Москва шаҳрида бўлиб ўтган “МДҲ 25 йил ичида: ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва ривожланиш” мавзуидаги форумда Халқаро ислом миссияси раҳбари Шафиг Пшихачев сўзга чиқиб, бугунги кунда ислом оламида, хусусан, Яқин Шарқ минтақасида бўлаётган воқеалар тўғрисида тўхталиб ўтди.
У ўз нутқида, бугунги кунда террорчилар турли йўллар ва усуллар билан, айниқса, интернет орқали ёшларни тўғри йўлдан адаштираётганини алоҳида таъкидлади. Бугунги таҳликали даврда, асосан, ёшларга Ислом динининг моҳиятини тўғри тушунтириш кераклигини айтиб, бунда олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида таҳсил олган соҳа ходимлари жонбозлик кўрсатишлари кераклигини уқтирди.
Шуниндек, Халқаро ислом миссияси раҳбари ўз нутқи давомида бир неча асрдан буён соф ислом маърифатини тарқатиб келаётган зиё ва маърифат маскани бўлмиш Ўзбекистондаги “Мир Араб” мадрасаси, унинг ўрни ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталди. У бугунги кунда Ўзбекистонда олий ва ўрта-махсус ислом билим юртларида таълим жараёни яхши йўлга қўйилгани, таълим жараёнидаги ўрганадиган ва тажрибада қўллайдиган жиҳатлар кўп эканини таъкидлаб, шундай деди: “Биз талабаларимизни Ўзбекистондаги диний билим юртларига таълим олишга юборишимиз керак. Ёшларимиз ўзгача муҳит ва манзарага эга бўлган – қадимий "Мир Араб" мадрасаси ва Тошкентдаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида таҳсил олишлари керак. Бу биз учун жуда ҳам муҳимдир”.
Ҳақиқатан ҳам юртимиздаги диний таълим тизими истиқлол йилларида ибрат олса арзийдиган даражага кўтарилди. Бу фикрни юқорида таъкидланганидек, хорижий мутахассислар эътирофи ҳам тасдиқламоқда.
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади.
Янгиликлар
Ўзбекистон диний таълим тизими юксак баҳоланди
- muslim.uz
- - Нояб 11, 2016