Ўзбекистон янгиликлари

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2774-сонли қарорига асосан ташкил этилган.

Жорий йил 30 ноябрь куни ZOOM платформаси орқали Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва вилоят, шаҳар-туман бош имомлари ҳамда уламолар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда марҳум манбашунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов домла бошлаган ишларни давом эттириш, Марказга қуйилган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Марказ директори лавозимига юқори малакали ва салоҳиятли номзодни тайинлаш кун тартибидаги асосий вазифа этиб белгиланди.

✅Шу вақтга қадар Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори лавозимида фаолият олиб бораётган Умаров Шукурилло Хурсандмуродович Марказ директори лавозимига тайинланди.
Сўзга чиққанлар томонидан якунига етиб бораётган 2020 йилда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, унинг фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, келгусида Марказ фаолиятни янада такомиллаштириш, турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш борасида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1902 марта ўқилди

Янгиликлар

Top