар. У ерда Қубо масжидини бино қилиш учун жой ҳозирладилар. Саҳобалар билан биргаликда тош жамланди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари масжид қибласини тўғрилаб, кейин муборак қўллари билан масжид пойдеворига биринчи тошни қўйиб бердилар.

Қуръони каримда бу жой:

لَّمَسۡجِدٌ أُسِّسَ عَلَى ٱلتَّقۡوَىٰ مِنۡ أَوَّلِ يَوۡمٍ

«Биринчи кундан тақвога асосланган масжид» (Тавба, 108), деб зикр қилинди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума куни қуёш чиқар пайтида юзга яқин мусулмонлар ҳамроҳлигида Ясриб шаҳри томон юрдилар. Ярим йўлга борганда пешин намозининг вақти кирди. Шу ерда мусулмонлар учун жума намози фарз бўлди ва биринчи жума намози ҳам, биринчи жума хутбаси ҳам шу ерда ўқилди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу куни ҳамду санодан сўнг: «Эй инсонлар, саломатлик пайтингизда охиратингиз учун тайёргарлик кўринглар. Билинглар, қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурига таржимонсиз, воситачисиз борганингизда, Аллоҳ сизга: “Сенга менинг Расулим келиб огоҳлантирмадими? Мен сенга мол бердим, сенга лутфу эҳсон қилдим, ўзинг учун қандай ҳозирлик кўрдинг? Нафсинг учун нима ҳозирладинг?” деб сўрайди. Шунда ўнг ва чап томонингизга қараб ҳеч нарса топа олмайсиз, сўнгра олд томонга қарайсиз, жаҳаннамдан бошқа ҳеч нарса кўрмайсиз. Шундай экан, ҳар ким ўзини, ҳаттоки яримта хурмо билан бўлса ҳам, оловдан сақласин, яхшиликлар қилсин. Уни топа олмаса, гўзал сўз билан ўзини қутқарсин. Чунки яхшиликнинг ўн баробардан юз баробаргача савоби бордир. Барчангизга Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин», дедилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонлар билан биринчи жумани ўқиган жойларига бугунги кунда “Жумъа” масжиди деб айтилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума намозидан кейин Ясриб шаҳрига яқинлашдилар. Ясриб аҳлининг қалбини Аллоҳ аллақачон ҳидоятга очиб қўйган эди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни жуда катта ҳурмат билан кутиб олишди. Каттаю кичик, эркагу аёл кўчаларга, томларга чиқиб, Санийятул Вадо тепалигида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўзлари тушиши билан юраклари жўшиб, “Расулуллоҳ” (Аллоҳнинг расули) келди, деб севинганларидан жўр бўлиб оҳанг билан:

“Талаъал бадру алайна мин санийятил вадоъи,

Важабаш шукру алайна модаъа лиллаҳи доъи,

Айюҳал мабъусу фийна жиъта бил-амрил мутоъи,

Жиъта шаррафтал Мадина, марҳабан ё хойра доъи.

Таржимаси:

Тўлин ой чиқди бизларга Вадо тоғининг устидан,

Керакдур шукрини айтмоқ, бу дунё борича биздан.

Келибсиз, хуш келибсиз, эй юбормиш Аллоҳ элчиси,

Келиб Мадинани шарафлантирган, марҳабо, эй моҳир доъи.

дейишар эди. Халқ Санийятул Вадо тепалигидан кўринган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўн тўрт кунлик ойга ўхшатди. Бир-бирларини табриклашди. Ясрибда мусулмонлар сонининг кўпайишини буюк неъмат деб билдилар. Айниқса, ёш қиз болалар севинч кўз ёшлари билан:

“Биз қаҳрамонликда донг таратган Бани Нажжорнинг қизларимиз. Ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз билан қўшни бўлганлари билан фахрланамиз”, дейишди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) болаларга яқин келиб: “Мени яхши кўрасизларми?” дедилар. Болалар: “Жону дилимиз билан яхши кўрамиз”, деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам болаларнинг жавобларидан мамнун бўлиб: “Мен ҳам сизларни севаман”, дедилар.

Ҳар бир ясриблик мусулмон у кишини ўз уйига тушишларини истаб, таклиф этарди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга:

“Туяни ўз ҳолига қўйинглар, у қаерда тўхтаса, ўша ерда меҳмон бўламиз”, дедилар. Туя аста-секин юриб, ҳозирги Масжиди Набий қурилган жойга келиб чўкди. Бир оздан кейин ўрнидан туриб, Масжид минбари қўйилган жойга бориб чўкди ва бўкира бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Иншааллоҳ манзилимиз шу ердир”, дедилар ва туядан тушиб: “Бу ерга энг яқин уй кимнинг уйи?” деб сўрадилар. Ҳозирда қабрлари Истанбулда бўлган Абу Айюб Ансорий дарҳол Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яқин келиб: “Энг яқин уй менинг уйимдир, ё Расулуллоҳ”, деб юкларни кўтариб, ўз уйи томон бошлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

وَقُل رَّبِّ أَنزِلۡنِي مُنزَلٗا مُّبَارَكٗا وَأَنتَ خَيۡرُ ٱلۡمُنزِلِينَ

«Яна айт: “Эй Раббим! Мени бир муборак манзилга туширгин! Сен (манзилга) туширувчиларнинг яхшисидирсан”» (Муъминун, 29), деб дуо қилдилар ва Абу Айюбнинг орқасидан юрдилар. Туя чўккан жойнинг ҳақини тўлаб, сотиб олдилар ва у ерга масжид, ёнига эса оилалари учун ҳужралар қуришни буюриб, ўзлари то масжид қурилгунга қадар Абу Айюбнинг уйида турдилар.

Ҳижратнинг иккинчи йили, сафар ойида масжид қуриб битказилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжид ёнида ўзлари учун қурилган алоҳида хоналарга кўчиб ўтдилар. Бу хоналар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “азвожи мутаҳҳарот”лари учун қурилган бўлиб, улар “саодат ҳужралари” дейилар эди. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ана шу ҳужраларнинг бирида турган, ёш бўлса-да, Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)дек улуғ саҳобанинг хонадонларида тарбия кўрган фарзанд эканини ҳар бир қадамда изҳор қилган ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муҳаббатларини қозонишга муяссар бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга яшаган тўққиз йиллик ҳаётлари давомида ваҳийга шоҳид бўлиб, кўп илм ўрганди ва саҳобалар орасида улуғ муфассирлар ҳамда фиқҳ билимдонлари қаторидан жой олди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларининг кўпчилиги деҳқонлар ва савдогарлар эди. Улар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан фақат намоз вақтларидагина кўриша оларди.

Шунинг учун масжиднинг ёнига бир суффа ҳам қилиниб, унинг усти капа шаклида ёпилди ва у суффада фақир саҳобалар, бошпанасиз ғариблар яшай бошлади. Улар доим масжидда бўлар, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларидан ҳеч ажралмас эди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ҳам Суффа асҳобларидан эди. Улар доим Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларида бўлиб, дин таълимини ўрганишар, ваҳийларни биринчи бўлиб тинглашар, Қуръон ва ҳадисни ўрганишар эди. У жой алоҳида ўзига хос мактаб бўлиб, бу мактабнинг дарсхонаси масжид, маскани Суффа, талабалари Суффа асҳоблари ва муаллими Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари эдилар. Суффа асҳоблари бутун ҳаётларини дин ва илмга бахшида этган эди. Ислом илмларининг дастлабки мактаби шу тариқа табиий ва содда ҳолда бунёд этилди. Ўзига тўқ бўлган саҳобалар бу ерда истиқомат қиладиган толиби илмлар – “аҳли суффа”ларга қарар ва озиқ-овқатларидан хабар олиб турарди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинадан ташқари бирор ерга муаллим юбормоқчи бўлсалар, Суффа асҳобларидан бирини танлаб юборар эдилар.

Пайғамбар масжидининг қурилиши битгандан кейин масжид жамоасини жамоат намозларига чақириш муаммоси пайдо бўлди. Масжидга яқин мавзеларда яшовчи мусулмонлар намозга аввалги вақтда келиб олишар, узоқдагилар етиб келгунча кутишга мажбур бўлишар эди. Бу ҳол жамоатга оғирлик қила бошлади. Жума ва бошқа фарз намозларни ўз вақтида билдирадиган бир аломатга муҳтож бўлишди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларни машваратга йиғдилар. Баъзилар қўнғироқ чалишни, яна баъзилар карнай чалишни, учинчилари эса тепаликка олов ёқишни таклиф қилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу одатлар яҳудийлар, насронийлар ва мажусийларнинг одатлари эканини айтиб, маъқул кўрмадилар. Машварат аҳли, ҳозирча Билол ҳабаший баланд овоз билан: “Намозга, намозга!” деб чақириб туришига иттифоқ қилиб тарқалди. Шу куни кечаси ансорлардан бири Абдуллоҳ ибн Зайд туш кўрди ва дарҳол келиб кўрган тушини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтиб берди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўлиб: “Иншааллоҳ, ҳақ туш кўрибсан. Кўрганингни Билолга айтиб тур, унинг овози сеникидан баландроқ, азонни у айтсин!” дедилар.

Билолнинг азон товушини эшитиб, Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, шундай туш кўрганини айтди. Айни шу пайтда Жаброил (алайҳиссалом) азон ҳақида ваҳий ҳам келтирган эди. Шундай қилиб, азон намоз вақти ва дин эркинлигининг аломати сифатида жорий этилди. Азон лафзлари эшитганларга Аллоҳнинг ягоналигини, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақлигини эълон этиш билан бирга, намознинг улуғ ибодат ва нажот топишнинг асосий йўриғи эканини эслатади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳижратларигача Ясриб деб аталган шаҳар, у зот келганларидан сўнг “Мадинатун Набий”, яъни “Пайғамбар шаҳри” ёки “Мадинатул мунаввара”, яъни “Пайғамбар келишлари билан нур олган шаҳар”, деб номланди. Бу номлар қисқартирилиб, фақат “Мадина” шаклигина қолди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларидан кейин, бу ерда катта ўзгариш содир бўлди. Ҳамма мусулмонлар Мадинага кўчиб кела бошлади. Илгари Макка арабларига кучли адовати бўлган Авс ва Хазраж қабилалари ёппасига мусулмонликни қабул қилиб, ҳижрат қилиб келган маккаликларга ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатар эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ансорлар ва муҳожирлар ўртасида “муохот”, яъни бир-бирлари билан “қардошлик аҳдлашуви” орқали диний биродарлик ришталарини мустаҳкамлаганларидан кейин, мадиналик мусулмонлар маккалик мусулмонларни уйларига олиб боришлари, мол-мулкларини баҳам кўришлари зарур бўлди. Бу дин қардошлиги туғишган қариндошликдан ҳам афзал эди. Ансорлар ҳаётлик пайтидагина муҳожирларга ёрдам кўрсатмасдан, балки ўлаётган пайтида ҳам дин қардошига меъросидан улуш бериши лозим эди. Муҳожирлар ва ансорлар ўртасидаги бу қардошлик Қуръони карим оятлари билан мустаҳкамланди:

إِنَّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَهَاجَرُواْ وَجَٰهَدُواْ بِأَمۡوَٰلِهِمۡ وَأَنفُسِهِمۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَٱلَّذِينَ ءَاوَواْ وَّنَصَرُوٓاْ أُوْلَٰٓئِكَ بَعۡضُهُمۡ أَوۡلِيَآءُ بَعۡضٖۚ

«Албатта, имон келтирган, ҳижрат қилган, моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида (душманга қарши) курашган ва (муҳожирларга) жой бериб ёрдам кўрсатган (мадиналик ансор)­лар, айнан ўшалар бир-бирларига дўстдирлар» (Анфол, 72).

Мадинада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва мусулмонларга дўст икки қабила билан бирга икки ашаддий душман тоифаси ҳам бор эди, уларнинг биринчиси Авс ва Хазраж қабиласи орасидан чиққан мунофиқлар бўлиб, бу тоифанинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келмасларидан аввал Хазраж зодагонларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Убай қабила раислигига сайланиш арафасида эди, бу иш амалга ошмади. Икки қабила аҳли ҳам мусулмонликни қабул қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат қилиши ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўриши Абдуллоҳ ибн Убай ҳамда унинг тарафдорлари қалбида адоват, нифоқ олови кучайишига сабаб бўлди. Мунофиқлар зоҳиран мусулмонликни қабул қилган бўлса-да, қалбларида эски бутпарастлик эътиқодини сақлаётган эди.

Иккинчиси, Мадина яҳудийлари: Фаластиндан келиб қолган Бани Қурайза, Бани Қайнуқоъ ва Бани Назир номли учта қабила бўлиб, улар мунофиқлардан ҳам хавфлироқ эди.

Яҳудийлар азалдан Макка араблари билан жуда мустаҳкам савдо алоқаларини ўрнатган эди. Мадинадаги бу икки ашаддий душман кучи Исломга қаттиқ хавф-хатар солиб турарди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эҳтиёт чорасини кўриб, хавфнинг олдини олиш ва Ислом бағрикенглигини изҳор қилиш мақсадида ансорлар ва муҳожирларни бир-бирларига қандай қариндош тутинтирган бўлсалар, ансорлар билан яҳудийлар орасида “Ҳамюртлик, ватандошлик” аҳдномасини туздирдилар.

Шундай қилиб, ҳижратнинг биринчи йилида қуйидаги муҳим воқеалар содир бўлди:

  1. Жума намози фарз қилинди.
  2. Пайғамбар масжиди қурилди.
  3. Азон машруъ бўлди.
  4. Муҳожирлар билан ансорлар ўзаро дўстлаштирилди.
  5. Яҳудийлар билан тинчлик аҳдномаси имзоланди.
  6. Ойша онамизнинг тўйлари бўлди.

Пайғамбар масжидларидан кейин бирин-кетин Мадинада бошқа масжидлар ҳам қурила бошлади. Ҳамма масжидларнинг қибласи Қуддус тарафга қаратилган бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қибланинг Каъба тарафда бўлишини жуда-жуда хоҳлардилар. Ана шундай масжидлардан бири Бани Салама уруғи масжидида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аср намозини жамоатга ўқиб бераётган эдилар. Намознинг иккинчи ракатига етганларида Аллоҳ таоло оят нозил қилди.

فَوَلِّ وَجۡهَكَ شَطۡرَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِۚ

«Юзингизни Масжидул Ҳаром тарафга буринг!» (Бақара, 144) ояти каримаси билан Аллоҳ таоло мусулмонларнинг қибласи шу кундан эътиборан Масдижул Ҳаром томонда бўлишини буюрди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак юзларини Қуддус тарафдан Макка тарафга бурдилар, жамоа ҳам ўз сафларини тўғрилаб олди, аср намозининг қолган икки ракатини Масжидул Ҳаромга қараб адо қилдилар. Шу кундан эътиборан ана шу масжид – “Масжидул қиблатайн”, яъни “Икки қиблали масжид”, деб ном олди.

Бу воқеа ҳижратнинг иккинчи йилида содир бўлиб, биринчидан, мусулмонларнинг яҳудийлар ва насронийлардан иборат аҳли китоблар билан “қибла бирлиги” бузилган бўлса, иккинчидан яқинда Макка мусулмонлар томонидан фатҳ этилишига, Ислом юксак даражада равнақ топишига қатъий ишора ҳам эди.

Ҳижратнинг биринчи йилида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонлар билан яҳудийлар орасида “ҳамюртлик” аҳдномасини туздирган бўлсалар-да, бу аҳдномага амал қилишни яҳудийлар истамаётган эди.

Бунинг устига, тижорат ҳамкорлари бўлган маккалик зодагонлар кетма-кет одам юбориб, яҳудийларни мусулмонларга қарши гижгижлашар, агар мусулмонлар кучайиб кетса, Мадина орқали Шомга ўтадиган тижорат йўллари бекилиб қолишини айтиб қўрқитишар, шунинг учун мусулмонларни ҳали кучаймасдан йўқ қилиш, имкон топилган вақтда ўлдиришга тезлар эди. Шу сабабли мусулмонларнинг ҳижратдан кейинги дастлабки йиллари хавфу хатар билан ўтди. Кечалари навбатчилик қилиб, мижжа қоқмай ўтиришарди. Шунинг учун Мадина атрофини қўриқлаш мақсадида мусулмонлардан биринчи посбонлар гуруҳи тузилди ва унга бошлиқ этиб Абдуллоҳ ибн Жаҳш тайинланди.

Яҳудийлар ва мунофиқлардан ҳар сонияда эҳтиёт бўлиш лозим эди. Бунинг устига қибланинг Масжидул Ҳаромга ўзгариши Ислом душманлари – яҳудийлар, мунофиқлар, мушрикларнинг ғаламислигини оширди, адоватини кучайтирди. Натижада мусулмонлар Ислом душманларига қарши бир неча бор катта-кичик урушлар олиб борди. Аслида, мусулмончиликка мажбуран эмас, даъват, амру маъруф ва наҳйи мункар билан одамларни, қабилаларни, миллатларни жалб қилишга Аллоҳ буюрган эди. Саҳобалар мушрикларга ҳужум қилиш, зарба бериш учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ижозат сўради. Аммо Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биз бунга буюрилмадик”, деб рухсат бермаган эдилар. Аммо мушриклар, мунофиқлар ва яҳудийларнинг тажовузкорликлари ҳаддан ошиб бо­риши, бир-бирлари билан мусулмонларга қарши ўзаро ёрдамлашишга аҳдлашувлари, мусулмонлар билан қилган аҳдларини бузганларидан кейин, Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳам мудофаа учун жанг қилишга изн берди:

۞إِنَّ ٱللَّهَ يُدَٰفِعُ عَنِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ خَوَّانٖ كَفُورٍ أُذِنَ لِلَّذِينَ يُقَٰتَلُونَ بِأَنَّهُمۡ ظُلِمُواْۚ وَإِنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ نَصۡرِهِمۡ لَقَدِيرٌ

«Албатта, Аллоҳ имон келтирганларни мудофаа қилур. Албатта, Аллоҳ барча хоин ва ношукрларни суймас. (Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганликлари сабабли, (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир» (Ҳаж, 38–39).

Жанобимиз Муҳаммад (алайҳиссалом) Мадинада 10 йилдан ортиқ илоҳий вазифаларни адо этдилар. 12 йил Маккада жами салкам 23 йил мобайнида пайғамбарлик фаолиятларини олиб бордилар.

Оламларга раҳмат бўлиб келган зот 632 йил душанба куни дорулфанодан дорулбақога риҳлат қилдилар. Пайғамбар (алайҳиссалом) қамарий йил ҳисоби бўйича салкам 63, шамсий йил ҳисобида эса 61 ёшда оламдан ўтганлар (ул зотга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин).

Аллоҳ таолонинг мукаррам бандаси, башарият ичида энг азизу мукаррами бўлган Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлик бурчларини жуда қисқа муддат ичида, аъло даражада адо этиб улгурдилар. Бироқ шу қисқа вақт ичида олдин ўтган барча пайғамбарларга нисбатан жуда оғир, мураккаб, азоб-уқубатли йўлни босиб ўтдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввало, Аллоҳнинг бандаси, шу билан бирга савдогар, ибратли оила бошлиғи, мушриклар таъқибига учраган муҳожир, моҳир нотиқ, сўзи таъсирли воиз, адолатли қози эдилар. Кўп нарсадан хабардор аллома, етук саркарда, машҳур давлат арбоби, ҳатто, подшо бўла олган, инсу жинга юборилган пайғамбар эдилар.

Ул зотдан башариятга, махлуқоту мавжудотга зулматдан ёруғликка, залолатдан ҳидоятга олиб чиқувчи икки буюк нур қолди. Бири Аллоҳнинг каломи – илоҳий ваҳий бўлмиш Қуръони карим, иккинчиси ул зотнинг суннатлари – инсониятга фойдали ҳикматларга тўла ҳадислари – васиятларидир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Ҳикматлар соҳиби ҳақида;

Биринчи васият;

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Роббим! Динимизни ёмон кўрувчилар, Ислом шиорларини мазах қилиб гапирувчи вайсақиларга Ўзинг кифоя қилгин!

*****

Эй Роббим! Бизни садоқатли, вафодор дўстлар ила ризқлантиргин! Ўзимизни ҳам шундай дўстликка муносиб қилгин!

*****

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: «Яхшилик беш нарсада: нафснинг тўқлиги (қаноат), азият беришдан тийилиш, ҳалол касб қилиш, тақво ва Аллоҳга нисбатан кучли ишонч» дедилар.

*****

Ким сенга Намозни қайта-қайта эслатиб насиҳат қилса, ўша одам сени энг қаттиқ яхши кўрадиган кишидир.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Суфён раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Шуҳрат(га интилиш)дан эҳтиёт бўлинглар! Кимнинг олдига борган бўлсам, шуҳрат(га интилиш)дан қайтарган эди».

*****

— Дада, анавилар ахлатчиларми?

— Йўқ, болам. Ахлатчилар бизмиз. Улар эса кўчаларни биз ташлаган ахлатлардан тозаловчилардир.

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Янгиликлар

Top