muslim.uz

muslim.uz

Бухородаги “Етти пир” зиёратгоҳи таркибига кирувчи Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси Когон туманининг Қасри Орифон қишлоғида жойлашган.
ЎзА хабарига кўра, Баҳоуддин Нақшбандий маданий мерос объектини барпо этилишига Абдулазизхон ибн Убайдуллохон 1544 йилда асос солган. Абдулазизхон буйруғи билан мозор тартибга солиниб, ансамбл шаклига келтирилган ва 1544-1545 йилларда комплекснинг энг катта биноси – хонақоҳ қурилган.
Мазкур меъморий хонақоҳ маҳобати ва бадиий безаги жиҳатидан жуда ноёб иморат саналади. Мажмуанинг асосий қисмига дахмалар, мақбара, иккита масжид, сакхона, ҳовуз, қудуқ, минора, мадраса ва Абдуллахон хонақоҳи киради. Кейинчалик унинг сафига баланд пештоқ – гумбазли янги дарвозахона, музей, чойхона сингари иморатлар қўшилган.
Мустақиллик йилларида ушбу зиёратгоҳ янада обод этилди, зиёратчилар учун замонавий шароитлар яратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мамлакатимизда асрлар давомида қад кўтариб турган тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, қадамжолар, масжид ва мадрасалар, улуғ шайхлар мақбаралари қаторида Лангар ота мажмуаси Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар қишлоғида денгиз сатҳидан минг метр баландликда жойлашган, деб хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Лангар ота номи билан аталишига сабаб нима?
Чироқчи туманида ҳам айнан шу номдаги ёдгорлик ва қишлоқ бор. Мазкур зиёратгоҳнинг Лангар ота номи билан аталиши сабаби турли манбаларда турлича талқин қилинган. Хусусан, лангар атамаси кўпроқ мувозанатни сақлаш, ҳаракатни бир маромда тутиб туриш маъносини англатади. Баъзи ривоятларда ислом динида сўфи ва дарвешлар лангар ташлаш орқали жойлашадиган ерларини аниқлашгани, шунингдек, бу атама мўғулча "лангўр" – қабр, яъни энг катта авлиёнинг қабри ёки бошқача таърифда мусофирхона, хайр-эҳсон тарқатиладиган жой, азиз-авлиёлар лангар ташлаган макон маъноларини бериши айтилади. Лангар атамаси тўғрисида бошқа фикрлар ҳам мавжуд. Яъни у тарихий шахс эмас, жой номи билан боғлиқ бўлиб, марказ, қалъа, қўрғон, бандаргоҳ сўзларига қиёсланади. Айтишларича, илгари ҳар иккала жойдаги дарёлар ниҳоятда серсув бўлиб, ҳатто кемалар қатнаган экан. Лангар қишлоқлари эса кемалар тўхтайдиган, аниқроғи, лангар ташланадиган жой бўлган.
“Туя учинчи бор чўккан жойда қурилган” масжид
Лангар ота масжидига ХIV аср охирида Шайх Абулҳасан асос солган. У Бухородан иршод хатини олгач, ушбу манзил томон йўл олган экан. Шайхнинг пири у кишига «Минган туянгиз учинчи марта чўккан жойда масжид барпо этинг»,- деган экан. Туяси сўнгги бор ҳозирги Лангар қишлоғи, яъни масжиднинг ўрнига чўкибди ва Шайх Абулҳасан шу ерга масжиднинг пойдеворини қўйибди. Маҳаллий аҳоли у кишига мурид бўлиб, масжид қурилишида кўмаклашган экан.
Зарҳал девордаги сирли ёзувлар
Лангар ота масжиди ислом олами меъморчилик санъати билан маҳаллий халқ ҳунармандчилик услублари уйғунлигида барпо этилган. Бу меъморий обидани Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Унинг томи баландлиги, пойдеворига қўйилган тошларнинг улканлиги, устун ва ёғочларнинг қучоққа сиғмаслиги уни ўта маҳобатли қилиб кўрсатади. Ёдгорлик уч қисм – кичик масжид, катта масжид ва айвондан иборат бўлиб, улар турли даврларда қурилган бўлишига қарамай меъморий услуби ўхшаш, ўзаро туташиб, яхлит бино шаклини олган.
Масжид деворининг ички томонига ўрта асрлар услубида безак берилган, ўн иккита деразаси, меҳроб ва минбари тепасига илоҳий ёзувлар битилган. Бундан ташқари, зарҳал девор бўйлаб икки хил ёзув: арабча ҳамда оддий нақшга ўхшаб кетадиган номаълум белгилар муҳрланган. Юқоридагиси қандай имло эканлиги, безакми ё рамзий белгиларми – маълум эмас. Қизиғи шундаки, улар тўғри чизиқлардан ҳосил қилинган бўлиб, кўпи свастика шаклидадир. Бундай рамзлар қадимги туркий халқлар буюмларида, лавҳаларда кўп учрайди.
Қадимшунос олимларнинг таъкидлашича, Лангар ота мақбарасига тасаввуф таълимотининг ишқия тариқати шайхлари Абулҳасан Ишқий, унинг ўғли шайхзода Муҳаммад Содиқ ва набираси Абулҳасан Охунд дафн этилган. Тўртинчи қабрда эса лавҳа йўқ, шу боис у кимники эканлиги маълум эмас. Тадқиқотчилар бу ерга Амир Темурнинг ўн тўрт яшар заифа набираси дафн этилган деб тахмин қилишади.
XIV – XVI асрларда бу ҳудуд ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган илмий марказлардан бирига айланганини, бу ерга олис юртлардан келган илмга ташна кишилар тасаввуф алломаларидан сабоқ олишганини кўриш мумкин. Шунингдек, 1889 йили Бухоро амирлигининг шарқий ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар олиб борган полковник Белявский Лангар қишлоғидаги тарихий обидалар ҳақида ёзиб қолдирган хотиралари, рус ҳарбий муҳандиси Борис Касталскийнинг бу маскан ҳақидаги илмийликка яқин фикрлари алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари, рассом Борис Литвинов, археолог Сергей Кабанов ва шарқшунос олим Михаил Массон томонидан Лангар қишлоғида жойлашган тарихий обидалар, қадимий ёдгорликлар билан танишиб, Лангар шайхларининг ҳаётига оид кўплаб маълумотлар тўпланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top