Тошкент ислом институти устоз ва талабалари ўз ихтисослигига оид билимлар билан бир қаторда доимий равишда бадиий, илмий, сиёсий, тарихий ва бошқа соҳаларда ҳам замон билан ҳамнафас ҳолда билимларини ошириб келмоқдалар. Бу эса китобсиз бўлмайди, албатта. Зеро, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақлнинг чироғи, билим манбаи ва беминнат устоздир.
Инсон доим тафаккур қилиши ва маърифатга интилиши лозим. Шундагина унда маънавият ҳосил бўлади. Зеро, ота-боболаримиз шу йўлдан борганлар. Биз ҳам уларга муносиб авлод бўлиш учун уларнинг севимли машғулоти бўлмиш китоб мутолаасини канда қилмаслигимиз зарур.
Ҳозирда техника тараққиёти туфайли электрон китоблар, интернет сайтларидан ҳам уларнинг аудио вариантларини топиш имкони мавжуд. Бироқ, техника барибир беминнат китобнинг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун ҳам китоб инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси ва устози ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан институтда ҳар ойда китоб савдо кўргазмаси ташкил этиш йўлга қўйилган. Мазкур анъанага мувофиқ институт устоз ва талабаларининг диний-маърифий, маънавий ва бадиий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2016 йил 14 октябрь куни “Ғафур Ғулом” номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида ташкил этилган китоб савдо кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада институтнинг устоз ва талабалари иштирок этдилар.
“Ғафур Ғулом” нашриёти савдо тармоғи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 130 номдаги 800 дона сиёсий, бадиий, илмий, ҳажвий, жаҳон адабиёти, тарих, юридик китоблар, диний-маърифий адабиётлар, мактаб адабиёти хрестоматияси, болалар адабиёти, Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари тўплами, инглиз, рус ва ўзбек тили луғат китоблари, психологияга оид китоблар, шеърий китоблар, нашриётимиз хазинаси ҳамда “Ғазал соғинчи” рукни остидаги китобларни тақдим қилди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими