Янгиликлар

БИЗДАН МЕҲР КУТИШАДИ

Муқаддас динимиз инсонларни бир-бирларига кўмак бериб, далда бўлишга чақиради. Айниқса, етим, ногирон, бемор, муҳтож кишиларни зиёрат қилиш, ҳолидан хабар олиб, яхши сўзлар билан кўнгилларини шод этишнинг савоби улуғдир. Агар митти қалб меҳрга ташна бўлса унинг кўнглига қувонч улашишнинг савоби беҳад зиёда.

Болажонларга қувонч бахш этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Мурувват” ногирон болалар 1-сон интернат уйида тадбир бўлиб ўтди. 

Мурувват уйига кирар эканмиз, бир қанча тарбияланувчилар бизни қувонч ила кутиб олдилар, эзгу тилаклари ёзилган, ўзлари ясаган эсдаликларини бизга тортиқ қилдилар. Унда қуйидагилар ёзилган эди: “Жаҳон чемпиони бўлай” – Ҳабибуллоҳ 15 ёш, “Юртимиз тинч бўлсин!” – Диёра 15 ёш, “Ҳамма соғлом бўлсин!” – Акбархон 14 ёш...

Тадбирни интернат уйи директори Азиза Жафарова ўзининг самимий тилаклари билан очиб берди:

 Азиза Тохиржоновна (Олмазор тумани “Мурувват” ногирон болалар 1-сон интернат уйи директори): “Мурувват уйимизда болажонларимиз қалбида уларга бўлган меҳрни, эътиборни ҳис этишлари, тенгдошлари югуриб, ўйнаб юрганларини кўриб, қалблари ўксимаслиги учун ташкил этилди. Фарзандларимизга Яратгандан шифо сўраб дуолар қиламиз. Барча болажонларимизга Аллоҳ шифо бериб, уларни ўйнаб, кулиб юрганларини кўришни насиб этсин”.

Болажонларни кўнглини кўтариш, уларга хурсандчилик бахш этиш учун Шайх Абдулазиз Мансур, шунингдек, юртимизнинг бир қатор ардоқли санъаткорлари ташриф буюриб, ўзларининг илиқ тилакларини изҳор этдилар:

Шайх Абдулазиз Мансур (Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари): “Инсонга бирор мусибат етса ёки баъзи армонлари бўлса, бунга сабру матонат билан, кўнглини чўктирмасдан, эзгу амаллар қилиш билан умрини ўтказса Аллоҳ таоло охиратда бу қийинчиликларнинг евазига жаннатга доҳил қилади. Зеро, бу дунёда Аллоҳнинг илми ва қудрати билан кимдир соғлом бўлиб, яна бошқаси эса баъзи касалликлар билан дунёга келади. Лекин ҳақиқий бахтли инсон шуки, ўзининг бошига етган барча синовларни Аллоҳнинг иродасидан деб билиб, шукр қилади ва шунга рози бўлади. Бундай инсонлардан Аллоҳ ҳам рози бўлиб, бу синовли дунёнинг имтиҳонидан яхши ўтганлигининг мукофоти сифатида ўзининг жаннатига киритади”, деб болажонларнинг қалбига бир олам қувончларни бахш этдилар.

Раъно Ярашева  (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист) “Яратганга беадад шукроналар бўлсин юртимиз тинч, фарзандаларимиз юзида табассум. Мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланган давлат бўлиш мақсади сари илгарилаб бормоқда. Хусусан, жаннатмакон ўлкамизда ёшларга қаратилаётган эътибор бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайди. Биз ташриф буюрган бу мурувват уйи бунинг яққол исботидир. Қаранг! Ҳар бир тарбияланувчи учун тайинлаб қўйилган алоҳида тарбиячиларни, уларни болажонларга кўрсатаётган меҳрини,  тун-у кун меҳрга ташна қалблар атрофида қанчалик парвона эканликларини кўриб, тасаннолар айтгинг келади. Ҳа, бежиз болажонлар ўз тарбиячиларини “ОНА” деб чақирмас эканлар. Чиндан ҳам, фарзанд учун онанинг меҳридан бўлак ўзга ҳеч нарса керак эмас, бола қалбини фақатгина она тушуна олади”.

Ярашади қанча айтсак шукроналар,

Осойишта, озод, обод замоналар.

Нега шукр қилмайлик гуллаб турса боғимиз,

Нега шукр қилмайлик тандир тўла нонимиз.

Нега шукр қилмайлик мусаффо осмонимиз,

Нега шукр қилмайлик тинч экан замонимиз.

Нега шукр қилмайлик бор экан имконимиз,

Нега шукр қилмайлик бор экан виждонимиз.

Теша Мўъминов (Ўзбекистон халқ артисти): “Азиз фарзандларим сиз нақадар бахтли инсонларсиз. Боиси, Ўзбекистон деган юртда дунёга келдингиз. Зотан, дунёнинг илм-фан, маданият, санъат ва бошқа барча соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшган, алломалари дунёга муаллимлик қилган диёримиз каби мамлакат дунёнинг ҳеч бир чеккасида топилмайди. Ҳеч бир соҳа йўқдирки, киндик қони бу заминда тўкилиб, инсоният тараққиётига ҳисса қўшмаган бирор аждодимиз ўтган бўлса. Биргина мисол, дунёнинг қайси бир бурчагига бориб, “Бухорий” юртиданман десангиз, сизни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳадисларини изма-из юриб бизга мерос қолдирган улуғ аллома юртидан келибди, деб зиёрат қилишади.

Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий каби буюк алломаларимизнинг рўйхатини тугатишнинг иложи йўқ. Сиз ана шундай инсоният тараққиётига ҳисса қўшган буюклар, азиз авлиёларнинг давомчиларисиз”.

Мен сизга бу олам чиройин берай,

Фалакнинг юлдузин ҳам ойин берай.

Шу ўлка коинот саройин берай,

Жами шодликларни сизга ҳадя қилай.

Бунинг евазига бахтли бўлсангиз бас,

Бошқа ҳеч нарса керак эмас.

Миролим Қиличов (Ўзбек Миллий драма театри актёри, “Шуҳрат” медали соҳиби): “Инсон бу дунёда ҳамма нарсадан тўйиши мумкин. Бойликка ҳам, шон-шуҳратга ҳам. Аллоҳ кечирсин, ҳатто, бу ҳаётга ҳам тўяр экан. Лекин инсон фақат битта нарсага тўймас. Инсон “МЕҲР”га тўймас экан! Мана шу меҳр-муҳаббат, оқибат бизнинг халқимизнинг қон-қонига, онгу-шуурига сингиб кетган олий фазилатлардандир. Мана шундай меҳрли, оқибатли аждодларнинг, халқнинг авлоди эканмиз уларга муносиб авлод бўлайлик, фарзандларимизга меҳр қўлларини узатайлик”.

Тилагимиз шу ўчмасин ёнган чироғингиз,

Мудом порлаб турсин чашма қароғингиз.

Агар чинор бўлсангиз чинор бўлиб яшанг,

Бевақт узилмасин бирор япроғингиз.

Тақдирнинг аччиқ қисматига рози бўлиб яшаётган бу ногирон болакайлар Она Ватан меҳридан, халқимизнинг мурувватидан баҳраманд эканликларини кўриб кўнглинг таскин топади. Уларнинг табассум этаётган юзларига қараб дилинг ёришади.

Биз ҳам ногирон, меҳрга муҳтож ёки мурувват уйларидаги фарзандларимиз кўнглига оз бўлсада тасалли бериш йўлида туну кун ҳаракат қилаётган юртдошларимизга елкадош, дилдош, биродар бўлайлик. Зеро, шу азиз Ватан барчамизники. Ватан келажаги эса унда вояга етаётган ҳар бир ёш авлодга боғлиқдир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ

суратга олди.

3928 марта ўқилди

Янгиликлар

Top