muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2774-сонли қарорига асосан ташкил этилган.

Жорий йил 30 ноябрь куни ZOOM платформаси орқали Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва вилоят, шаҳар-туман бош имомлари ҳамда уламолар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда марҳум манбашунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов домла бошлаган ишларни давом эттириш, Марказга қуйилган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Марказ директори лавозимига юқори малакали ва салоҳиятли номзодни тайинлаш кун тартибидаги асосий вазифа этиб белгиланди.

✅Шу вақтга қадар Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори лавозимида фаолият олиб бораётган Умаров Шукурилло Хурсандмуродович Марказ директори лавозимига тайинланди.
Сўзга чиққанлар томонидан якунига етиб бораётган 2020 йилда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, унинг фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, келгусида Марказ фаолиятни янада такомиллаштириш, турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш борасида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Мўйноқ туманини ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Орол муаммосини салбий тасирини юмшатиш ва бошқа бир қатор ишларни амалга ошириш  бўйича топшириқлар берилган эди.

Мўйноқ шаҳри янгидан қурилмоқда, шаҳар экологик муаммоли даврларни енгиб ўтиш билан бирга замонавий кўринишга эга бўлмоқда. Шаҳар тарихидаги янги даврни тўла намоён этадиган типдаги иморатлар қурилиб, шаҳар кўркига кўрк кўшмоқда.

Юртбошимизнинг топшириғи билан диний таълим тизими ривожланиб, илмий-ўқув марказлари сони ва сифати ортмоқда. Жумладан, Бухорода «Мир араб олий мадрасаси», Самарқандда Имом Бухорий илмий марказида «Ҳадисшунослик» мактаби, Имом Мотурудий маркази ёнида «Калом» илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида «Ислом ҳуқуқи» мактаби, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд марказида «Тасаввуф», Қашқадарёда Абу Мўъин Насафий марказида «Ақида» илми мактаблари фаъолият кўрсата бошлади.

Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, Мўйноқ туманидаги ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшиш мақсадида тумандаги “Тўқмоқ ота” жоме масжиди иморатини қайта қуриш ишлари бошланган эди.

Жорий йилнинг 27-ноябрь куни “Тўқмоқ ота” жоме масжидининг янги иморатини очиш маросими бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғы Кенгеси Бошлиғи М.Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Е.Дурдиев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов, имом-хатиблар, туман фаъоллари ва нуронийлар иштирок этди.

Масжид қуриш қанчалик савобли иш эканлиги барча учун маълум. Қурилиш ишлари 2019-йил апрель ойида бошланди. Саҳоватли инсонларнинг кўмаги билан бир ярим йилда қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Тадбир давомида масжиднинг қурилиш-ремонт ва ободонлаштириш ишларида яқиндан ёрдам берган қурувчиларга Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан ташаккур билдирилди ва биринчи жума намози ўқилди.  

Аллоҳ таоло «Тўқмоқ ота» жоме масжиди қурилиш ишларида қўл кўмагини берган, молиявий ёрдам берган барча инсонлардан Ўзи рози бўлсин.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти.

 

 

28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамиловнинг Қашқадарё вилоятига хизмат сафарлари давом этди. Мутасаддиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Усмонов ҳамроҳлик қилмоқда.
Бугун дастлаб имом-хатиблар билан мулоқот ўтказилди. Унда муфтий ҳазратлари ҳозирги мураккаб давр ва синовли кунларда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифаларни баён этдилар. Жумладан, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш ва оғир кунларда аҳолига кўмакчи бўлиш, иш фаолиятни замон талаблари даражасида олиб бориш зарурлиги ва ўз устиларида тинимсиз ишлаш кераклиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, мулоқотда сўзга чиққанлар томонидан тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ва камчиликлар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, иш фаолиятни янада такомиллаштириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ҳамда шукроналик ҳисси билан яшаш тўғрисида кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини олиб бориш каби йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
“Вақф” хайрия жамоат фондининг янги раҳбари Яҳё Абдураҳмонов имом-хатибларга таништирилди ва келгусида ҳамкорликда ишлаш юзасидан йўналишлар берилди.
Қашқадарё вилояти сафари давом этмоқда.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан юртимизнинг чекка ҳудудларидаги масжидларни таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу хайрли ишларда саховатпеша ҳамюртларимиз имконият доирасида ҳомийлик қилмоқда. Ушбу кўмаклар билан масжидлар барпо этилиб, намозхонлар учун шароитлар муҳайё қилинмоқда.
Мана шундай жомелардан Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” ва Навоий вилояти Нурота туманидаги “Чуя” қишлоғида янги қад ростлаётган масжидларидир. Ҳозирда ушбу масжидларда ташқи ва ички пардозлаш ва безак бериш ишлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонларидан ушбу жомеларни аҳоли учун энг қулай бўлган ҳудудда қуриш юзасидан муҳим тавсиялар берилган эди. Шунга мос равишда мазкур жоме масжидларни маҳаллий аҳоли учун энг қулай минтақада бунёд этиш ишлари бошланган ва айни кунларда ҳам давом эттирилмоқда.
Ўтган куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Навоий вилояти Нурота туманидаги “Чуя” жоме масжидига 6 тонна ички ва ташқи сувоқ хом-ашёлари, 20 литрли 45 дона сувоқ-бўёқлари, Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжидига 3 тонна ички ва ташқи сувоқ хом-ашёлари, 20 литрли 25 дона сувоқ-бўёқлари каби қурилиш материаллари жўнатилди.
Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча инсонларнинг ҳақига дуо хайрлар қилинди. Жумладан, масжид барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшаётган инсонлар, қурувчи-муҳандислар, саховатпеша кишилар ва жой ажратиб берган мурувватли инсонларнинг ҳақларига кўпдан-кўп дуолар қилинди.
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимиз масжидлар биносини янгидан барпо этиш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.
Олийҳиммат инсонларимиз сабаб диёримиздаги масжидлар мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам бўлмоқда, хонақоҳлари кенг ва ёруғ қилинмоқда, атрофлари обод ва кўркам этилмоқда ҳамда қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
Аллоҳ таоло мана шундай жомеларни халқимизга муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

26 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятига сафарлари давомида масжидлар қавмлари, мўйсафид отахонлар ва кенг аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқдалар.
Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Офтобмакон” маҳалласида ўтказилган ана шундай мулоқотларга муҳтарам Президентимизнинг Афв фармонлари асосида озодликка чиққан бир гуруҳ фуқаролар ҳам таклиф этилди.
Мулоқотда бугун халқимизга хос кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларидан келиб чиқиб, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилаётгани ва уларни ҳаётда ўз ўрниларини топишда кўмак берилаётганини билдирдилар.
Дарҳақиқат, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, билиб-билмай жиноят содир этган, танлаган йўлини хато эканини англаб тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар Давлатимиз Раҳбари томонидан афв этилаёгани ҳақиқий олижаноблик намунаси бўлмоқда.
Мамлакатимизда афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.
Бунинг ижобий самараси ўлароқ, уларнинг аксарияти ҳаётда ўз ўрнини топди, кимдир тадбиркорлик, кимдир, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланмоқда, яна кимлардир давлат ва жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилмоқда.
Ушбу ўтказилган суҳбатларда сурхондарёлик мана шундай фуқаролар муҳтарам Президентимизга, халқимизга ўз миннатдорлигини билдириб, ҳалол меҳнат қилиб, мамлакат ривожига ўз ҳиссаларини қўшаётганларини сўзлаб бердилар.
Фараз қилиш керакки, Президент фармони билан афв этилган инсонлар ўз уйларига кириб борар эканлар, уларнинг яқинлари, айниқса, фарзандлари кўзларидаги чексиз қувончни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз Раҳбарининг афв этиш тўғрисидаги фармонлари қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top