Янгиликлар

Олий ўқув юртларининг энг фаол маънавият тарғиботчилари аниқланди

Олий ўқув юртларининг энг фаол маънавият тарғиботчилари аниқланди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловининг олий ўқув юртлари ўртасидаги якуний босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида юртимизда миллий маънавиятимизни тиклаш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади.

Танловни ўтказишдан мақсад маънавиятимизнинг қадимий илдизлари, ноёб ва бетакрор намуналари, бугунги кундаги ривожланиш тамойиллари ҳақида аниқ мақсадга қаратилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдан иборат.

“Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг олий таълим муассасалари босқичида ҳам педагог кадрларнинг бу йўналишдаги илғор иш услуби ва тажрибаси, маънавий-маърифий ишларни ёшларнинг қалби ва онгига етиб борадиган, таъсирчан усулда олиб боришига эътибор қаратилди. Кўрик-таловнинг биринчи босқичида 665 дан ортиқ, иккинчи босқичида 74 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда маънавий-маърифий соҳа вакили қатнашган бўлса, якуний босқичда 14 иштирокчи ўзаро беллашди.

Танловнинг якуний босқичида иштирокчиларнинг талабалар ўртасида олиб бораётган маънавий-ахлоқий ишларининг самарадорлиги, бунда илғор ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси, ўзи меҳнат қилаётган таълим масканида оила ва маҳалла ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга оид ишлари атрофлича таҳлил этилди.

Тошкент Ислом университети катта ўқитувчиси Саидафзал Саиджалолов биринчи ўринга лойиқ топилди. Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Элёр Раҳматовга иккинчи, Фарғона давлат университети ўқитувчиси Муҳаммаджон Абдуҳамидовга учинчи ўрин насиб этди.

– Бугунги тезкор давр маънавият тарғиботчисидан ҳамиша ҳушёрлик ва огоҳликни, замон билан ҳамқадам, ёшлар билан ҳамфикр бўлишни талаб этмоқда, – дейди танлов ғолиби Саидафзал Саиджалолов. – Иш жараёнида талабаларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ота-оналар, маҳалла фаолларини кенг жалб этган ҳолда атоқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари билан учрашувлар, ёшларнинг билимини бойитишга қаратилган ижодий кўрик-танловлар, викториналар ўтказиш яхши анъанага айланган.

Моҳигул Қосимова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

5167 марта ўқилди

Янгиликлар

Top