muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 06 Май 2021 00:00

Қадр кечасининг аломатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадр кечасининг аломатлари тўғрисида келган ҳадисларни ўрганиб чиқиб, ушбу улуғ куннинг еттита улкан аломатларини уламоларимиз санаб ўтганлар. Қуйида шуларни келтириб ўтами:

1. Қадр кечасида сокинлик ҳукм суради. Атроф мусаффо, ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади.

2. Осмонда юлдузлар учмайди, бошқа жисмлар қалтис ҳаракат қилмайди. Касалликлар пайдо бўлмайди.

3. Ҳаво мўътадил бўлади, жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам бўлмайди.

4. Эрталаб қуёш қизариб, тоғорага ўхшаш, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда кўп фаришталар ерга тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини ҳам тўсиб қўяди.

5. Қадр кечасида ёмғир, қор ёғмайди, ёғса ҳам, ўта майин ва ёқимли бўлади. Шўр сувлар чучук бўлади.

6. Дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туради.

7. Ўша куни шайтонлар чиқишига йўл қўйилмайди.

Мазкур аломатларга қуйидаги саҳиҳ ҳадислар далил бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини тавсифлаб, бундай дедилар: «Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади».

Имом Абу Довуд ва Баззор ривояти.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:«Албатта, Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чарақламасдан чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди».

Имом Аҳмад ривояти.

Ибн Абу Осим Набил Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечалардан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, гўё ой борга ўхшайди. У кеча тонг отгунигача шайтонлар чиқмайди», дедилар».

Қадр кечасининг Рамазон ойига яширилишининг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёматни яшириш ҳикмати кабидир. Шунинг учун Қадр кечаси мўминлар тоат этишга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги лозим.

Абул Олия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аъробий кимса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Лайлатул қадр қачон бўлади?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!»

Имом Абу Довуд ривояти.

Парвардигори олам Ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Қадр кечасини аниқ билиб, тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир.Имом Табарий ва Имом Байҳақий ривоятларида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.Барчамизни Қадр кечасини топишга муваффақ айласин.

Islom.uz

От ҳам маррага оз қолганда кучлироқ чопа бошлайди. Чунки, маррани қайд этмаса, бошқа чавандозлар ундан ўзиб кетадилар. Натижада, унинг ҳаммадан олдин сўнги нуқтага яқинлашгани бесамар кетади. Зеро, амаллар хотималарига қараб баҳоланади.

Шунинг учун ҳам рамазоннинг охирги ўн кунлигига алоҳида эътибор қаратмоқ мақсадга мувофиқ ишдир.

Рўзани гўзал тарзда бошлаб, охирига келганда сусткашлик қилиш, мисолда келтирилганидек, илк бошда ҳамма рақибларидан ўзиб кетиб, маррага яқин қолганда ланжлик қилиш орқали ҳаммадан ортда қолган чавандозга ўхшайди.

Моҳи шариф ниҳоялаб борар экан қуйидаги уч нарсани эсдан чиқармаслик ғоят муҳим:

1. Ойни имкон қадар эҳсон, яхшилик, хайру саховат ва тоату ибодат билан тугатинг. Ана шунда рўза ичидаги камчилик ва нуқсонлар барҳам топади. Фитр садақасининг жорий этилиш ҳикматларидан бири ҳам шу аслида.

Закотни рамазон ичида бериш одати ҳам бу ойнинг зиёда баракотидан баҳраманд бўлиш истагидан келиб чиққан.

Доим қатнайдиган масжидингизда хатм якунига етган бўлиши мумкин. Аммо, модомки, рамазон ҳали давом этаётган экан, ой бошида қалбингизда алангаланган ихлос ва жидду жаҳд ўтини эрта ўчириб қўйманг. Токи, Рамазон жорий экан унинг қатларига яширинган илоҳий мукофотлар ўз эгаларини кутиб туради. Олган олиб қолади, қолган қолиб кетаверади.

2. Лайлату-л-Қадр ойнинг қолган қисмида бўлиши ҳам мумкин. Ҳеч ким "унга аниқ етишдим!", дея узил-кесил айта олмайди. Ҳеч ким рамазоннинг аввалги тунларини рисоладагидек қоим қилганлигини даъво қилолмайди. Орамиздан бирор кимсага "сен Қадрга етишдинг, у фалон туни бўлган эди. Энди, бемалол оёғингни узатиб, ухласанг ҳам бўлади", деган хабар келмаган.

3. Рамазоннинг сўнги кечасини алоҳида ҳимммат билан иҳё этиш, унда ўзгача иштиёқ билан Парвардигорга юзланиш ғоят фойдалидир. Бу эса 29 кеча билан ўттизинчи кечани қадрлаш билан амалга ошади. Аслида Рамазон жуфт ойлар сирасидан бўлиб, одатда ўттиз кунлик келади. Лекин, 29 кунлик бўлиб қолиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда ўттизинчи кечани кутиб, аввалги кечаларда ибодатга киришмаган одам сўнги кеча фазилатини бой бериб қўяди.

Машҳур муаррих ва муҳаддис Абу Нуайм Асбаҳоний (Исфаҳоний) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадиси шарифда айтилишича, рўзадорларга ойнинг охирги кечасида мағфират ато этилади. Саҳобалар: "ё Расулаллоҳ, бу Қадр туними, (шуни айтмоқдамисиз)?", деб сўрашганда Набий алайҳиссалом: "йўқ (бу қадр туни эмас, бошқа бир фазилатли тун), ишчи ўз иши ниҳоясига етганда ажрини тўлиқ ундиради-ку (бу ўшандай тун)?!", дедилар. Ушбу ҳадисни Суютий "ал-хасоис ал-кубро"да Асбаҳонийдан нақл қилиб келтирган.

Яна бир ривоятга кўра, Аллоҳ таоло бу ойнинг аввалидан охиригача бўлган муддатда нечта инсонни жаҳаннамдан озод қилган бўлса, рамазоннинг сўнги кечасининг ўзида яна шунча одамни озод этар экан. Ахир, биз билмаймиз, қайси кечасида дўзахдан озод қилинганимизни, ёки умуман озод қилинганмизми йўқми, ҳали билмаймиз.

Демак, фурсат ҳали олдинда.

Абдуллохон Холмирзаев,
Уйчи тумаин "Ахмад Яссавий" жоме
масжиди имом ноиби

Индонезиянинг «Kompas» ахборот сайтида буюк математик, астроном ва географ Ал-Хоразмий ҳаёти ва ижоди ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Муаллиф Маҳар Прастиви мазкур мақоласида Ўрта аср Шарқи буюк алломасининг аниқ ва табиий фанлар ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритган. «Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий математика тараққиётида муҳим ўрин тутган, – деб ёзади у. – Ал-Хоразмий қадимги Хоразмда туғилган. У Ғарб ва Европа мамлакатларида Алгоритмус номи билан ҳам машҳур. Ал-Хоразмий математикадан ташқари астрономия, мусиқа, фалсафа, география, кимё ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук олим бўлган».

Хоразмий бир неча хорижий тилларни мукаммал билган ва китоблар таржима қилган. Унинг «Ал-Китаб ал-мухтасар фи хисаб ал-жабр ва'л-мукабала» номли асари математикада алгебрани ўрганишга асос бўлган.

Муаллиф Ал-Хоразмий бу билан чекланиб қолмай, биринчи бўлиб фанга ноль рақамини киритганига эътибор қаратган. Буюк математик олимнинг ақл-идроки ва асарлари кўплаб Ғарб олимларини имҳомлантирган. Жумладан, Коперник ҳам Ал-Хоразмий асарлари ва кашфиётларидан ҳайратланганини эътироф этган.
«Жаҳон алгебрасининг отаси — Ал-Хоразмийнинг ҳаёти ва ижоди барчага намуна бўлиб хизмат қилади», – дея хулоса қилади «Kompas».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Фитр садақасини қачондан бошлаб берса бўлади?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Фитр садақасини ийд намозига чиқишдан аввал ажратиш мустаҳаб эканига барча уламолар иттифоқ қилишган. Лекин қанча муддат аввал бериш борасида турли фикрлар айтилган Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир-икки йиллигини аввалдан бериб қўйса ҳам адо бўлаверади”, дейдилар. Лекин ийд намозигача адо қилмаган бўлса, зиммасидан соқит бўлмагани боис умрининг охиригача қайсидир кунда бериб қўйса ҳам, бўйнидан соқит бўлади.

Шунингдек, бир неча йил фитр садақасини бериш вожиб эканини билмаганлар билганларидан сўнг барча қолдирган йиллари учун бериб фитр садақаларини адо қилса, бўйинларидан соқит бўлади, вожибни бажарган бўладилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр қилдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Доғистонда энг қадимий мусулмон марказларидан бирини сақлаб қолишга ҳаракат қилишмоқда. Март ойи охиридаги кўчки Рутул тумани Цахур қишлоғидаги 950 йиллик масжидга зарар етказди. У Кавказдаги биринчи университет кўринишидаги мадраса сифатида қурилганлиги билан машҳур.

Қишлоқ посёлкаси раҳбари Вагиф Алиевнинг айтишича, масжид деворлари ёмон ёрилиб, бузилишда давом этмоқда. Маҳаллий маъмурият Доғистон маданий меросини ҳимоя қилиш агентлиги билан биргаликда бинонинг федерал аҳамиятга эга маданий мерос объекти сифатида тан олиниши учун ҳужжатларни тайёрлайди. Шундан сўнг қайта тиклаш учун федерал бюджетдан маблағ талаб қилиш мумкин бўлади. Ҳозирда масжид вилоят аҳамиятига молик маданий мерос объекти мақомига эга. Доғистон маданий меросини ҳимоя қилиш агентлиги бу диний бинони тиклаш учун молиявий ресурсларга эга эмас, деб хабар бермоқда “АиФ Дагестан” нашри.

Цахур Ўрта асрларда Шимолий Кавказда исломнинг тарқалиш марказига айланди. 1075 йилда бу ерда Кавказдаги биринчи университет кўринишидаги мадраса Салжуқийлар давлатининг вазири Низомул мулк томонидан ташкил этилган. У Европанинг энг қадимийси ҳисобланмиш Италиянинг Болоня шаҳридаги машҳур университетдан 13 йил аввал очилган эди.

Mynamaz.ru хабар беришича, таълим муассасаси олим ва ўқитувчиларни тарбиялаб, мусулмон илоҳиётчиларининг китобларини маҳаллий тилларга таржима қилган. Бу ердаги биринчи профессорлар Сурия ва Ироқда таҳсил олган цахурлар бўлиб, ўқишни тамомлаб қайтиб, мусулмон маърифатчи ва илоҳиётчиларга айланганлар.

Бу ерда XIII аср охирида араб тилининг биринчи икки жилдли изоҳли луғати "Ал Ғарибайн" яратилган бўлиб, унинг титул саҳифасида ёзув сақланиб қолган: "Бу китобни 689 ҳижрий (1290) йилда Цахурлик Абдул Хасан Муҳаммад ўғли таржима қилган".

Совет йилларида ушбу бинода умумий ўрта мактаб фаолият кўрсатди. 1990 йилларда қишлоқ аҳлининг илтимосига кўра мадраса деворларида масжид очилган.

Тарихчи олим Азамат Зиёнинг ёзишича, салжуқийлар ўз тобелигида бўлган юртларда фан ва маданият тараққиёти учун барча шарт-шароитни яратиб беришга интилганлар. Салжуқийлар хонадонига мансуб олий ҳукмдор, шаҳзода ё маликами, ҳаммалари мамлакатдаги бирон-бир шаҳарда бир ё бир нечта мадраса қуришни ўз вазифалари, деб билганлар. Вазирлар, амирлар, маҳаллий ҳокимлар ҳам урнак олиб иш тутганлар.

Чунончи, тилга олганимиз машҳур вазир Низомул мулк ўз даврида кўплаб мадрасалар қурдирган. Ҳар бир мадрасада ўнлаб, юзлаб илм толиблари ҳам диний, ҳам дунёвий соҳаларда билим олганлар. Мадрасаларда ҳам табиий-аниқ фанлар ҳам ижтимоий-диний билимлардан таҳсил олинган. Ўқувчиларга ойлик нафақа бериб борилиб, жой билан ҳам таъминланган, уларни ўз даврларининг етук олимлари ўқитганлар, илм толибларининг ихтиёрида кўп минг жилддан иборат кутубхоналар бўлган. Баъзи бир мадрасаларда ўқувчилар сони минглаб бўлганини биламиз. Масалан, Низомул мулк томонидан асос солинган Низомия мадрасаларидан бирида олти минг нафар талаба яшаб, таълим олгани маълум.

Илму маърифатга бўлган анъанавий жиддий эътибор салжуқийлар даврида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади ва буни юқорида таъкидланган ўнлаб мадрасаларнинг барпо қилиниши орқали ҳам билиб олишимиз мумкин. Аҳвол ҳакиқатан ҳам шундай бўлганини ўша замонда яшаган буюк олимлар, шоирлар фаолияти ҳам тасдиқлайди.

Баҳовиддин Абубакр Марвазий, Шарафиддин Тусий, Абулҳасан Али Марвазий, Умар Хайём, Музафар Исфизорий, Заҳириддин Ғазнавий каби ҳандасачилар, юлдузшунослар, риёзиётчилар, Муҳаммад Илоқий, саййид Исмоил Журжоний, Фахриддин Розий каби табиблар, кимёгарлар, Муъизий, Анварий, Собир Термизий, Асириддин Ахсикатий, Рафъий Марвазий каби йирик шоирлар шулар жумласидандир.

Одатдагидек, улар ўз замонларининг барча илмларидан хабардор бўлганлар. Масалан, Умар Хайёмни биз кўпроқ машҳур шоир, аниқроғи, тўртликлар устаси сифатида танйймиз. Ваҳоланки, у етук юлдузшунос ва риёзиётчи ҳам эди. Хайём иштирокида расадхона лойиҳаси чизилиб, сўнг бир йил ичида барпо этилган. Унда олиб борилган кузатишлар ва бошқа изланишлар натижасида 1097 йили Умар Хайём Султон Маликшоҳ топшириғига кўра янги тақвим (календарь) тузади. Унинг аниқлиги Григорий календаридан ҳам юқори бўлишига қарамай амалда жорий қилинмасдан қолиб кетган. Бундан ташқари математика тарихида сонлардан бутун мусбат илдиз топишнинг умумий қоидасини биринчи исботлаб берган ҳам Умар Хайёмдир.

Ё бўлмаса, кутубхоналар аҳволини олайлик. Билим ва маърифат тарқатишда, буюк аждодларимиз тарихий-маданий меросини сақлашда катта аҳамият касб этган бундай муассасалар салжуқийлар даврида бир талай эди. Тарихчи ва сайёҳ Ёқут Ҳамавий (1179—1229) Марвда бўлганида бу ерда ўнта йирик кутубхона борлигини кўрган. Мазкур кутубхоналарда сақланаётган китоблар қиммати ва сони жиҳатидан дунёда бирон-бир кутубхона унга тенг келолмайди, деб ёзганди тарихчи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top