muslim.uz
БИР ИНСОН ТАҚДИРИ ЎЗГАРИШИ, БАХТИЁР ЯШАШИГА ҲИССА ҚЎШИШ – УЛКАН САОДАТ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсини катта қизиқиш, зўр ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. Сўзларга эътибор қаратдим: энг кўп ишлатилган сўзлар “Ватан”, “халқ”, “Миллий манфаат”, “ободлик”, “Янги Ўзбекистон”, “ёшлар”, “адолат”, “тараққиёт” экани мендаги ҳайрат ва шукроналик ҳиссини чандон оширди.
Интервьюда сўнгги 5 йил давомида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг самараси, эришилган ютуқлар шунчалик самимият билан камтарона тушунтириб берилганки, соғлом фикрли ҳар бир инсон юрагига, қалбига етиб боради. Кўз олдимизда рўй берган, аммо кўпчилигимиз илғамаган, табиий, шундай бўлиши керакдек туюлган ҳар бир янгилик, ҳар бир ташаббус ва ўзгаришлар замирида қанчалик матонат, узоқни кўра билиш ва мавжуд муаммоларга кўз юммасдан, ечимига жонфидолик кўрсатиб, мамлакат тараққиётида янги, туб бурилишлар амалга оширилгани яққол намоён бўлади.
Буни қуйидаги фикрларда ҳам ҳис қилиш мумкин: “Афсуски, мамлакатимизда тезлик билан ҳал этиш керак бўлган ўткир муаммолар бошқа соҳаларда ҳам йиғилиб қолган эди. Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб-билмаганга, кўриб-кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди”.
Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ишни бошлаган кунларданоқ мустақилликнинг дастлабки йилларида эришилган ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, мустабид тузум давридан ва бир неча ўн йилликлар давомида ўтиб келаётган мавжуд муаммо ҳамда ўзибўларчилик кайфиятида йўл қўйилган хато ва камчиликларни рўй-рост кўтариб, уларни тез фурсатда, адолатли ҳал қилишга киришди. Буни заҳматкаш ва илм-маърифатга ташна халқимизнинг энг оғриқли муаммоси бўлиб келган ўзлигини тиклаш ва келажак авлодлар манфаати учун тўлиқ сақлаш, диний эътиқоди ҳамда сўз эркинлигидек қалтис ва залворли мавзулардаги турли чеклов ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш мақсадида бошланган кенг қамровли ислоҳотларда ҳам яққол кўриш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилган ислоҳотлар моҳиятида халқимизнинг маънавий-маърифий, илмий-маданий юксалишига, миллий ўзлигини идрок этишига, қаддини тиклаб, қадрини англашига устувор аҳамият қаратилиб, шу аснода мамлакат ва элнинг иқтисодий, ижтимоий тараққиётини янги босқичга кўтариш муддаоси мужассам бўлди. Бунинг самарасида эса халқимиз ўз тарихида неча бор босиб ўтган ноёб ҳодиса — Ренессанс — уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш босқичига эришаётгани ҳам дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган ҳақиқатдир.
Интервьюдаги диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар ҳақидаги фикрлар ҳам эътиборга молик ва халқимиз унинг мазмун-моҳиятида қандай буюк мақсадлар борлигини бугун фахрланиб эътироф этмоқда.
Юртимизда диний-маърифий соҳада сўнгги беш йилда амалга оширилган ўзгаришлар ва эришилган ютуқлар чиндан ҳам аввалги йўқотилган йиллар ўрнини тўлдирди, десак, муболаға бўлмайди. Бу эътироф халқимиз томонидан алоҳида қувонч билан билдирилмоқда. Ҳақиқатан, қалбдаги, имон-эътиқоддаги кемтиклик, таъбир жоиз бўлса, жароҳат ўрнининг битиши учун малҳам, имконият берилди.
Бугун барча шароит ва имкониятларга эга, бахт ичида туғилиб, шоду хуррам ҳаёт кечираётган ёшларда савол туғилиши мумкин: жароҳат нимада эди?
Собиқ иттифоқ даврида халқимизнинг динга эътибори, ибодат эътиқоди шу даражада “бўғилган” эдики, “дин — афюн” ғоясидан келиб чиқиб, намоз ўқиган, ҳатто ўз ота-онасининг таъзиясида иштирок этган одам “жиноятчи” сифатида лавозим вазифасидан бўшатилган ёки маъмурий, ҳатто жиноий жазо чоралари кўрилганини кекса авлод унутгани йўқ. Бу — бугунги ёшларимиз ўзларига хулоса чиқариши керак бўлган аччиқ ҳақиқат.
Яна бир жиҳат: Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида эзгу, ҳур, тараққийпарвар фикр ва ташаббуслар билан биргаликда айрим ғаразли кучлар таъсирида, афсуски, турли номақбул ғоя ва “оммавий маданият” сингари хатарлар ҳам кириб келди. Ҳали оқ-қорани тўлиқ англамаган айрим ёшлар, минг таассуфки, ана шу алдов ва ёлғон ваъдаларга билиб-билмай эргашиб, кўп ҳолатда азият чекди. Бу борада ҳам Президент Шавкат Мирзиёев юксак бағрикенглик намоён қилди, сиёсий иродаси билан 20 мингдан зиёд элдошимиз “махсус қора рўйхатлар”дан чиқарилди. Хатолари кечирилиб, азиз ҳаётини тўғри йўлда давом эттиришига имкон берилди. Бу одил қарор эса дунёнинг нуфузли давлат ва ташкилотлари томонидан ҳам тан олиниб, бағрикенглик сиёсатининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Адолатли эътироф. Шундай эмасми?! Аслида, бу ёқимли ҳиссиётни мазлум ҳолида адолат кўрган инсонлар кўпроқ туяди. Жойларга чиққанимизда бу туйғуни ана шундай инсонларнинг кўзларида порлаб турган миннатдорлик нурларида кўрдик.
Айниқса, Президентимизнинг ташаббуси билан 5 маротаба “Меҳр” операцияси доирасида дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган уруш ўчоқларидан неча-неча ҳамюртларимиз, аёллар ва болаларнинг юртимизга олиб келиниши, улар учун муносиб турмуш шароити яратиб берилиши — оқибат, меҳр кўрсатилгани яқин ва узоқ тарихда кузатилмаган инсонпарварлик намунаси, десак, хато бўлмайди. Шу ўринда Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида хизмат сафарида бўлганимизда хорижлик журналистлар билан суҳбатимиз ёдимга тушди. Улар юртимиздаги “Меҳр” операцияси тафсилотлари билан танишиб, Ўзбекистон лидерининг ташаббуси “Буюк инсонларга хос бағрикенглик намунаси бўлди”, дея таъкидлаган эди.
Янги Ўзбекистон нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий масалаларга оид ташаббусларни ҳам дадил ўртага қўймоқда. Мамлакатимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурилган ташаббус халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди ва ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу хайрли ташаббуснинг эзгу самарасини бутун дунё аҳли ўз тақдирида кўражак!
Интервьюда таъкидланганидек, ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний, илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда — Имом Бухорий, Сурхондарёда — Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда. Шунингдек, 3 та йирик олий диний таълим ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритмоқда.
Дарвоқе, 1971 йилда Тошкент ислом институти диний мақсадлардан кўра кўпроқ сиёсий қарашлар туфайли ташкил этилган бўлса, бугун мазкур муассаса том маънода ҳақиқий диний-маърифий соҳа мутахассисларини тайёрлайдиган файзли илм-фан масканига айланди. Унда хорижнинг ҳам таниқли олим ва мутахассислари келиб фаолият кўрсатмоқда.
Самарқанддаги Ҳадис илми олий мактаби энг замонавий, рақамли технологиялар асосида ташкил этилди. Жорий йилги қабул жараёнлари эса шаффоф, талабчанлик билан янги тартиб-тамойиллар асосида амалга оширилди.
Қувонарлиси, бир вақтлар бутун дунёга ўзини кўрсатган Мир араб олий мадрасаси бугун ўз қаддини яна тикламоқда. Чиндан ҳам бу юртнинг юксак салоҳиятли мутахассислари Яқин Шарқ ҳудудларида ҳам эътибор ва ҳурмат қозонган. Ушбу таълим масканида билим олаётган ёшларимиз аждодларига муносиб бўлиши шубҳасиз. Бинобарин, ҳозирда диний таълим ўқув дастурлари янада такомиллаштирилмоқда. Ёшларимиз энг замонавий шароитларда, илғор фан дастурлари асосида таълим олаётгани қувонарли.
Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зотан, халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс майдон бўладиган мазкур илм-маърифат маркази ҳозирданоқ ўз маҳобати, амалга ошираётган маънавий, илмий тадқиқот фаолияти билан бутун дунё ҳавасини келтирмоқда.
Ҳақиқатан, бугун “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилингани жамиятдаги жуда кўп масалаларни ечди. У хоҳ диний таълим ёки жамиятдаги фаолият маъносида бўладими — мутлақо янги қонун ўз вақтида қабул қилинди. Ушбу қонуннинг ишлаб чиқилиши, таҳрирдан ўтказилиши жараёнларида ҳам муҳтарам Президентимизнинг бевосита иштирок этганини фахрланиб айтишимиз керак. Зеро, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ўзининг халқчиллиги ва жамиятдаги барча масалаларга энг ҳаққоний ва адолатли жавоб бериши билан аҳамиятлидир.
Биргина мисол, шу кунга қадар диний ташкилотларни очиш масаласида ҳам жуда катта муаммолар бор эди. Битта ташкилотни очиш тугул, ўша ташкилотни таъмирлаш, ғишти тушиб кетса, қайтадан қўйиш учун ҳам рухсат олиш натижаси мавҳум қатъий талаб эди. Айтиш керак, сўнгги йилларда юртимизнинг олис-яқин ҳудудларида 60 га яқин янги масжид қурилди. 540 дан зиёд масжид бутунлай замонавий услубда қайтадан таъмирланди. 100 дан зиёд масжидда капитал ва жорий таъмирлаш жараёни кетмоқда. Шу ўринда бошқа диний конфессия вакилларига бўлган эътибор ҳам ортиб бормоқда. Охирги уч йилни оладиган бўлсак, бошқа динларга мансуб бўлган 21 та диний ташкилот очилди ва улар фаолият юритаётган иншоотлар таъмирланди. Яъни диний бағрикенглик тамойили жамият ҳаётида тўлақонли ўз ифодасини топди.
Яна бир муҳим масала: яқин кунларда Ҳаж ва Умра зиёрати қайта тикланади. Албатта, пандемия туфайли ушбу муқаддас диний амалларни бажариш имконияти чекланиб қолди. Бироқ ўз ўрнида эътироф этиш лозимки, Ҳаж зиёрати учун илгари 3,5 мингта квота ажратилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 5 мингтага кўтарилди. Сўнгги 2 йил олдин мазкур рақамлар 7200 тага етди. Шунингдек, охирги йилларда 10 минг нафар мусулмон Умра зиёратини бажариш имкониятига эга бўлган эди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида саккизта вилоятда Умра амалини бажариш учун талабгорларнинг навбатда туришига эҳтиёж қолмади: бугун ариза берса, эртага учиб кетиши мумкин бўлди. Буни яқин ўн йилларда ҳам ҳатто тасаввур қилиш жуда қийин эди. Шу тариқа, диний эҳтиёжлар нафақат қоғозда, балки амалиётда тўлақонли таъминланмоқда. Буларнинг барчаси юртимиз мўмин-мусулмонлари томонидан алоҳида қувонч ва шукроналик билан қабул қилинаётир.
Диний адабиётларни чоп этиш масаласида эришилган ютуқлар ва имкониятлар ҳам таҳсинга лойиқ. Сўнгги беш йилда шу қадар кўп диний адабиётларга рухсат берилдики, бошқа хорижий манбаларни излаш, қидиришга ҳожат қолмади. Белгиланган тартибда чоп этилишга рухсат берилган адабиётларнинг 60-70 фоизи мўътабар манбаларнинг аслиятдан таржимаси ҳисобланади. Қолганлари эса бевосита янги диний адабиётлар бўлиб, бугунги кунда халқимизни қизиқтираётган йўналишлар ва эҳтиёжлардан келиб чиқилгани билан аҳамиятли. Айтиш мумкинки, бу борада ҳам том маънода Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилди.
Албатта, бугун замон билан ҳамнафас бўлиш баробарида диний-маърифий сайтлар ташкил этилишига ҳам аҳамият берилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли 14 та ҳудуддаги 100 дан ортиқ диний-маърифий сайтлар аҳолининг барча диний соҳадаги муаммолари, саволлари, турли эҳтиёжларига тўлақонли жавоб бериб келмоқда. Muslim.uz сайтида онлайн тарзда савол-жавоблар рукни ташкил этилган. Бу рукнга фойдаланувчи хоҳлаган пайтида мурожаат қилиб, ҳар қандай масалага диний нуқтаи назардан тезкорлик билан жавоб олиши мумкин.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, диний-маърифат, виждон эркинлиги соҳасидаги ислоҳотлар Президентимиз интервьюсида мухтасар баён этилган бўлса-да, унинг самараси кўпмиллатли ва табиийки, кўп-конфессияли халқимиз ҳаёти, фаровон турмуши, ёрқин истиқболи, фарзандлар камолоти ва орзу-истаклари рўёбида ўз ифодасини топмоқда.
Экстремизм ва терроризм жамият таҳдиди
Бизга маълумки, бугунги кунда мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқдалар. Мазкур ҳудудларда дин ниқоби остида очиқдан-очиқ зўравонлик, бузғунчилик, мусулмончиликка зид, ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Террористик ташкилотлар, айниқса, интернет тармоғида гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақида тарғибот-ташвиқот олиб бораётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар алданиб “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудига бориб, ушбу гуруҳлар сафига қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Яна эътибор бериш лозим бўлган бир ҳолат, экстемистлар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқармоқдалар. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадиси шарифларида баѐн қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли кофир демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Яна бир ҳадиси шарифда: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек гуноҳкор бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари) деганлар. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи ва экстремистик гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар
Н.Абдуманнонов
Самарқанд шаҳар
“Дамариқ” масжиди имом-хатиби
Истиқлолнинг 30 йиллиги арафасида 215 киши афв этилди
“Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 215 нафар шахс афв этилди.
Маълумот учун, афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан озод этилди, 127 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 73 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Шунингдек, афв этилганларнинг 14 нафарини аёллар, 12 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 69 нафарини чет давлат фуқаролари, 15 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг юртимизда ўтадиган йиллик анжуманига тайёргарлик кўрилмоқда
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Ўзбекистон томонидан Ислом тараққиёт банки бошқарувчиси Сардор Умурзоқов раҳбарлигида ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик анжуманига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) манбасига кўра, йиғилишда анжуманга тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.
Ташкилий қўмитанинг тегишли кичик ишчи гуруҳлари раҳбарлари бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот ва турли йўналишларда ташкилий масалаларни ҳал этишнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.
Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш, ИТБ Гуруҳи ва бошқа ривожланиш ҳамкорлари билан муносабатларни янада чуқурлаштириш нуқтаи назаридан тадбирни юқори ташкилий ва мазмун жиҳатидан юқори савияда ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилган барча санитария-эпидемиология тадбирларига риоя этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда ҳал этилиши тегишли вазирлик ва идораларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлигини талаб этувчи бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Уларни муҳокама этиш давомида ўзаро ҳамкорлик алгоритмлари ишлаб чиқилди ва масъул раҳбарларга манзилли кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати