muslimuz

muslimuz

Cавол: Тасбиҳ намози ҳақида ўқиб қолдим. Унинг ўқилиш тартибини айтиб берсангиз.


Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу намоз машҳур нафл намозлар сирасига киради ва нафл намоз ўқиш мумкин бўлмаган вақтларда ўқилмайди.

Тўрт ракат ўқилади. Икки ракатдан бўлиб-бўлиб, икки марта ҳам ўқиш мумкин. Чунки ҳар ракатда 75 та, тўрт ракатда 300 та тасбиҳ айтилиши керак.

Зам сурада истаган сурани ўқиш мумкин. Агар билса, биринчи ракатга “Такосур”, иккинчига “Аср”, учинчига “Кофирун”, тўртинчига “Ихлос” сурасини ўқийди.

Бу намознинг ўқилиш кайфиятини Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ қуйидагича баён қилган:

“Тасбиҳ намози бир ёки икки салом билан ўқилиб, унда уч юз марта “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” ни айтади. Бир ракатда етмиш беш марта айтади.

Қулоқ қоқиб санони ўқигандан кейин ўн беш марта айтади. Кейин “Аъузу”, “Басмала”, “Фотиҳа” ва зам сурани ўқигандан кейин ўн марта, рукуда ўн марта, рукудан қайтганда ўн марта, биринчи саждада ўн марта, саждадан қайтиб ўтирганда ўн марта, иккинчи саждада ўн марта айтилади.

Мазкур тасбеҳни руку ва саждада “Субҳана Роббиял аъла” ва “Субҳана Роббиял аъзийм”ни айтгандан кейин ўн марта айтади. Бу кайфиятни Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилганлар. “Қуня” китобида ҳам шу кайфият айтилган ва уламолар томонидан ихтиёр қилинган сўз мана шу деган” (“Раддул муҳтор” китоби).

Мана шу тартибда тўрт ракат ўқилади ва жами уч юз тасбиҳ айтилган бўлади.

Агар шу намозда саждаи саҳв вожиб бўлиб қолиб, саждаи саҳв қилса, мазкур саждада тасбиҳларни айтмайди, балки сажданинг ўзининг тасбиҳлари билан кифояланади.

Агар қайсидир жойдаги тасбиҳни ташлаб кетган бўлса, бошқа ўринда бўлса ҳам ўшани ўқиб қўйилади. Масалан, биринчи саждадаги ўн тасбиҳни ўқимаган бўлса, орадаги жалсада эмас, иккинчи саждадаги тасбиҳларга қўшиб ўқиб қўяди.

Бир қанча ҳадиси шарифларда тасбиҳ намози фазилатлари айтилиб, уни ўқиган инсон гуноҳлардан фориғ бўлиши, имкони бўлса ҳар куни, бўлмаса, ҳафтада, ойда, йилда, буни ҳам қила олмаса, умрда бир марта бўлса ҳам қилишга тарғиб қилинган.

Тасбиҳ намозида тасбиҳлар ўқиш борасида бошқа кўринишлар ҳам бор. Кўпчилик уламолар маъқуллаган кўринишни келтиришни афзал деб билдик. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Пятница, 10 Май 2024 00:00

Дам солдириш жоизми?

Cавол: Бир ҳадисда: “Менинг умматимдан ҳисобсиз жаннатга кирадиганлари бўлади. Улар бемор бўлсалар, дам ҳам солдирмайдилар”, дейилган экан. Шунга дам солдириш ҳам гуноҳми?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Сиз сўраган ҳадис машҳур саҳобий ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бўлиб, унда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар шундай кимсаларки, дам солишни талаб қилмайдиганлар ва шумланмайдиганлар ҳамда Роббиларига таваккул қиладиганлардир” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида дам солдириш жоизлигига далолат қиладиган ва дам солишдан қайтарилган ҳадиси шарифларни келтириб, уларнинг ҳар бири ўзига хос маънога эга эканини айтадилар. Яъни дам солдириш Қуръони карим оятлари, Аллоҳ таолонинг исми сифатлари билан араб тилида бўлса ва одамлар шифони Аллоҳ таолодан деб билсалар, бу иш жоиз экани, таваккулга зид эмаслиги, жаннатга ҳисобсиз киришдан тўсмаслигини айтадилар. Лекин дам солдириш жоҳилият одатларига кўра бўлса, одамлар тушунмайдиган бир нарсалар ўқилса, одамлар шифо шу руқядан деб эътиқод қилса, бундай дам солиш жоиз эмаслигини баён қилганлар. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Cавол: Ғусл қилишда қиблага қараб ювиниш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар авратини тўсиб турадиган бирор мато кийиб ювинаётган бўлса, қиблага қараш ёки орқа қилишнинг зарари йўқ. Лекин яланғоч ҳолда ювинаётган бўлса, қиблага юзланмайди. Уламолар ғусл қилишнинг одобларини санаганларида мана шу масалани ҳам айтиб ўтганлар.

Жумладан, “Ҳошиятут Таҳтовий” китобида бундай дейилган: “Ғуслнинг одоблари таҳоратдаги одоблар кабидир. Фақат ғусл қилиш асносида қиблага юзланмайди (таҳоратда эса қиблага юзланилади). Чунки аксар ҳолатда ғусл қилувчиларнинг авратлари очиқ бўлади. Агар бирор кийим билан ғусл қилаётган бўлса, қиблага юзланишнинг зарари йўқ”.

“Раддул муҳтор” китобида бундай дейилган: “Агар изор (лунги) кийиб ғусл қилаётган бўлса, қиблага қараб ювинишнинг зарари йўқ”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

  1. Одамларни авф этиш:

Ушбу амалнинг ажри қанча эканлиги айтилмаган. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир” (Шўро сураси, 40-оят).

 

  1. Сабр:

Бунинг ҳам ажри қанча эканлиги айтилмаган. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар сураси, 10-оят).

 

  1. Рўза:

Рўзанинг ҳам ажри қанча эканлиги айтилмаган. Аллоҳ таоло айтади: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўзани мен учун тутади ва унинг ажрини Ўзим бераман” (Ҳадиси қудсий).

Қиёмат кунида ушбу учта амални қилган кишилар чақириладилар ва уларга ажрлари берилади.

 

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

 Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.

 

Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.

Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.

 

Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.

 

Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?

Бу йил (2024) Зулқаъда ойининг биринчи куни 9 май кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.

 

Қуръони каримда Зулқаъда ойи...

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир(Тавба сураси, 36-оят).

 

Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?

Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.

Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.

Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.

Инсонларга зулм қилманг.

Ғазабингизни ютишга одатланинг.

Зуҳо намозини ўқинг.

Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.

Нафл рўзаларни тутинг.

Даврон НУРМУҲАММАД

Страница 57 из 265

Янгиликлар

Top